1 июнь – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни  муносабати билан Қашқадарё вилояти ҳокими Зойир Мирзаев табрик йўллади:

“Доно ўғил-қизларим, оқил фарзандларим!

1 июнь – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни билан барчангизни муборакбод этаман.

Биз бори эзгуликнинг энг азизини фарзандига илиниб, уларга тортиғ этадиган ва бундан роҳатланадиган халқмиз. Ўниб-ўсиб келаётган ўғил-қизларимизнинг ҳаётда муносиб яшаши, истеъдод ва қобилиятларини ривожлантириши, Ўзбекистоннинг зукко фарзанди эканини ҳар қадамда намоён этиши учун бор куч, имкониятлар сафарбар этилади. Давлатимиз раҳбари таъкидлаганлари каби: Биз ўз олдимизга мамлакатимизда Учинчи Ренессанс пойдеворини барпо этишдек улуғ мақсадни қўйган эканмиз, бунинг учун янги Хоразмийлар, Берунийлар, Ибн Синолар, Улуғбеклар, Навоий ва Бобурларни тарбиялаб берадиган муҳит ва шароитларни яратишимиз керак.

Буюк аждодларга муносиб издош бўлиб, билим, талабчанлик билан юқори марраларни эгаллаётган фарзандларимиз билан биз ҳамиша фахрланамиз. Пандемия бўлишига қарамай, синовли кунларни қатъият билан енгиб, турли танловларда иштирок этаётган ва олқиш олаётган доно ўғил-қизларимизнинг ақлу закосига тасанно дея, ота-оналарига алоҳида миннатдорчилик билдирамиз. Таълимда узилишлар бўлмаслиги учун таътил кунларини мароқли ташкил этиш, таълим тарбияни ривожлантириш, муносиб шарт-шароит яратиш йўлида камарбаста эканимизни алоҳида айтиб ўтмоқчиман.

Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни арафасида бир саволга жавоб изладим. Биз болаларни нимадан ҳимоя қилишимиз керак?

Бобо, бувилар, ота-оналар, таълим-тарбия ишига камарбаста бўлган азиз инсонлар билан биргаликда болажонларимизни турли ёвузликлардан, тазйиқ, босим ва муҳими фикрсизликдан ҳимоя қилишимиз шарт! Ҳар бир қалбда яшаётган етукликни вақтида илғаб, уни бўй кўрсатишида ҳамиша масъул эканимизни айтмоқчиман.

Ҳаётимиз қувончи, оилалар шодлиги, ота-оналаршодумонлиги, халқимизнинг истиқболи сиз билан! Ҳамиша қувониб, бахтдан сурурланиб яшанг. Биз сизни яхши кўрамиз!
Байрамингиз муборак, дилбандларим!” – дейилади табрикда.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован.