Тошкент метроси яна узайтирилиб, Зангиотадаги «ковид-марказ»гача етказилади. Бу ҳақда айни пайтда метро қурилишининг 2-босқичини олиб бораётган «67-Кўприкқурилиш» корхонаси раҳбари Жаҳонгир Набиевга таяниб «UzNews» нашри хабар қилди.

Жаҳонгир Набиевнинг таъкидлашича, Тошкент ҳалқа ерусти метро йўлининг 2-босқичи Қўйлиқ бозоридан Тошкент шаҳрининг Миробод ҳамда Сергели туманидан ўтган Катта ҳалқа йўли, Тошкент вилоятининг Зангиота туманидаги Хонобод кўчаси ҳамда Сергели туманининг Қипчоқ кўчасидан ўтиб, Сергели линиясининг 5-бекатига уланади ҳамда Янгиҳаёт туманига етказилади. 15 километрлик умумий узунликка эга ушбу участкада 9 та бекат қуриш режалаштирилган.

“Метронинг 2-босқичи 9-бекати Янгиҳаёт туманидаги Кўп тармоқли касалхона, Тошкент металлургия заводи ҳамда яқин орада қуриладиган ва келгусида 60 минг аҳоли истиқомат қилиши кўзда тутилган мега лойиҳа – «Минерва cитй» ҳудудига яқин жойда қурилади.

Ҳозирда янги лойиҳа ҳам тасдиқланиши кутиляпти. Унга кўра, айни пайтда қурилаётган 2-йўналиш Тошкент вилояти Зангиота туманида жойлашган «ковид-марказ»гача етказилиши кўзда тутилмоқда», – дейди мутахассис.

Маълум қилинишича, айни вақтда қурилиш ишлари олиб борилаётган участка йўлларида муҳандислик коммуникацияларини бошқа ҳудудларга кўчириш ва уларни тармоқларга улаш, йўл-транспорт инфратузилмалари ва автомобиль йўлларини қуриш ишлари амалга оширилмоқда. Унга кўра «Қўйлиқ – Қипчоқ – Янгиҳаёт» участкаси доирасида қурилиш майдонида мавжуд сув, оқова, газ тармоқлари, турар ва нотурар бинолар қурилиш майдонидан бошқа ҳудудга кўчирилмоқда.

Шунингдек, «Янгиҳаёт» участкаси фойдаланишга топширилгач, бир кун давомида 46 минг йўловчи ташилиши режалаштирилган. 700 га яқин янги иш ўрни ҳам яратилиши кўзда тутилган.

Эслатиб ўтамиз, режага кўра Тошкент ҳалқа ерусти метрополитени линиясининг умумий узунлиги 54,8 километрдан иборат бўлиб, мавжуд Ўзбекистон, Сергели, Чилонзор ҳамда Юнусобод йўналишларига тўғридан-тўғри уланади.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован.