Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялари агентлиги томонидан Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги биносида «Электрон ҳукуматни амалга ошириш бўйича олиб борилаётган ишлар» мавзусида матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Матбуот анжуманида Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳамда АКТ вазирлигининг Электрон ҳукумат лойиҳаларини бошқариш маркази раҳбар ва ходимлари иштирок этишди.

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 5 октябрдаги ПФ-6079-сон «Рақамли Ўзбекистон – 2030» стратегияси қабул қилинди. Мазкур cтратегия доирасида ҳудудларни ва тармоқларни рақамли трансформация қилиш дастурлари белгиланди.

Бугунги кунда ахборот тизимлари ва ресурсларини ривожлантириш борасида «Электрон ҳукумат» тизими фойдаланувчиларини идентификациялашнинг ягона ахборот тизимининг янги талқини ишлаб чиқилиб, ишга туширилди (www.id.egov.uz). Эски тизимда рўйхатдан ўтган актив фойдаланувчилар маълумотлари янги тизимга автоматик миграция қилинди.Тизимнинг ишга тушишига қисқа вақт бўлганига қарамасдан, бугунги кунда унинг фойдаланувчилари сони 220 мингтага ортиб, 820 мингтага етди (эски тизимда 600 мингта эди). Ҳозирги кунда ушбу тизимга давлат идоралари ва ташкилотларнинг 60 дан ортиқ ахборот тизимлари ва ресурслари интеграция қилинган.

Шунингдек, давлат органларида электрон ҳукуматнинг жорий этилган ва жорий этилаётган ахборот тизимлари ҳисобини юритиш ва мониторингини олиб бориш ҳамда лойиҳа-техник ҳужжатларни кўриб чиқиш жараёнини электрон шаклга ўтказиш имкониятини яратиш мақсадида Электрон ҳукуматнинг ахборот тизимлари ва ресурсларининг ягона реестри ахборот тизими ишлаб чиқилиб ишга туширилди (www.reestr.uz).

Бундан ташқари, Электрон ҳукуматнинг маълумотномалар ва классификаторлар регистри (www.cs.egov.uz) ахборот тизимининг янги талқини ишлаб чиқилди ва синов тариқасида ишга туширилди. Ушбу тизимнинг асосий мақсади – электрон давлат хизматларини кўрсатишда давлат идоралари ахборот тизимларининг идоралараро электрон ҳамкорлиги доирасида ягона талабларга мувофиқ замонавий маълумотномалар ва таснифлагичларни шакллантириш, сақлаш, янгилаш ва таъминлашдан иборат. Бугунги кунга келиб Регистрда 13 та ташкилот томонидан 41 та классификатор киритилган.

2020 йилда Ягона интерактив давлат хизматлари порталида 50 та янги хизмат жорий этилиб, бугунги кунда порталдаги жами электрон хизматлар сони 216 тани ташкил этмоқда.

Шунингдек, Ягона порталнинг мобил талқини ҳам ишга туширилиб, бугунги кунда унда 30 дан ортиқ давлат хизматларидан фойдаланиш имконияти яратилган.

Шундан келиб чиқиб, олис ва чекка ҳудудлардаги 300 дан ортиқ почта алоқа объектларида Ягона интерактив давлат хизматлари порталидан фойдаланилган ҳолда 17 турдаги давлат хизматларини кўрсатиш йўлга қўйилди.

Ахборот коммуникация технологиялари тараққий этиши билан ҳаётимизни қулайликлар билан бойитиш мақсадида тақдим этилаётган ишончли имкониятлардан бири «Электрон ҳукумат»тизимининг жорий этилишидир. Маълумки, «Электрон ҳукумат» тизими жаҳон амалиётида ўзининг афзалликларини намоён этиб улгурган тизим ҳисобланади.

Матбуот анжумани якунида савол-жавоб қисмида оммавий ахборот воситалари вакиллари саволларига мутахассислар томонидан жавоб берилди.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *