Аввалроқ, фуқаролар мурожаатларини ўрганиш жараёнида Андижон шаҳар халқ депутатлари кенгаши котибияти мудири Раҳим Собировичнинг ўғли томонидан Effect.uz журналистларига босим ўтказилиб калтаклангани хақида хабар берган эдик.

Журналист Аброр Эшонхонов маълумот бериб, мухбирларнинг телефонларигача синдириб ташлангани хақида хабар қилди ва бу бўйича гувоҳларнинг изоҳларини келтирди.

Кейинчалик ушбу ҳолат бўйича Бош прокуратура  муносабат билдириб,  иш Андижон вилояти прокуратураси томонидан ўрганилаётганлигини ҳамда воқеа иштирокчиларининг ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо берилиши таъминланишини маълум қилгани хақида хабар берган эдик.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси журналистларнинг калтакланиши бўйича баёнот бериб, ҳолатни қоралади:

«Қайд этиш жоизки, Ўзбекистон Республикасининг «Журналистлик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги, «Оммавий ахборот воситалари тўғрисида»ги қонунларида журналистнинг ўз фаолиятини амалга ошириш чоғида шахс дахлсизлиги кафолатланган, журналистнинг қонунда белгиланган ҳуқуқларини бузганлик, унинг ҳаёти, соғлиғи ва мол-мулкига таҳдид, зўравонлик ёки тажовуз қилганлик қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлиши белгиланган.

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси мазкур ҳолатни амалга оширган шахслар хатти-ҳаракатларига муносиб ҳуқуқий баҳо берилишига ва тегишли чоралар кўрилишига ишонади ҳамда Бош прокуратурадан ишни ўз назоратига олишини сўрайди.

Шунингдек, Андижон шаҳар ҳокимлигидан айни вазият юзасидан тезкор муносабат билдиришни ҳамда хизмат текшируви ўтказишни сўрайди», – дейилади муносабатда.

Уюшма шунга ўхшаш ҳолатлар сўз ва матбуот эркинлигини таъминлаш, журналистларнинг эркин фаолият кўрсатиши борасидаги янгича очиқлик сиёсатига зид ҳисобланишини эслатиб ўтган.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *