1-2 май кунлари Қирғизистонда Тожикистон билан чегарадаги можарода ҳалок бўлганлар учун мотам эълон қилинди, дея хабар берди РИА Новости.

«Қирғизистон Республикаси Президенти Садир Жапаров фармонни имзолади. Унга биноан 2021 йил 1-2 май кунлари Қирғизистон Республикасида миллий мотам кунлари деб эълон қилинди», – деб маълум қилган мамлакат президентининг матбуот хизмати вакили.

Унга кўра, мотам кунлари бутун мамлакат бўйлаб, шунингдек хориждаги дипломатик ва консуллик идоралари биноларида давлат байроқлари туширилади. Маданият муассасалари ва телеканалларга кўнгилочар тадбирлар ва дастурларни бекор қилиш тавсия этилади.

«Қирғизистон ҳукумати давлатдаги ўзини ўзи бошқариш органлари билан биргаликда қурбонлар ва жароҳатланганларнинг оилаларига ёрдам кўрсатиш учун зарур чораларни кўради», – дейилади Жапаров имзолаган фармонда.

Маълумот учун, 29 апрель куни Қирғизистон ва Тожикистоннинг чегараолди вилоятлари маҳаллий аҳолиси ўртасидаги зиддият икки мамлакат ҳарбийлари ўртасидаги қуролли тўқнашувга айланиб кетган эди.

Қирғизистон ва тожик чегарачилари ўртасида тўқнашувлар олти соатдан кўпроқ давом этиб, икки томондан 40 га яқин одам ҳалок бўлди. Шунингдек 200 дан киши киши яраланган. 29 апрель оқшомида томонлар сулҳ битими ва чегарадан кучларни олиб чиқиш тўғрисида келишувга эришган эди.

Ўзбекистон ТИВ Қирғизистон ва Тожикистонга чегарадаги вазиятни тинч йўл билан ҳал қилишга чақириб мурожаат қилган эди. Вазирлик ўз баёнотида вазиятни барқарорлаштириш бўйича қўшма чораларни кўришга ва зиддиятнинг янада ошишига олиб келиши мумкин бўлган ҳаракатлардан воз кечишга чақирган.

Бундан ташқари, Ўзбекистон раҳбари Шавкат Мирзиёев икки давлат президентлари билан юзага келган вазиятни тез фурсатда ҳал қилиш ва унинг кескинлашувига йўл қўймаслик бўйича телефон орқали мулоқот қилди.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *