Effect.uz журналистлари Акмал Эшонхонов ҳамда Элёрбек Тожибоев Daryo.uz интернет нашри директори Умид Аъламовдан интервью олишди.

Эслатиб ўтамиз, 21 апрель куни Kun.uz сайти томонидан “404” балоси ва ўчиб ўчмаган пост. ОАВга босимлар давом этмоқда” сарлавҳаси остида чоп этилган бўлиб, интервьюда Аъламов Kun.uz вакиллари бу мақолани чоп этишдан олдин Daryo.uz билан боғланмаганлигини, асосий каналда бу хабар ўчирилмаганлигини, Daryo – LIVE телеграм каналидан ўчирилишига эса техник муаммо сабаб бўлгани ва пост вақт ўтиб қайта жойлаганлигини маълум қилди.

Қолаверса, Аъламов Xpress.uz телеграм каналида “Ўзбекистондаги энг йирик хусусий нашрлардан бири давлат тасарруфига ўтди” дея тарқалган хабарга ҳам муносабатини билдирди.

Сайт директори интервью давомида, Daryo.uz’нинг акциялари кимга тегишли эканлигини, электрон нашрнинг асосий мақсади, сайт таъминоти ва Ўзбекистондаги сўз эркинлиги ҳақида гапирди.

Kun.uz’да чоп этилган “404” балоси ва ўчиб ўчмаган пост. ОАВга босимлар давом этмоқда” сарлавҳа остидаги хабарга изоҳ берсангиз, аслида воқеа қандай бўлган? Хабар кимнинг қўнғироғидан сўнг ўчиртирилди.

– Бир томондан жуда қизиқарли сарлавҳалар, иккинчидан асосланарли ҳам. Kun.uz’да эълон қилинган хабарда Daryo.uz’га бўлган ташқи босим буни ортидан ўз кундалик ҳаётида учраётган босимлар ёритилган. Бу хабарга Daryo.uz ўзининг машҳур Daryo – LIVE телеграм каналида муносабатини билдирди. Мен яна ўша муносабатни қайтаришим мумкин. Чунки унга бир сўз қўшиш ҳам, олиб ташлаш ҳам нотўғри.

EFFECT.UZ

Daryo.uz 7 йилдан бери шу соҳада фаолият кўрсатиб бормоқда ва нафақат Ўзбекистон фуқароларига балки бутун дунёдаги ўзбеклар учун Ўзбекистонда ва дунёда бўлаётган воқеаларни ўзбек тилида тарқатилишига ўз ҳиссасини қўшиб келмоқда. Шу нуқтаи наъзардан, Daryo.uz ҳар доим ўзининг чиқараётган материалларига биринчи навбатда сифатни, иккинчи навбатда тезкорликни устувор вазифаси деб билган. Аслида Kun.uz билан ўртамизда ҳеч қандай зиддият йўқ, биз  ўз муносабатимизда ҳам бунга алоҳида урғу бериб ўтдик.

Daryo.uz Kun.uz’нинг медиа бозорда қилаётган ишларини ҳурмат қилади ва қадрлайди, вақти келганда уларнинг профессионалик жиҳатдан олинган материалларини ўрганади. Бироқ, шунисидан ҳайратда қолдим, эмишки, Daryo’га қандайдир босим бўлган, лекин Daryo.uz’нинг ўзи бундан хабари йўқ. Босим бўлганлигини исботи этиб Daryo – LIVE'да чиққан хабарни ўчирилганлигини важ этиб кўрсатиляпти.

Ўзи Daryo.uz’нинг ижтимоий тармоқларда асосий минбари бу веб саҳифаси ҳисобланади. Веб саҳифасида чоп этиладиган ҳар битта хабар унинг актуаллигига қараб, ижтимоий тармоқлардаги бошқа каналларига репост қилинади. Шу жумладан Telegram’da Daryo’нинг 5 та тематик каналлари бор. Асосий каналимиз бор у ерда барча хабарлар чиқарилади ва Daryo – LIVE бор у каналда кўпроқ эътибор тезкорликка қаратилган.

Айнан хабарга келадиган бўлсак, у ерда Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси Комил Алламжоновнинг бўлган муносабати негадир Daryo – LIVE’га чиқиб кетган ва шу нуқтаи наъзардан каналнинг принципи бузилган. Чунки Комил ака ўзининг фикрларини 20 апрель куни билдирган бўлсалар, Daryo.uz бу постни веб-сайтда эртасига, бир кун ўтиб соат 13:00дан ошганда (13:22) чоп этган.

EFFECT.UZ

Шундан сўнг, 14:00дан ошганда (14:13) Daryo – LIVE каналига жойланган. Кейин бу Daryo – LIVE тематикасига мос эмас экан, бу асосий каналнинг тематикаси экан деб ўчирилиб, асосийга олингунича нимагадир Kun.uz’даги ҳамкасбларимиз Daryo’га босим бўлди, шунинг учун постни олиб ташлашди деб материал чоп этишди.

Daryo’га босим бўлган дейлик, унда нега у хабар асосий веб-саҳифада ҳали-ҳамон мавжуд бўлиб турибди? Веб-сайтда соат нечида чоп этилган бўлса, шундайлигича ўчирилмасдан турибди. Агар босим бўлди дейлик, пост умумий барча ижтимоий тармоқлардан ўчирилмайдими?

Улар бош муҳарриримиз Муҳримнинг телефон рақамини эсларидан чиқариб қўйишдими? Агарда бош муҳаррир билан боғланишни иложи бўлмаган тақдирда бошқа муҳаррирларимизни телефон рақамларини эсларидан чиқариб қўйишдими? Агарда сўрашганларида, йўқ бундай воқеа бўлмаган деб айтиларди ва ўз-ўзидан даҳанаки жанг ҳам келиб чиқмаган бўларди.

– Адашмасак қолган сайтларга нисбатан, Kun.uz ва Комил Алламжонов ўртасида муносабатлар яқин. Негаки Kun.uz Масс-Медианинг турли-ҳил тадбирлари ва Алламжоновнинг фикрларини биринчилардан бўлиб ёритиб келади. Балки Kun.uz’ни айнан Комил Алламжоновнинг пости ўчирилгани қизиқтиргандир…

– Бу хабарнинг каналдан ўчирилишига унчалик жиддий эътибор бермаса ҳам бўлади. Агарда ўчириладиган бўлса, сайтдан ҳам ўчирилган бўлар эди. Тўғрисини айтаман, Комил ака мендан ҳафа бўлмасинлар, бу хабар ўқилмади ҳам. Одатда бизларда битта хабар қўйсак бир сутка ичида у 10 минг ёки 20 минг ўқилса, демак бу хабар ўқувчиларимизга қизиқ бўлмаган хабар ҳисобланади. Битта хабарнинг ўзи сайтнинг ўзида 50 мингдан юқори ўқилади.

EFFECT.UZ
“Комил Алламжонов ОАВ фаолияти билан шуғулланувчи бизнесларга бўлаётган босимга қарши фикр билдирди” пости 10 мингдан ортиқ кўрилган

Kun.uz ўз постида “масалани биз кўтариб чиққач, Daryo.uz ўчирилган постни яна қайтарди” дея қўшимча қилган. Яъни Kun.uz биз ёритганимиздан сўнг, Daryo.uz ҳушёр тортди демоқчи бўлган.

– Бизда телеграм каналга маъсул ходимлар алмашунуви бўлади бу техник муаммо ҳам эмас. Бизнинг асосий каналимизда 707 мингдан зиёд обуначи бор, Daryo – LIVE’да эса 100 мингдан зиёд (103 624 та ) обуначилар мавжуд. Хабар ўқилмаяпти, хабар ўқилиши керак уни олиб бу каналга қўяпти устига-устак тематикага ҳам тўғри келмаяпти, бу тезкор хабар эмас.

EFFECT.UZ

Кейин мен нима учун бу хабар устида жанжал бўлиб кетганини билиш учун катта сайтларни текширдим. Улар икки-уч соат кейин беришяпти. Kun.uz масалан ўша хабарни кечқурун соат 12 да берган, Qalampir.uz ундан олдин, “Газета.uz” эртасига куннинг ярмида берган. Биз энг кеч беряпмиз, яъни тезкорлик ишламаяпти бу жараёнда.

Давлат хавфсизлик хизмати ахборот ходимлари томонидан Daryo.uz сайтига телефон бўлиб, чоп этилган материални ўчириш, ўзгартириш бўйича сўровлар бўладими?

– Телефонлар бўлади, лекин ўчириш масаласида эмас. Балки улар ахборот хизмати тайёрлаётган хабарларни чоп этишда амалий ёрдам сўрашади. Кимдур пора билан ушланди яна кимдур наркотик билан ушланади, бундай хабарларни бажонидил тарқатиб берамиз. Чунки курашишяпти, менимча биз ёмон иш қилаётганимиз йўқ.

EFFECT.UZ

“Ўчириб ташлагин” деб ҳар-хил органлардан телефонлар келади. Лекин Давлат хавфсизлик хизматидан эмас. Икки йилдан бери шу лавозимда ишлаётган бўлсам шахсан ўзимга 4-5 маротаба ўчириб ташлаш масаласида қўнғироқлар бўлган. Лекин тазйиқ сифатида эмас, сабабларини кўрсатади, кейин таҳририят билан боғланаман иккала тараф ҳам кўриб чиқилади. Агарда унинг аргументи устувор келса, ички хабарга ўзгартириш киритилади ёки ўз тасдиғини топмади, деган маънода, ўчириб юборилиши ҳам мумкин.

Kun.uz билан аввалдан зиддиятлар бўлганми?

– Йўқ, муносабитимизда ҳам бекорга бу гапни гапирмаганмиз, биз улардан нимадир ўрганамиз балки, улар биздан ниманидир ўрганишар. Балки рақобатчи деб кўришса керак, мен масалан уларни рақобатчи сифатида кўрмайман. Ўзи икки қўлда саналадиган веб-сайтлардан бири бўлсак, ахборот шунчалик кўпки уни бир кунни ўзида Kun.uz ёки биз ёрита олмаймиз, қанча кўп сайт бўлса шунча яхши.

Telegram’даги Xpress.uz каналида “Ўзбекистондаги энг йирик хусусий нашрлардан бири, давлат тассаруфига ўтди” сарлавҳа остида хабар чиқарилган. Бу хабарни 94 минг одам кузатган ва бу маълумот ҳақида нима дейсиз? Энди Daryo.uz аввалгидек ишламайдими?

– Daryo.uz  ўз муносабатида Kun.uz сайтини профессионал бўлишга чақирди, шуни яна бир бор эслатиб кетмоқчиман. Шу хабарни менга ҳам жўнатишди, тинмай қўнғироқлар бўлди: “Вай….Энди давлатники бўлиб қолибсизлар” дейишди, мен эса уларга хабарни яхшироқ ўқинглар деб айтдим.

EFFECT.UZ

Билмадим, Xpress.uz каналига ким бу хабарни ёзиб берган, хар-ҳолда агар манга шу хабарни беришганида мен биринчи бўлиб сарлавҳага эътибор берган бўлардим. Аввал 50 фоиз акцияси “Ўзбектелеком” АЖга тегишли бўлган бўлса, қандай қилиб хусусий нашр бўлади?

Менда бундай хабарларни ўқигандан кейин, кимдур атайлаб қилаётгандек туйилмоқда ёки мақсад  Daryo.uz’ни қоралашми? Сабабига тушунмаяпман. Daryo.uz жуда кўп кишига “нон” беради, сизлар Effect.uz ҳали ёшсизлар, аммо сизлар ҳам фаолиятингиз давомида бундай муаммога дуч келасизлар. Kun.uz’да ҳам шу муаммо бўлса керак.

EFFECT.UZ

Биз чиқарган материални интернет муаллифлик ҳуқуқини ҳимоя қилиш жуда қийин. Мисол тариқасида айтаман, битта жойга бордингиз, икки кун вақтингизни сарфладингиз, катта материал тўпладингиз, Youtube’да қандайдир канал очилади ёки Telegram’да каналлар очилади-да сизга ҳавола бермасдан туриб, ҳудди ўзи чиқаргандек кўрсатади. Майли уни харом ёки ҳалоллигига урғу бермайлик. Аммо шуни орқасидан улар оиласини боқяпти. Лекин битта ибора билан ишини ҳалолга айлантирса бўлади. Daryo.uz чиқараётган материалларни тарқатиб, кун кўришяпти.

Телеграмда Daryo.uz хабарлари бор экан обуначилари сони 30 мингтадан зиёд, кетма-кет икки кун бўхтон хабарни ҳудди биз нашр қилаётгандек, чоп этди. Хабарни чиқариб Daryo.uz қилмаган ишни, қилди деб кўрсатди.

Биз ўша куни обуначиларимизни огоҳлантиришга мажбур бўлдик. Юристларим тайёр турибди, судга берсак бўлади. Бу кетишда судга мурожаат қилишга мажбур бўлсак ҳам керак. Мен бошқалардан илтимос қилган бўлардим, сал профессионал бўлайлик, ўқиётган хабарни таҳлил қилишни ўрганайлик. “Ўзбектелеком”нинг 2013 йилдан бери 50 фоиз акцияси бор, 50 фоиз хусусий шахсга улуши бор эди.

Энди иккинчи томонини айтиб ўтсам, шу 7 йил ичида Daryo.uz “заказ”га ишладими? Танқид қилинади, деярли барча ҳодиса ёритилади. Фақат материалларни ёритиш бўйича таҳририятда ички сиёсати бор, шу асосида материаллар ёритилади. Бу принциплар эса сифат, тезлик, холислик. Шу учта принципга амал қилинса, танқидий бўладими ёки ижобий материал чиқади.

Daryo.uz – аслида бизнес–лойиҳа бир кун инвестор келса, барибир сотилади. 50 фоиз акциямиз кимга тегишли эканлигини хабар тарқатган одамлар олдиндан билишган. Daryo.uz’нинг акцияси “Ўзбектелеком”га тегишли эканлиги шу кунгача сир бўлмаган. Муассис таҳририятнинг ишига аралаша олмайди, негаки бу қонунда кўрсатиган. Журналист ҳам улар айтганни қиладиган халқ эмас.

Daryo.uz акциялари 100 фоиз акциялари “Ўзбектелеком”га ўтди, табийки буни тушунмаган аудиторияда ўз-ўзидан савол туғилади “Бўлди Daryo.uz ҳам энди сотилди, энди аввалги сайтни кўрмаймиз” деган тахминларни ўйғотади.

– Асоссиз тахминлар деб ўйлайман, Daryo.uz ахборотни тарқатиш бўйича босиб ўтган йўли ва бундан кейинги иши мутлақо ўзгармайди. Daryo.uz ўзига тўқ ташкилот, бизни таҳририят икки блокдан ташкил топган. Таҳририят ва маркетинг бўлими бор, маркетинг бўлими ва журналистлар ўз ишини усталари айнан шу сабаб бизда рекламалар сони жуда ҳам кўп. Daryo.uz ўзини-ўзи таъминлайди, бизга қўшимча ёрдамнинг кераги йўқ. Пандемия вақтида ҳам ўзимизни-ўзимиз эпладик.

“Ўзбектелеком” бизни муассисимиз. Бошқа боғлиқлик жойимиз йўқ. Агарда бизни ишимизга кимдир тазйиқ ўтказган бўлса, ёки давлат ташкилоти бўлса, Қашқадарёда милиция олиб кетган журналистимиз масаласини ёритган бўлармидик?

Айнан Ўзбекистонда журналистларга бўлаётган босим хусусан Қаршидаги журналистингларга бўлган таҳдид ҳақида қандай фикр билдира оласиз?

 – Фикрим салбий, лекин иккинчи тарафдан қараганда асосийси жуда катта сиёсий эркинлик бор. “Орқангда мен турибман” деяпти президент. Мени хурсанд қилган нарса Отабек Қўлдошев (Daryo.uz мухбири) нинг ҳисбга олиниши ҳақидаги хабарга, Ички ишлар дарҳол ўз муносабатини билдирди, шу жумладан вилоят ҳокими ҳам четда қолмади.

 

Яъни президент кўрсатаётган йўлни раҳбарлар тушунишмоқда, қуйи поғоналарга ҳам етиб боряпти. Битта ходим хато қилди дегани, бутун бир тизим қора дегани эмас. Рамазон ойи муносабати билан бутун журналистларимиз жума намози қандай ўқилаётганини ёритишмоқчи бўлишди. Таҳликали вазият бўлганида қолган журналистларда ҳам шундай босимлар бўлар эди. Қашқадарёдаги милиция акамизни ўша куни кайфиятлари яхши бўлмаганми ёки бошқа сабаб бўлган. Менимча ҳозир қилган ишларидан афсусланаётган бўлсалар керак.

Daryo.uz таҳририяти ўз журналистларини қандай ҳимоя қилади?

– Биз нафақат ўзимизнинг журналистларини балки бошқа журналистларни ҳам ҳимоя қилиб келганмиз ва бундай вазиятларда ҳеч қачон ўзимизни четга олмаганмиз. Kun.uz журналисти ҳам Олмазор тумани ҳокимиятида тазйиққа учраганида, биз уларни биринчилардан бўлиб ҳимоя қилиб чиққан эдик.

Ўзбекистон сўз эркинлиги бўйича жаҳон матбуот рейтингида бир поғона пастладик, лекин бизда кундан-кунга сўз эркинлиги очилиб бормоқда, лекин нега пастладик?

– Жуда яхши савол, мен ўша рейтингни ўрганиб чиқдим. Бу таҳлил қилиш учун арзигулик воқеа. Ўзбекистон нима сабаб бир поғона пастлагани ҳам кўрсатилган. Ўзи рейтинг ажойиб тузилган ва рангларга бўлинган. Биз эса қизил рангда турибмиз. Энг қизиғи, Сингапур давлати қора рўйхатда. Бошқа томонни кўрсангиз, Америка ҳам Япония ҳам пастлаган. Япония билан Ўзбекистонни кўрсангиз сабаблар бир ҳил кўрсатилган. Уларда ҳам журналистларни 10 йилга қамаш мумкин экан.

EFFECT.UZ

Ўзбекистонда давлат ходимларига бўлган ишонч журналистга бўлган ишончдан пастроқ. Нега журналистлар жуда ҳам яхши ишлаяптими, ёки давлат хизматчилари шунчалик ёмон ишлашяптими?

– Шуниси ёмон-да… Президент ҳам “икки-учта танқидий мақоланглар яхши натижа беряпти” деб айтдилар балки гап шундадир. Очиғи, ҳамма сиёсий курсни яхши тушуниб етмаяпти. Агарда туман ҳокимлиги яхши ишлаётган бўлса, аҳоли бизга барибир мурожаат қилади деб ўйлайсизми? Албатта, мурожаат қилмайди. Негаки улар яшилни кўришса, бошқа ранг дейиши мумкин эмас? Мен журналистлар иш қидириб юришини хоҳлайман, бу – орзу бўлиб қолсин дейман.

АОКА Kun.uz ва Daryo.uz ўртасида бўлаётган ҳодисаларга ўз муносабатини билдириши керак деб ўйлайсизми ёки четдан кузатгани маъқулми?

– Балки уларга ҳам мурожаат қилишгандур, менга масалан АОКАнинг маъсул ходими телефон қилиб, ким тазйиқ ўтказганини сўради. Мен ҳеч қандай тазйиқ бўлмаганини ва бу хабар бўйича Kun.uz’га мурожаат қилишларини сўрадим. Менимча бунга муносабат билдириш ҳам керак эмас деб ўйлайман. Kun.uz ўз постида Daryo.uz’ни сабабчи қилиб кўрсатиб, аслида ўз дардини достон қилган. Шунга биз тушунмадик…

– Kun.uz бошқа оммавий ахборот воситалари ёки рақобатчиларини ёмон отлиқ қилиб кўрсатиб, медиа бозорда якка ҳукмронлик қилишни истаяптими?

– Йўқ, мен бундай ўйламайман, чунки қонунда монополлаштириш мумкин эмас деб ёзиб қўйилган.

– Kun.uz’нинг майдалашишига ёки бошқа сайтларнинг ишига аралашишига нима сабаб?

– “No Idea” дейди-ку, ниманидур ўйлагандир ёки режаси амалга ошмай қолгандир. Бу уйдурма постга Daryo.uz’ни қўшиш мақсади бўйича шахсий тахминларим бор. Балки улар бу материал орқали Daryo.uz’га ҳам тазйиқлар бўлса, улар ҳам эстафета байроқчасини олиб “ҳа бизга ҳам тазйиқ”лар бўляпти дейишимизни кутишганми… Балки аввалги эстафета (АОКА раҳбари Асад Хожаев томонидан юборилган тақдимнома хатлари) каби барча сайтлардан кутишганми, аниқ бир нарса дейиш қийин.

EFFECT.UZ

– Яхши, айрим танқидий постларнинг “404” бўлишига эса нима сабаб деб ўйлайсиз?

– Асосан журналистнинг хатоси орқали ёки кимнингдир шахсиятига тегиб кетган бўлишади. Журналист ҳам инсон адашиши мумкин.

EFFECT.UZ

– Фотосуратчи Мадина Нурман Бош вазир ўринбосари Шуҳрат Ғаниев ва Қишлоқ хўжалиги вазири Жамшид Хўжаевнинг эскалатордаги фотосини эълон қилиб, кейин ўчирди. Айнан ушбу ҳолат ҳам ўз вақтида яхшигина резонанс келтириб, чиқарган эди.

– Албатта, кулгули, у ерда вазирнинг ўзи бизга мурожаат қилган. Бу сурат Daryo.uz сайтида ёритилмаган.

EFFECT.UZ

Менга ёққан жиҳати кўплаб ташкилотлар Мадинани қўллаб-қувватлашган.

EFFECT.UZ

Мадина ажойиб инсон шундай ходимим борлигидан фахрланаман.

EFFECT.UZ

Кўплаб йиллар давомида бир ташқилотни танқид қилиб, кейин айнан ўша ташкилотга матбуот котиби бўлиб қолган журналистлар ҳақида нима дейсиз?

– Икки тахминим бор, демак шунча йил танқид қилиб келганлари нотўғри экан ёки улар шунчалик пулга ўч. Балки ўз нархини кўтариш учун атайин танқид қилиб, кейин шу йўлни танлашгандир?

– Маълумки, Daryo.uz сўнгги 2-3 йил давомида www.uz рейтингида етакчиликдан тушмай келади. Шундай бир таҳмин борки сизлар улардан рейтингни сотиб оласизлар. Аслида кунига сайтга ташриф буюрувчилар сони 300-400 минг ҳам эмас. Бунга нима дейсиз?

– Тўғрисини айтсам биз www.uz’га унча эътибор бермаймиз ҳам, Google Analytic бор у ерда ҳам биринчимиз. Чунки Daryo.uz ўқувчилари содиқ, аммо бизнинг ҳам Kun.uz’нинг ҳам ўз ўқувчиси бор.

Маълумот учун, Daryo – LIVE Телеграм каналида 21 апрель куни соат 14:13да “Комил Алламжонов ОАВ фаолияти бизнесларга бўлаётган босимга қарши фикр билдирди” деб номланган хабар чиқарилди ва орадан кўп ўтмай ўчирилди. Асосий сайтда эса соат 13:22да эълон қилинган ва ўчирилмаган.

Daryo – LIVE телеграм каналида эса кечки соат 20:39 қайта чоп этилган ва таҳририят хабар бошига:

“Битта шу хабар учун қайғуриб, бутун бошли текширилмаган хабар тайёрлаб, тарқатган ҳамкасбларимизга бағишланади” – деб изоҳ қолдирилиб, #бўлдидеэнди #ишлаганиқўйилар хэштеглари қўшимча қилинди.

Бироқ, Kun.uz ушбу хабар Давлат хавфсизлик хизмати ахборот хизмати аралашгаидан кейин ўчирилганлигини важ қилиб кўрсатди. Daryo.uz бош муҳаррири Муҳрим Аъзамхўжаев ушбу хабарга Телеграм каналида муносабат билдирди.

EFFECT.UZ

“Kun.uz Daryo – LIVE’даги гўёки битта пост ўчиб кетгани ҳақида уйдирма хабар тарқатибди. Daryo’нинг бирор хабарида имловий хато бўлса, айтиб, ёзиб туришарди, Daryo’нинг қайсидир хабари гўёки Kun.uz хабарига ўхшаб қолса ҳам дарров чиқишарди, нега бу сафар алоқага чиқмасдан, бунақа уйдирма хабар тарқатворишибди, ҳайронман, очиғи. Тавба, Kun.uz’га жуда ҳайрон қолдим (ТГстат ишлатишни ва у Телеграм-каналдаги ҳамма постлардан нусха сақлаб қолишини ман ҳам анчадан бери биламан).

Хотя, айб барибир ўзимда – улар қайғураётган пост кимдир телефон қилганидан кейин ўчирилгани уйдирма эканини аниқ-тиниқ ёзсам бўларкан.

Баъзан ростакам техник муаммолар ва тушунтириб бўлмас қўрқинчли тасодифлар ҳам бўлиб туради Ер сайёрасида. Масалан, 2015 йил мартида, президент сайлови натижалари эълон қилинганининг эртасига Kun.uz салкам бир суткамией ишламай, очилмай қолган, одамлар:

Энди бу сайт уйғонмайди, деб ёзишган твиттерларда. Чунки ўшанда Кун.уз сайлов якунлари бўйича ЕХҲТнинг ҳисоботини тўлиқ, танқидий қисмлари билан берган, ўша давр учун бу жасоратли бир воқеа бўлган (орадан икки ой ўтиб, масалан, Бибиси Ўзбек хизмати мани Kun.uz’дан кетишимни шу хабарга боғлаган).

Ваҳоланки, бу ўчиш режали техник ишлар — хостингни алмаштириш билан боғлиқ эди.  Мана шунақа. Пешонамизда шунақа ғалати воқеаларга гувоҳ бўлиш ҳам бор экан”, – деб ёзди.

Шунингдек, Kun.uz Ўзбекистондаги сайтлардан турли хабар ва мақолаларни ўчиртириш анъанага айланганлигини ва Kun.uz бу амалиётдан энг кўп жабр кўрувчи сайт эканлигини маълум қилди.

“Юқоридаги воқеадан қатъи назар, ҳақиқат шуки, Ўзбекистондаги сайтлардан ноқулай хабарларни ўчиртириш анъанага айланган ва Kun.uz бу амалиётдан энг кўп жабр кўрувчи сайтдир. Давлат хавфсизлик хизматининг Kun.uz фаолиятига арзимас масалалар бўйича ҳам асоссиз аралашавериши кеча ёки бугун бўлиб қолган ҳодиса эмас.

Йиллар давомида деярли ҳафтада бир марта бўлса ҳам қайсидир материал бўйича эътирозлар билдирилиб, ўзгартириш ёки бутунлай олиб ташлаш ҳақида кўрсатмалар бўлиб келади.

Сўнгги бир ойда ҳам бу ҳолат бир неча бор кузатилди. Давлат раҳбари бир неча марта тақиқлаган бўлишига қарамай якшанба – дам олиш куни Тошкент вилояти ҳокимлиги катта йиғилиш ўтказгани ҳақидаги хабарни Kun.uz’га етказган манбани ошкор қилиш, Диний қўмита раиси ўринбосари Дилшод Эшнаев ҳақидаги мақолани ёки Тошкент шаҳридаги хусусий мулкдорларга тегишли ташқи реклама конструкциялари асоссиз бузиб ташланаётгани ҳақидаги мақолани ўчириш талаби доирасида қилинган босимлар ҳам шулар жумласидандир.

Kun.uz таҳририяти давлат раҳбари олиб бораётган очиқлик сиёсатини тўла қўллаб-қувватлайди ва сайт контентини яратишда давлатнинг хавфсизлиги, фуқароларнинг тинчлиги ва юрт тараққиётини биринчи ўринга қўяди. Муаммо ҳали ҳам очиқ ва сайт таҳририяти бу муаммо ҳақида гапиришда давом этади”, дейилган Kun.uz сайтида эълон қилинган хабарда.

Daryo.uz сайтининг ушбу хабарга муносабати қуйидагича бўлди:

“Дарё” интернет-нашри таҳририяти журналист ва блогерларнинг қонун доирасидаги эркин фаолиятига нисбатан ҳар қандай тўсқинликларни, оммавий ахборот воситаларининг ишларига ташқаридан бўладиган ҳар қандай аралашувлар, босим ва тазйиқларни қоралайди. Таҳририят сўз ва матбуот эркинлиги тараққиётнинг асосий омилларидан бири, деб ҳисоблайди.

Ўз навбатида, “Дарё” интернет-нашри таҳририяти 21 апрель куни «Кун.уз» нашри томонидан “@daryo_live каналидаги тегишли ахборот давлат идораси аралашуви билан ўчирилган” деган мазмунда тарқатилган хабар ҳақиқатга мос келмаслигини маълум қилади. Таҳририят “Кун.уз” тарқатган ахборот тўлиқ текширилмай, нопрофессионал тайёрланган деб ҳисоблайди, жумладан, дастлабки хабарни эълон қилиш арафасида “Дарё”дан вазият бўйича изоҳ олинмаган.

Сайтнинг Телеграм-каналидаги тегишли хабарни ўчиртирган қудрат эгаси сайтнинг ўзидаги худди шундай хабарни қолдиришга изн берармиди? Ўша хабар ҳақиқатан ҳам бирор қудрат эгасининг талаби билан ўчиртирилганида, у яна такроран эълон қилинишига йўл қўйилармиди?

“Дарё” таҳририяти “Кун.уз”нинг медиабозордаги фаоллигини қадрлайди, айни вақтда, юқоридаги каби тушунмовчиликлар такрорланмаслиги учун нафақат “Кун.уз”, балки медиабозорнинг бошқа иштирокчилари (жумладан, “Дарё”нинг ўзи) ҳам профессионал жиҳатдан ўсишдан тўхтамаслиги керак, деб ҳисоблайди.

Шу билан бирга, “Дарё” “Кун.уз” маъмуриятини таҳририят ишига ташқаридан ноқонуний аралашув ҳолатлари юзасидан, агар шундай ҳолатлар ҳақиқатан ҳам бўлса, тегишли идораларга қонуний чора кўришни сўраб мурожаат қилишга чақиради.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *