Эртага, 10 май куни товламачиликда айбланиб, қўлга олинган термизлик блогер Отабек Сатторийга суд ҳукми ўқилиши мумкин. Бу ҳақда Effect.uz ишончли манбаси хабар берди.

Эслатиб ўтамиз, 4 май куни бўлиб ўтган Музработ жиноят ишлари бўйича судда давлат қораловчиси прокурор судядан блогерга нисбатан 11 йил қамоқ жазо беришни сўраган эди.

Прокурор судланувчига қўйилган 8 айбловдан учтасини рад этиш, бештаси бўйича уни айбдорга чиқаришни сўраган.

 

Сатторийни айбдор деб топиш сўралаётган биринчи айблов – унинг Термизда уй-жой қуриш билан шуғулланган МЧЖ раҳбари Тўлқин Шопўлатовга босим ўтказиб, товламачилик билан 700 миллион сўмдан ошиққа нархланган иккита квартирани олгани ҳолати бўйича. Прокурорнинг билдиришича, у аслида Термиз шаҳрида “снос”га тушган онаси ва синглисининг номида бўлган уй учун 234 миллион сўм ёки шунга тенг бўлган мулк олиши лозим бўлган.

Иккинчи айблов – Денов тумани ФҲДЁ бўлими собиқ мудираси Насиба Норбоеванинг қадр-қимматини ерга урадиган ва обрўсизлантирадиган ҳақоратли сўзлар айтилган видеолавҳани интернетда тарқатганлик ҳолати. Сатторий ўз видеолавҳасида Насиба Норбоевани порахўр деб атаган. Прокурорнинг билдирилишича, Насиба Норбоеванинг порахўрлиги суриштирувларда ўз исботини топмаган.

Учинчи айблов – вилоят газ идораси ходимларига нисбатан қилингани айтилаётган товламачилик.

Тўртинчи айблов – Шеробод туманида жойлашган «Чинора Гул барака» деҳқон бозори раҳбари Лочин Тўраевдан нархи анча арзон бўлган «Redmi 5» телефони ўрнига 5 миллион сўмдан ошиқроқ бўлган “Vivo 50” телефонини товламачилик йўли билан олгани.

Бешинчи айблов – Термиз шаҳрида жойлашган онкология марказининг раҳбари билан боғлиқ иш. Прокурорнинг айтишича, Сатторий онкология раҳбарининг қадр-қимматини ерга урувчи туҳмат гаплар айтилган видеолавҳани интернетда тарқатган.

Прокурорнинг фикрича, Отабек Сатторий ўзига қўйилаётган айбловларни тан олмагани ва жабрланувчиларга етказилган зарарни қоплаб бермагани учун унинг ишида енгиллаштирувчи ҳолатлар йўқ деб ҳисобланиши лозим.

Давлат айбловчиси Жиноят кодексининг 33-моддаси талабларига асосан, Отабек Сатторийни ЖКнинг 165-моддаси 3-қисми “а” банди, 139-моддаси 3-қисми “а”, “г” бандлари билан айбдор деб топиш; 165-модда 3-қисми “а” банди билан 10 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлаш, 139-моддаси 3-банди “а”, “г” қисмлари билан 2 йил муддатга озодликни чеклаш жазосини тайинлашни сўради.

Прокурор Отабек Сатторийга нисбатан ЖКнинг 59- ва 61-моддалари тартибида тайинланган жазоларни қисман қўшиш йўли билан 11 йилга озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланишини сўради.

Шунингдек, прокурор битта 2 хонали ва яна битта 3 хонали квартирани Отабек Сатторийга бериш ҳақидаги айбланувчи ва тадбиркор Тўлқин Шопўлатов ўртасида 2020 йил июнь ойида тузилган шартномани ҳақиқий эмас деб топиб, бекор қилишни ва квартираларни тадбиркорга қайтаришни сўраган.

Маълумот учун, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 139 (туҳмат), 140 (ҳақорат қилиш) ва 165 (товламачилик) моддаларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбланаётган Отабек Сатторийга оид жиноят ишини кўриб чиқишга доир очиқ суд жараёни жиноят ишлари бўйича Музработ туман судида 2021 йил 11 март кунидан бошланган эди. Деярли 3 ой давом этган суд жараёни якунланиш арафасида, катта эҳтимол билан эртанги судда барчасига нуқта қўйилади.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *