Бугун Алишер Навоий номидаги киносаройда Кинематография агентлиги томонидан Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан янги кинолар намойиши бўлиб ўтди.

Иккинчи жаҳон урушида қатнашган ўзбекистонликларнинг матонати ҳақида сўзловчи бир қатор ҳужжатли ва бадиий фильмлар намойиши ҳамда кўнгилочар дастурлар ўтказилиши режалаштирилган.

Шунингдек, Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш ва сақлаш Бутунжаҳон жамияти билан ҳамкорликда чет эл кинофондларидан рақамлаштириб, Ўзбекистонга қайтарилган ўзбек фильмлари классик дурдоналари тақдимоти ва намойишлари ҳам бўлиб ўтди.

Ушбу фильмлар орасида “Сен етим эмассан”, “Жарроҳ”, “Генерал Раҳимов”, “1941 йил олмалари”, “Унутилмаган қўшиқ” каби дурдона асарлар мавжуд. Эътиборли жиҳати улардан айримлари илк бора тўлиқ ва асл ҳолатда телевидение орқали намойиш этилади.

Ҳафталикнинг илк куни, 7 май соат 12:30да Кинематография агентлиги ва Самарқанд вилояти ҳокимлиги билан ҳамкорликда суратга олинган “Матонат” ҳужжатли фильмининг премьераси ўтказилади.

Ундан сўнг, “Мерос” тарихий драмасининг катта премьераси тақдим этилди. Ушбу фильм иккинчи жаҳон уруши давридаги ўзбек ва қозоқ ёшларининг муҳаббати ҳақида ҳикоя қилади.

Шу билан бирга кино-ҳафталик давомида Кинематография агентлиги буюртмасига биноан режиссёр Али Ҳамроев раҳбарлиги остида 4 нафар ёш киноижодкорлар томонидан суратга олинган “Унутилмас қаҳрамонлар” туркум ҳужжатли фильмларининг ҳам премьераси ўтказилади.

Ушбу туркумдан Зебо Ғаниева, Қудрат Суюнов, Иноят Наврўзбоев, Мамадали Топволдиев каби ўзбекистонлик уруш қаҳрамонлари ҳақидаги ҳужжатли фильмлар ўрин олган.

“Матонат” ҳужжатли киноасари ва “Унутилмас қаҳрамонлар” туркум ҳужжатли фильмлари Ўзбекистон телеканалларига тақдим этилади. Юртимиз аҳолиси ушбу фильмларни 9 май арафасида телеэкранлар орқали ҳам томоша қилиш имкониятига эга бўлишади.

Ҳафталик давомида яна кўплаб намойиш ва маърифий дастурлар бўлиб ўтиши белгиланган. Ушбу ҳафталик байрам арафаси юртдошларимизга муносиб туҳфа бўлиши кутилмоқда.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *