Сўнгги вақтларда журналистларнинг ўз фаолиятини амалга оширишда тўсқинликка учраши, калтакланиши ёки техник воситалари шикастланиши билан боғлиқ воқеалар тез-тез учрамоқда, дея ёзади депутат Расул Кушербаев.

Афсуски бу айрим мансабдорларнинг очиқлик сиёсатига тоқатсизлигини билдирса, баъзи ҳолларда жамоатчилик фаоллари, фуқароларнинг маданий жамият қоидалари билан яшашдан ортда қолаётганлигини кўрсатмоқда, дея қўшимча қилган Кушербаев.

Савол: журналистга касб фаолияти билан боғлиқ жараёнда ҳалақит бериш, босим ўтказиш, калтаклаш, таъқиб қилганлик учун қонунчиликда қандай жазо белгиланган?

Россия Федерацияси Жиноят кодексида журналистнинг қонуний фаолиятини олиб боришга ҳалақит бериш, ахборотни тарқатиш ёки тарқатмасликка мажбурлаганлик учун – жаримадан тортиб бир йилгача мажбурий жамоат ишларига жалб этиш белгиланган.

Агар бундай ҳаракат ўз хизмат лавозимидан фойдаланган ҳолда амалга оширилса – икки йилгача мажбурий жамоат ишларига жалб этиш ва уч йилгача мансаб лавозимида ишламаслик билан жазоланади. Агар ҳолат журналист ёки унинг яқинларини қийноққа солиш, мулкига зарар етказиш йўли билан бўлса – олти йилгача озодликдан маҳрум этиш билан жазоланади.

Қозоғистон Республикаси Жиноят кодексида журналистнинг қонуний фаолиятини олиб боришга ҳалақит бериш, ахборотни тарқатиш ёки тарқатмасликка мажбурлаш, ахборотни тарқатмаслик учун ноқулайлик яратганлик учун – жарима жазосидан тортиб қирқ беш суткага қадар қамоқ жазоси белгиланган.

Агар бундай ҳаракат ўз хизмат лавозимидан фойдаланган ҳолда журналист ва унинг яқинларини қийнаш, қўрқитиш, мулкига зарар етказиш ёки йўқ қилиш йўли билан амалга оширилса – икки йилгача озодликдан маҳрум этиш ва уч йилгача мансаб лавомини эгалламаслик билан билан жазоланади.

Белорусь Республикаси Жиноят кодексида журналистнинг қонуний фаолиятини олиб боришига ҳалақит бериш, ахборотни тарқатиш ёки тарқатмасликка мажбурлаш, қўрқитиш, мулкига зарар етказиш, йўқотиш, қонуний ҳуқуқ ва манфаатларига путур етказганлик учун – уч йилгача озодликдан маҳрум этиш белгиланган.

Ўзбекистон қонунчилигида айнан журналистлик фаолиятни олиб боришда журналистга ҳалақит бериш, таъқиб қилиш, босим ўтказиш ёки мулкига шикаст етказиш каби ҳолатлар учун алоҳида жазо белгиланмаган. Бироқ жисмоний шахс сифатида унга тан жароҳати етказиш, мулкини шикастлаш каби ҳолатлар учун умумий тартибда жазо чоралари мавжуд.

Бўлаётган ҳолатлардан келиб чиқиб айтилса, жамоатчиликнинг таклифларини инобатга олган ҳолда, айнан юқоридаги каби ҳолатлар учун ушбу бўшлиқни тўлдириб, Ўзбекистон қонунчилигида журналистлик фаолиятни амалга оширишга ҳалақит бериш, таъқиб қилиш, мулкига зарар етказиш ва ҳар қандай йўл билан босим ўтказганлик учун алоҳида жазо чорасини белгилаш зарур, назаримизда.

Эслатиб ўтамиз, кеча 7 июнь куни Андижон шаҳар ҳокимлигида Effect.uz ахборот агентлигининг икки журналисти калтакланди ва бир дона телефон аппарати синдириб юборилди.

Бош прокуратура мазкур ҳолат Андижон вилоят прокуратураси томонидан ўрганилаётганини маълум қилди.

“Effect.uz ахборот агентлиги журналистлари Андижонда калтакланганлиги ҳолати Андижон вилояти прокуратураси томонидан ўрганилмоқда. Воқеа иштирокчиларининг ҳаркатларига ҳуқуқий баҳо берилиши таъминланади”, дейилади Бош прокуратура хабарида.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *