Андижон вилояти Булоқбоши туманида ижарада бўлиб турган аёлнинг уч ёшли фарзанди устидан қайноқ сув қуйиб боланинг ўлимига сабабчи бўлган эркакка Жиноят ишлари бўйича Булоқбоши туман суди ҳукм ўқиди. Бу ҳақида «Daryo.uz» нашри хабар қилди.

Норматовнинг маълум қилишича, 2021 йилнинг 11 январь куни соат 02:00 да З.Б. уйида спиртли ичимлик истеъмол қилиб, маст ҳолда хонадонида ижарада яшаб келаётган Г. исмли аёлга жинсий алоқа қилишни таклиф қилган. Аёл ушбу таклифни рад этгани учун печка устида қайнаб турган сувни олиб, унинг ёнида ётган 3 ёшли Д.нинг устига қуйиб, унга оғир тан жароҳати етказган.

Маълум бўлишича, судланувчи хонадонида яшовчи аёл билан 2020 йилнинг декабрь ойида танишган ва шундан сўнг телефон орқали гаплашиб юрган. 2021 йил 6 январь куни аёл судланувчига қўнғироқ қилиб, ижарада яшаётган уйидан ҳайдаб юборилганини, борадиган манзили йўқлигини айтиб, ижарага жой сўраган. Таниши унинг илтимосига рози бўлиб, ижарага ойлик тўлов тўламасдан, фақат электр ва табиий газ истеъмоли учун ҳар ойда 300 минг сўмдан бериб туриши лозимлигини билдирган. Шундан сўнг Г. фарзанди билан танишиникига келиб, яшай бошлаган. Судланувчи онасининг соғлиғи ёмонлашгани туфайли даволаниш мақсадида опасиникига кетганидан фойдаланиб, 2021 йил 9 январь куни уйидаги таниш аёлга эр-хотин бўлишни таклиф қилган. Г. унга рад жавобини бериб, касал эканлигини билдирганидан кейин ўз хонасига кириб кетган.

Ярим тунда эркак танишига боласи кўп йиғлаб шовқин кўтаргани, ўзи ҳам ҳар куни соат 03:00—04:00 ларга қадар телефонида гаплашиб, уйқу бермаётгани учун бошқа ижарага уй топиб чиқиб кетишини айтган. Бироқ таниши бир кун уйида туриб туришини, кейин ижарага уй топиб, олиб чиқиб кетишини айтган.

«Эртасига танишим шаҳардан ижарага уй топиб беришимни илтимос қилди. Шундан сўнг шаҳарлик танишим М.га қўнғироқ қилиб, ҳолатни тушунтирдим. Соат 11:00 да Г. хона совиб кетаётганини айтгани учун ўзим турган хонага вақтинча ўтказиб қўйдим. Кечга яқин М. келиб, Г. билан гаплашиб, эрталаб кетишга келишиб олишди. М.га келишида ароқ олиб келишини илтимос қилгандим, олиб келибди. У қуйиб турди, мен ичдим. Соат 20:00 да биринчи каравотда у, ёнимдаги каравотда М. ётиб дам олдик. Соат 02:00 да уйғониб кетдим. Бу вақтда светʼ йўқ экан, ҳамма жой қоронғи эди. Чанқаб кетганим учун чой ичиш мақсадида Г. ётган хонага кирдим. Эшикдан ярим метрча масофада жойлашган печка олдига келиб, чойнакни олиб чиқиб кетаётганимда пастда турган оташкуракни босиб, ён тарафига оғиб йиқилиб тушдим. Г.нинг қорин қисмига тегиб кетди, бола йиғлаб юборди. Г. боласини куйдирганлигимни айтиб бақирди. Тўғриси, ўша пайтда ўзимни йўқотиб қўйдим. М. бақир-чақирни эшитиб, боланинг кийимларини ечишга ёрдамлашди. Тез ёрдам чақирдик. Мен Г. айтгандек, унга жинсий алоқа қилишни таклиф қилмаганман. Болага ҳам атай сув қуйиб юбормаганман», — дейди судланувчи.

Суд ҳукмига кўра, айбланувчи Жиноят кодексининг 104-моддаси 3-қисми «д» банди (қасддан баданга оғир шикаст етказиш жабрланувчининг ўлишига сабаб бўлса) билан айбли деб топилиб, 8 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинган.

Аввалроқ, Наманганда боғча тарбиячисининг эътиборсизлиги сабабли 6 ёшли боланинг қайноқ сувга куйиб вафот этгани ҳақида хабар қилган эдик.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *