Давлат хавфсизлик хизмати ва прокуратура ходимлари Наманган вилояти қишлоқ хўжалиги бошқармаси мансабдори ва Янгиқўрғон тумани ҳокими ўринбосарини 10 минг доллар пора олган вақтда қўлга олишди.

Наманган вилояти қишлоқ хўжалиги бошқармасида юқори лавозимда ишловчи шахс Чортоқ туманида истиқомат қилувчи хусусий тадбиркорга боғдорчилик билан шуғулланиши учун Янгиқўрғон тумани ҳудудидан 10 гектар ер майдони ажратилиши бўйича туман хокимининг қарорини чиқартириб беришни ваъда қилиб, ўзи фаолият юритувчи бошқарманинг маъмурий биноси ёнида 10 минг АҚШ доллари олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.

Терговга қадар текширув ҳаракатлари давомида у ушбу пулларни Янгиқўрғон тумани ҳокими ўринбосарига бериши кераклигини айтган, тезкор тадбир давом эттирилган ва мазкур мансабдор шахс ҳам Наманган шаҳрида 10 минг долларни олган вақтида ушланган.

Туман хокимлиги ҳузуридаги ер участкаларини бериш масалаларини кўриб чиқувчи комиссия аъзоси сифатидаги ваколатларидан фойдаланишни режалаштирган ушбу юқори лавозимли шахс бошқа МЧЖга қарашли ер майдонидан 10 гектарини ажратиб бермоқчи бўлган.

Ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Таъкидлаб ўтиш жоиз, Президент Шавкат Мирзиёев Самарқанд вилоятида ўтказилган йиғилишда коррупция ҳолатлари ҳақида шундай деган эди:

Мени қуйи бўғиндаги кадрлар масаласи кўп қийнайди. Қани энди қуйи бўғиндаги мансабдорлар, тўртта сектор раҳбарларининг фаолиятини баҳолаб берадиган компьютер дастурлари бўлса. Афсуски, йўқ бундай дастур.

Мана, Андижондаги айрим ҳолатларни телевизорда кўргандирсизлар. Мансабдорлар 20 минг, 60 минг долларлаб пора олишяпти ва ер сотишяпти”, – деб таъкидлаган эди Президент.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *