Коррупция иқтисодиёт ривожи, чинакам қулай тадбиркорлик ва инвестиция муҳити учун энг асосий тўсиқлардан биридир. Таҳлилларга кўра, бу иллат жаҳон иқтисодиётига ҳар йили ўртача 2,8 триллион доллар зарар келтиради.

Нималар бўляпти ўзи? Охирги вақтлар Ўзбекистонда “у амалдор пора билан ушланди”, “буниси қўлга тушди” – деган гаплар бутун вужудимизга сингиб кетганидан, гўёки, одатий ҳол сифатида қабул қилиб, чарчаганимиздан парво ҳам қилмайдиган даражага келиб қолганимиз  айни ҳақиқат.

“Давлат хавфсизлик хизмати ва прокуратура ходимлари Наманган вилояти қишлоқ хўжалиги бошқармаси мансабдори ва Янгиқўрғон тумани ҳокими ўринбосарини 10 минг, Жиззах шаҳар ҳокимининг молия, иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш бўйича биринчи ўринбосари – шаҳар иқтисодий тараққиёт вa камбағалликни қисқартириш бўлими бошлиғи вазифасини бажарувчиси 2 минг, Тошкент шаҳар Юнусобод тумани солиқ инспекциясининг катта инспектори 3500 доллар пора олган вақтида қўлга олинди!” – Интернетда бундай хабарлар деярли ҳар куни “болалаяпти”.

Наҳот, янги Ўзбекистонда туғруқхонадан-қабристонгача коррупция бўлса?! Олиб борилаётган ислоҳотларга “зарба” бераётганлар кимлар? Президент сиёсатига қарши чиқаётганлар-чи? Шахсан мен, ойлигига қаноатланмай, амалу-мансабини суиистеъмол қилиб, жиғилдонини ўйлаб, мана шундай жирканч иллатга қўл ураётганларни Ўзбекистон “ХОИН”лари деб биламан.

2020. Даҳшатли рақамлар…

Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги маълумотларига кўра, 2020 йилнинг 9 ойи таҳлил қилинганда, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан жами коррупция ҳолатлари юзасидан 838 та жиноят ишлари қўзғатилган бўлиб, шундан судларга юборилган 454 та жиноят ишлари бўйича 647 нафар мансабдор шахс жиноий жавобгарликка тортилган. Коррупцион ҳуқуқбузарликлар содир этган мансабдор шахсларнинг энг катта қисми, яъни 261 нафар шахс (40,3%) ни ЖК нинг 167 моддасида кўрсатилган жиноятларни содир этган мансабдор шахслар ташкил қилган.

Шунингдек, ЖК нинг 168 моддаси билан 116 нафар шахс,  184 моддаси билан 68 нафар шахс, 210 моддаси билан 56 нафар шахс, 205 моддаси билан 24 нафар шахс, 206 моддаси билан 9 нафар шахс, 207 моддаси билан 15 нафар шахс, 209 моддаси билан 7 нафар шахс жиноий жавобгарликка тортилган. Жиноий жавобгарликка тортилган мансабдор шахсларнинг 4 нафари республика миқёсидаги, 15 нафари вилоят миқёсидаги 626 нафар шаҳар-туман миқёсидаги мансабдор шахсларни ташкил қилади.

Жиноий жавобгарликка тортилган мансабдор шахслар фаолият юритган соҳалар кесими бўйича таҳлил натижалари кўра, 7 нафар ҳоким ўринбосарлари, 1 нафар прокуратура тизими, 1 нафар Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти, 13 нафар Мажбурий ижро бюроси, 1 нафар адлия тизими, 59 нафар ИИВ, 6 нафар ДСҚ, 1 нафар божхона тизими, 2 нафар Миллий гвардия, 3 нафар Мудофаа вазирлиги, 57 нафар Соғлиқни сақлаш вазирлиги,  8 нафар Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, 15 нафар Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, 89 нафар Халқ таълими вазирлиги, 36 нафар Мактабгача таълим вазирлиги, 34 нафар тижорат банклари раҳбар ходимлари, 184 нафар уставида давлат улуши мавжуд бўлмаган хўжалик юритувчи субъектларнинг раҳбарлари жиноий жавобгарликка тортилган.

2020 йилнинг 9 ойи давомида коррупцион жиноятлар оқибатида давлатга жами 200 миллард сўмдан ортиқ моддий зарар етказилган.

2020 йил июль ойида катта порахўрликка чек қўйилди. Тошкент вилояти Янгийўл туманида майор унвонидаги ички ишлар ходими 50 минг АҚШ доллари миқдорида пора олаётганда ушланди.

Амалдорлар томонидан 2020 йил март – октябрь ойларида умумий ҳисобда 1,5 млн доллардан кўп пора олинган. Энди пора билан ушланганлар рўйхатини келтирамиз:

– Қибрай тумани ҳокими ўринбосари. У  2020 йил, 11 июнда қўлга олинган. Ҳоким ўринбосари 9 гектар ерни 60 минг доллар эвазига олиб бермоқчи бўлган. Мансабдор айтилган пулнинг 35 минг долларини олаётганда ушланган.

– Пойтахт ҳокимлиги капитал таъмирлаш бошқармаси раҳбари ўринбосари. 2020 йил  25 июнь куни ушланган. У Чилонзор тумани инвестиция ва ташқи савдо бошқармаси раҳбарига тумандаги 1 гектар ерни 1,4 млн долларга сотмоқчи бўлган.

– Марҳамат тумани ҳокими ёрдамчиси. 2020 йил,  сентябрь ойида ушланган. У 11 гектар ерни 29 минг долларга сотаётганда қўлга олинган.

– Бувайда тумани ҳокимининг биринчи ўринбосари. 2020 йилнинг октябрь ойида қўлга олинган. У ЭИЗдаги 50 сотих ерни 20 минг долларга сотмоқчи бўлган.

– Оққўрғон тумани ҳокими ўринбосари ва кадастр бошқармаси раҳбари. 2020 йил, 18 мартда қўлга олинган. Улар тумандаги 1,5 гектар ерни 1500 долларга сотаётган вақтда қўлга олинган.

– Бўстонлиқ тумани ҳокими ўринбосари. 2020 йил, октябрь ойида қўлга олинган. У тумандаги 5 сотих ерни 25 минг долларга пуллаётганда ушланган.

Ўзбекистонда 2019—2020 йилларда 1986 нафар мансабдор шахс ноқонуний хатти-ҳаракати билан давлатга 2 триллион сўм зарар етказган ва коррупцияга оид жиноятлари учун жиноий жавобгарликка тортилган!

Президент Шавкат Мирзиёев, мамлакатдаги коррупцион ҳолатларга муносабат билдирар экан, жумладан шундай сўзларни айтганди:

“Коррупция бўлаверадиган бўлса, мен қандай қилиб инвесторларни жалб қиламан? Инвестор депутат ёки ҳукумат одамидан эмас, давлатдаги ҳолат ҳақида тадбиркордан сўрайди. Тадбиркор нима дейди? Ҳаммаси порахўр дейди-да!”

Яхшилаб, эътибор қилган бўлсангиз юқорида келтирилган мисолларнинг кўпчилиги туман ҳоқими ўринбосари вазифасида хизмат қилган. Бу жуда шармандали ҳолат эмасми? Фуқаролар шуларга ишонган эдими?

Коррупциявий жиноятларни ўз вақтида аниқлаш мақсадида  Вазирлар Маҳкамасининг “Коррупцияга оид ҳуқуқбузарлик ҳақида хабар берган ёки коррупцияга қарши курашишда бошқа тарзда кўмаклашган шахсларни рағбатлантириш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори лойиҳаси ҳам эълон қилинди.

2020 йил 29 декабрда Шавкат Мирзиёев Олий Мажлисга йўллаган навбатдаги Мурожаатномасида ҳукумат қарорларини бажаришда, аҳоли муаммоларини ҳал қилишда “ўрта бўғин”ни танқид қилиб:

“Кўпгина вазирлик ва идораларда қарор қабул қилиш ҳаддан ташқари марказлашган. Уларнинг вазифалари аниқ белгиланмагани сабабли бир-бирининг фаолиятини такрорлаш ҳолатлари мавжуд.

Сабаби вазир ўринбосарлари, ўрта бўғин раҳбарлари масалани ҳал қилиш, жавобгарликни ўзига олиш, ташаббус кўрсатишда етарли билим ва малакага эга эмас.

Бизда энг катта ғов мана шу ўрта бўғин. Вазир ўрта бўғин одамларини ўқитиши керак. Улар нега масъулиятни ўзига олмайди? Ё билими йўқ, ёки қатъияти етмайди, ёки коррупцияга берилган” – деган эди.

2021 ҳақида: “Курашаверамиз, қайтиш йўқ!”

2021 йил апрель ойидаги коррупцияга қарши курашишда давлат, жамият, фуқаролар ҳамда оммавий ахборот воситаларининг ҳамкорлиги, аҳоли ҳамда оммавий ахборот воситаларининг коррупцияга қарши курашишдаги ўрни ҳақида ўтказилган сўровнома бўйича келинган хулосаларга таянадиган бўлсак, ўтказилган сўров жамоатчилик онгида коррупция тўғрисида давлат ва жамият ҳаётининг турли соҳаларини зарарловчи ҳамда иқтисодиётни, давлат бошқаруви ва умуман жамиятни ривожлантиришга салбий таъсир кўрсатувчи хавфли ижтимоий ҳолат сифатидаги тасаввур шаклланганидан далолат беради.

Кўпчилик респондентлар (83,2%) мамлакатда коррупция мавжудлигини эътироф этишади ҳамда коррупция давлат ҳокимияти органлари томонидан қабул қилинадиган қарорларнинг самарадорлигига салбий таъсир кўрсатади, фуқароларнинг, айниқса, ёшларнинг маънавий-ахлоқий ҳолатига зарар етказади, аҳолининг давлат органларига ва адолатга ишончини пасайтиради, деб ҳисоблайдилар.

Жорий йилда ҳам коррупцион ҳолатлар ортса ортаяптики, камаймаяпти. Биргина, Жиззах вилояти ҳокимининг собиқ ўринбосари Акрам Раҳмонқулов коррупциявий қилмишлари ортидан 20 млрд. сўмлик бюджет маблағлари талон-торож қилганлиги ойдинлашди. Терговда Раҳмонқуловга тегишли корхоналарда 12 млрд. сўм, Жиззах шаҳридаги “Эски шаҳар” буюм бозорида қурилган 172 та савдо дўкони, кўп қаватли уйларда 14 та хонадон, 43 та автомашина, 37 та бошқа кўчмас мулклар борлиги аниқланиб, зарарни ундириш учун хатланди.

Февраль ойида Фарғонада МИБ ходими 2 минг доллар пора билан қўлга олинди. У Фарғона вилояти Тошлоқ тумани бўлими давлат ижрочиси эканлиги туфайли ўз хизмат мавқеидан фойдаланиб, иш юритувидаги ижро иши юзасидан гидропоника технологияси асосида иссиқхона ташкил этган фермер хўжалигининг электр энергиясидан бўлган қарздорлиги бўйича ижро ҳаракатларини тугатиб беришини айтиб, эвазига 2 минг АҚШ доллари талаб қилган.

16 март куни Тошкентда “Тошкент шаҳар сув таъминоти” МЧЖ директори ўринбосари ва бўлим бошлиғи 3 млн сўм пора олаётганда ушланди. Шунингдек, март ойи охирларида эпизотик касалликлар мавжуд эмаслиги тўғрисида ижобий хулоса бериш эвазига 800 АҚШ долларини пора тариқасида олган Тошкент вилояти “СЭС” бўлим мудирлари қўлга тушди.

Апрелда Андижон вилояти Булоқбоши тумани давлат солиқ бош инспектори мавжуд бўлмаган солиқ қарздорлигини йўқ қилиб бериш эвазига 15 миллион пора олган пайтида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан қўлга олинди.

Яна бир ҳолат, Андижон шаҳар ХТБ раҳбари пора билан қўлга тушди. Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент ҳамда ДХХнинг Андижон вилояти бошқармалари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда фуқаро икки нафар танишини мактаб директори лавозимига ҳамда дугонасини “замдиректор”ликка тайинлаш масаласини ижобий ҳал қилиб бериш эвазига 8 400 АҚШ долларини фирибгарлик йўли билан олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Эслатиб ўтамиз, 2021 йилнинг ҳали ярми ҳам тугамади…

Аброр Поёнов

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *