Осиё тараққиёт банки (ОТБ) Қорақалпоғистон Республикасидаги сув таъминоти ва санитария хизматларини яхшилаш мақсадида 145 миллион доллар миқдорида маблағ ажратадиган бўлди. Лойиҳа 388 минг кишининг (уларнинг ярми аёллар ва болалар) сув таъминоти ва санитария хизматларини қамраб олади. Бу ҳақда хабар Осиё тараққиёт банки матбуот хизмати маълум қилди.

«Қорақалпоғистон Республикаси учун сув таъминоти шароитларини яхшилаш жуда муҳим, – деди ОТБнинг Марказий ва Ғарбий Осиё департамент шаҳарсозлик бўйича бош мутахассиси жаноб Хао Жанг. – Сув таъминоти ва санитария тизимларини модернизациялаш одамлар, хусусан 178 минг нафар аёл ва болаларнинг турмуш тарзи сифатини ошириш имконини беради, улар узлуксиз равишда марказлаштирилган сув таъминоти тизимига эга бўлишади».

Маълумотларга кўра, ҳозирда ҳудуддаги аҳолининг бор-йўғи 37 фоизи марказлаштирилган сув таъминоти тизимидан фойдаланади, аҳолининг 40 фоизи эса ҳафтасига 6 соатдан камроқ сув хизматларидан фойдаланиш имконига эга.

Мазкур лойиҳа доирасида уч сув тозаловчи станция қурилиши, қайта тикланиши ва кенгайтирилиши; 300 км сув қувурлари магистраллари қурилиши ва қайта тикланиши; 28 сув тақсимловчи марказ қурилиши ва реабилитацияси; 900 км’га яқин сув тақсимлаш тармоғи қурилиши ва қайта тикланиши ва сув истеъмолини ўлчовчи ҳисоблагичлар билан таъминлаш ишлари амалга оширилади.

Лойиҳани 2024 йилнинг июлигача амалга ошириш режалаштирилмоқда. Унинг умумий қиймати Ўзбекистон ҳукуматининг 27,3 миллион долларлик маблағларини қўшганда 172,3 миллион долларни ташкил қилади.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *