Бугун “Янги Ўзбекистон. Янги нигоҳ” медиа-ҳафталиги доирасида “Sevimli TV” телеканали ва ЎзЭОАВМА ҳамкорлигида Ўзбекистон Журналистика ва оммавий коммуникациялар университетида мамлакатимиздаги илк талабалар мультимедиа студияси очилмоқда.

Энг фаол ва ташаббускор талабалар гуруҳи журналистиканинг амалий кўникмаларини ўзлаштиришлари, шунингдек талабалар ҳаёти билан боғлиқ янгиликларни мазкур ёшлар лойиҳасини ўз ҳомийлигига олган “Sevimli TV” телеканали орқали ёритишлари мумкин.

Олдинда ёшларни оммабоп интернет ва телевизион платформаларда ишлаш жараёнлари кутмоқда, ҳозир эса, улар маҳорат дарслари, семинар-тренинг машғулотлари орқали ўз кўникмаларини оширишлари, ўз услуб ва йўналишларини топишлари зарур.

Бундан ташқари, “Пойтахт” радиоси билан ҳамкорликда радиостудия ҳам очилади. Бошловчи радиожурналистлар учун амалиёт, лойиҳаларни жорий қилиш, ёшларбоп кўнгилочар дастурлар тайёрлаш учун эфир вақти ажратилади.

«Айни пайтда медиа-ҳафталик қизғин паллага кирди, ёшлар учун бир неча кунлик семинар машғулотлари, медиа-майдончалари ўз самарасини бера бошлаганини кўрсатмоқда. Хорижий мураббийлар ҳам ёшларимизнинг интилиши ва шижоатларини эътироф этишмоқда.

Биргина мураббийй машғулотларига биринчи куни 20 нафар талаба қатнашган бўлса, иккинчи куни уларнинг сони 40 нафарга етган. Ҳолбуки, бўлажак журналистларимиз учун бу машғулотларга қатнашиш мутлақо ихтиёрий, – деди ЎзОАВМА раҳбари Фирдавс Абдухолиқов.

Талаба ёшлар учун замонавий базалар Ўзбекистоннинг бешта университетида, ОАВ соҳасида кадрлар тайёрланадиган факультетлар қошида ташкил қилинади. Бу ташаббус ўзаро меморандумлар воситасида мустаҳкамланади.

Бугун Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети, Ўзбекистон Журналистика ва оммавий коммуникациялар университети, Ал-Хоразмий номидаги Тошкент Ахборот технологиялари университети ва Ўзбекистон Давлат санъат ва маданият институтида ЎзЭОАВМА билан ана шундай ҳужжатлар имзоланади.

Медиа-ҳафталик доирасида ихтисослаштирилган университетлар ва факультетлар талабалари PR ва SMM, журналистика, операторлик маҳорати, монтаж ва бошқа йўналишлар бўйича малака оширадилар.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *