Ишчи гуруҳ ўрганишлари натижасида Китоб тумани Меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари Қамаши туманидаги Меҳрибонлик уйига ўтказилди, Бу хақида Ўзбекистон Олий Мажлис Сенати ахборот хизмати хабар қилди.

Унга кўра, Сенат Кенгашининг 2021 йил 15 мартдаги “Етим болалар ва ота-онасининг ёки бошқа қонуний вакилларининг қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни ижтимоий қўллаб-қувватлашнинг қонуний асосларини янада мустаҳкамлаш масаласини комплекс ўрганишни ташкил этиш тўғрисида”ги қарори ижросини ўрганиш бўйича Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси Ишчи гуруҳи 14-15 апрель кунлари Қашқадарё вилоятида ўрганиш ўтказган эди.

Ўрганишлар давомида Ишчи гуруҳи Китоб туманидаги 5-сонли Меҳрибонлик уйидаги тарбияланувчиларга яратилган шароитлар, таълим-тарбия жараёнлари, тарбияланувчиларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш ҳамда сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш масалалари билан танишди.

Ишчи гуруҳ хулосасига кўра, Китоб туманидаги 5-сонли Меҳрибонлик уйи бинолари таъмирталаб ҳолатда эканлиги, тарбияланувчиларга берилаётган озиқ-овқат маҳсулотларининг сифати амалдаги санитария қоидалари ва меъёрлари талаблари асосида эмаслиги, тарбияланувчиларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш учун шароит етарли эмаслиги сабабли, Меҳрибонлик уйида тарбияланаётган 65 нафар тарбияланувчиларни Қамаши туманидаги 4-сонли Меҳрибонлик уйига ўтказиш мақсадга мувофиқлиги ҳақида вилоят ҳокимлиги мутасаддиларига тавсиялар берилган эди.

Ишчи гуруҳи тавсиясига асосан, жорий йил 2 май куни Китоб туманидаги 5-сонли Меҳрибонлик уйи 65 нафар тарбияланувчиларининг 10 нафари яқин қариндошлари оиласига, 55 нафари Қамаши туманидаги 4-сонли Меҳрибонлик уйига кўчирилди. Тарбияланувчиларни 4-сонли Меҳрибонлик уйи жамоаси юқори кайфиятда кутиб олди, тарбияланувчилар у ерда яратилган шароитлардан мамнун эканлигини билдиришди.

Етим болалар ва ота-онасининг ёки бошқа қонуний вакилларининг қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш масаласи Сенатнинг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси томонидан назоратга олингани айтилган хабарда.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *