Тошкент шаҳри “Ҳазрати Али” жоме масжиди имом-хатиби Салоҳиддин домла Шарипов Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси маслаҳатчиси лавозимига тайинланди. Бу ҳақда Ўзбекистон мусулмонлар идораси матбуот хизмати хабар бермоқда.

Ҳозирга кунда ҳам Салоҳиддин домла “Ҳазрати Али” жоме масжидида имомлик вазифасини бажармоқдалар.

Маълумот ўрнида, Забардаст уламо Салоҳиддин домла Шарипов 1961 йилда Тошкент вилоятида таваллуд топганлар. 1979-1983 йилларда Мир Араб мадрасасида таълим олдилар ва мадраса талабалари орасидан сараланиб, Тошкент ислом олий маъҳадига ўқишга кирадилар.

Олий Маъҳадда ҳар бир фанга алоҳида эътибор билан диний билим билан бир қаторда дунёвий илмларни ҳам пухта эгаллаб, 1987 йилда тамомладилар.

Шу йил у киши Мир Араб мадрасасига ўқитувчи вазифасига ишга қабул қилиндилар ва устозлардан ўрганган илмий меросни талабаларга бердилар.

Нахв, сарф, тафсир фанларидан дарс бердилар. 1989 йил эса Тошкент ислом институтига ўқитувчи этиб тайинландилар, 1990 йилга қадар талабаларга тафсир, балоғат фанларидан сабоқ бердилар.

1990 йилда Салоҳиддин домла илк диний таълим олган Бухоро шаҳридаги Мир Араб мадрасасида директор лавозимига тайинладилар.

У ерда 1993 йилга қадар мадрасанинг илмий савиясини ошириш йўлида кўп ишларни амалга оширдилар. Сўнг яна Тошкент ислом институтида проректор лавозимида фаолият олиб бордилар.

1996 йилда Тошкент шаҳар Учтепа туманида жойлашган “Ҳазрати Али” жоме масжидига имом-хатиб этиб тайинландилар. Шу билан бирга Олий Маъҳадда тафсир фанидан дарс берганлар.

Фазилатли олим ўзининг кўп йиллик меҳнат фаолияти давомида ўнга яқин электрон дисклар ва китоблар нашр қилдилар.

Жумладан, “Инсон мукаррам зот”, “Исломда оилага муносабат” каби асарлар ва “Саодат улуғ неъмат”, “Мазҳаббошимиз Нўъмон ибн Собит ҳаёти ва фаолияти”, “Мустаҳкам оила юрт таянчи”, “Дуо одоблари ва ислом рукнларининг тарбиявий ахамияти”, “Қуръон, намоз ва Рамазон фазилатлари”, “Жума маърузаларидан намуналар” каби дисклари мухлис халқимиз томонидан мамнуният ила тинглаб мутолаа қилинмоқда.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *