Хабарингиз бор жорий йилнинг 17 май куни ЎзЛиДеП Андижон шаҳар кенгаши депутати Шуҳрат Каримов даҳлсизлигидан ечилди. Очиқ сессияда ҳуқуқ – тартибот органлари томонидан депутатлар тинтув қилинаётганлиги акс этган суратлар ижтимоий тармоқларда кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлди.

Шуҳрат Каримов

Бу ҳам етмаганидек, депутатнинг даҳлсизлик ҳуқуқини ечиш бўйича тақдимнома киритган Андижон шаҳар (эндиликда собиқ прокурор деб юритилади) прокурори Қурбонали Асқаров ўз аризасига кўра, лавозимидан озод этилганлиги жамоат вакилларининг шубҳаларини янада орттириб юборди.

Қурбонали Асқаров

Олий Мажлис Қонунунчилик палатаси депутати Расул Кушербаев ушбу воқеаларга ўз муносабатини билдириб, Effect.uz мухбирига эксклюзив интервью берди.

Очиқ сессияда депутатлар тинтув қилинаётганлиги акс этган расмлар ижтимоий тармоқларда тарқалиб кетди, Ушбу ҳолатга муносабатингиз…

Очиқ сессия ҳеч қандай тўсиқларсиз ўтказилади ва овоз ёзиш воситаларини  олиб киради деб депутатларни тинтув қилиш жуда нотўғри.  Депутат даҳлсиз. У омманинг одами. Ўша ерда қонун бузилиш ҳоллари кузатилган.  Бу ҳолатга нисбатан ҳуқуқ тартибот органлари бир томонлама ёндашган  деб ҳисоблайман.  Бундан кейин бу каби ҳолатларга йўл қўймаслик керак.  Якунда бунга ҳуқуқий баҳо берилади деб ўйлайман.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва ЎзЛиДеП бунга қандай муносабат билдириши кутилмоқда?

Олий Мажлис бунга қандай муносабат билдиради ёки йўқ, бу менга қоронғу аммо ҳар бир кенгашнинг ўз ҳуқуқлари, ваколатлари бор. Масалан халқ депутатлари Андижон шаҳар кенгашининг ҳам ўз ваколатлари бор.  Бу бўйича тегишли органларга чиқиб, ҳуқуқий баҳо сўраш ваколатига эга бўлиб, Олий Мажлис қайсидир кенгашларнинг доимий ҳуқуқини ҳимоя қилиб келадиган орган эмас.  Лекин, биз ҳам бу ишлар нотўғри бўлганлигини ўз муносабатларимиз орқали етказдик.  Кўпроқ маҳаллий кенгашлар билан Сенат ишлайди. Лекин у ҳам тўғридан-тўғри ҳуқуқий баҳо берадиган орган эмас.  ЎзЛиДеПга келсак,  ҳали масалага тўлиқ ойдинлик киритилмаганлиги туфайли у ёки бу деб ўртага гап ташланадиган бўлса, бу партиянинг ўзи томонидан  қўйилган нотўғри қадам бўлиб қолиши мумкин.  Негаки, қонунчиликка кўра, тергов холис, шаффоф ва ҳеч қандай таъсирларсиз ўтказилиши керак.

Битта партия вакиллари бир-бирига қарши овоз бериши мумкинми?

Агар ҳақиқатан ҳам қонун бузилиши ҳолатлари ёки шунга ишора қилувчи аломатлар кўринса,  у қайси партияда бўлишидан қатъи назар депутат  ўзи  қарор қабул қилиб овоз бериши мумкин. Бу ерда партиявийликка қаралмайди. Яна бир гап, даҳлсизлиги ечилган депутат ҳақида ҳали ҳеч нарса исботланмади. Терговда айбловлар ўз исботини топмаслиги ҳам мумкин. ЎзЛиДеП вакиллари қарши овоз берганига келсак, бу дегани депутат ҳар доим битта позицияда туриши керак дегани эмас-ку. Яъники, ҳар-бир депутатнинг ўзига ҳуқуқ сифатида бериляпти овоз бериш ёки бермаслик. Аммо яна бир бор айтаман, нима учун депутатлар тинтув қилинган, нимага бунчалик хавфсирашди ўша ердаги масалалар ошкор бўлишидан деган саволлар орқали бизда ҳақли эътирозлар пайдо бўлди.

Даҳлсизлик ҳуқуқи ечилганидан сўнг қайта тикланиши мумкинми?

Агар депутатнинг айбсизлиги тўлиқ исботланса, даҳлсизлик ҳуқуқи қайта тикланади.

Андижон шаҳар прокурори (эндиликда собиқ прокурор деб юритилади) ўз аризасига кўра истеъфо берди.  Ушбу ҳолат сизга шубҳали туюлмаяптими?

 Шубҳа уйғотиши мумкин. Мендаям шубҳа бўлди. Бироқ, расмий равишда Бош прокуратура бу истеъфо юқоридаги ҳолатлар билан боғлиқ эмаслиги тўғрисида маълумотлар берди.  Биз билганимиз шуки, у ўз вазифасидан озод этилди. Бу ерда бошқа гап йўқ!

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *