Хабарингиз бор кеча 29 апрель куни EFFECT.UZ ахборот агентлигининг расмий веб сайтида  Жиззах вилояти, Ғаллаорол тумани “Кўкгумбаз” МФЙ, Дўстлик кўчаси 34 уйда истиқомат қилувчи фуқаро Хайринисо Эргашеванинг Ўзбекистон Республикаси Президентига мурожаати эълон қилинганди.

Ушбу холатга Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси  қуйидагича изоҳ берди:

EFFECT.UZ” сайтида Ғаллаоролик аёл фарзандининг қотилини 5 йилдан бери излаб юрибди деган мақоласи чоп этилган.

Унда фуқаро Х.Эргашева марҳум ўғли Р.Зоировни у билан бирга чўмилишга борган 8 нафар шахслар уриб, тан жароҳати етказганлиги ва сувга ташлаб ўлдиргани ҳолати бўйича айбдор шахсларга чора кўрилмаётгани ҳақида баён этилган.

Аниқланишича, 2016 йил 4 июль куни соат 14:30 ларда  Жиззах вилоятининг Ғаллаорол тумани, Маданият ҚФЙ, Кўкгумбаз қишлоғида яшовчи 1994 йилда туғилган Р. Зоиров

1-Қанғли қишлоғи ҳудудидан оқиб ўтувчи Сангзор дарёси бўйида жойлашган балиқ етиштириш учун махсус ихтисослаштирилган сунъий сув ҳавзасида чўмилаётган вақтида чўкиб вафот этган.

Марҳумнинг ўлими ҳолати юзасидан жами 5 маротаба суд-тиббий экспертизаси ўтказилиб, мурда 2 маротаба эксгумация қилинган.

Хусусан, Суд-тиббий экспертиза Бош бюросининг 24.04.2018 йилги қайта экспертизаси хулосасида Р.Зоировнинг ўлимига юқори нафас йўлларининг сув билан беркилиши натижасида келиб чиққан механик асфикция сабаб бўлганлиги кўрсатилган. 

Ҳолат юзасидан 2016 йилнинг август ойидан 2018 йилнинг май ойига қадар Ғаллаорол ва Фориш туман прокуратуралари томонидан терговга қадар текширув ўтказилиб, 4 маротабадан жиноят иши қўзғатиш рад этилган.

Ўз навбатида марҳумнинг онаси мурожаати, шунингдек, ҳолат бўйича ҳақиқатни аниқлаш ва якуний тўхтамга келиш мақсадида айрим тергов ҳаракатлари ўтказилиши лозимлигини инобатга олган ҳолда 07.05.2018 йилда Жиззах вилояти прокуратураси томонидан Р.Зоировнинг ўлими ҳолати юзасидан Жиноят кодексининг 97-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, жиноят иши терговни холисона бўлишини таъминлаш мақсадида Сирдарё вилоят прокуратурасига юборилган.

Сирдарё вилояти прокуратураси томонидан ўтказилган тергов натижасига кўра, жиноят иши 25.10.2018 йилда Жиноят-процессуал кодексининг 83-моддаси 1-бандига асосан тугатилган.

Шу билан бирга, ишга янада ойдинлик киритиш мақсадида мазкур жиноят иши 03.11.2018 йилда Бош прокуратуранинг Ўта оғир жиноятларни тергов қилиш бошқармаси иш юритувига олинган ва ўтказилган қўшимча тергов натижасига кўра, охирги маротаба 12.05.2019 йилда жиноят ишини Жиноят-процессуал кодексининг 83-моддаси 1-бандига асосан тугатиш ҳақида қарор қабул қилинган.

Мазкур қарор Бош прокуратура томонидан назорат тартибида ўрганилиб, асосли деб топилган. Бош прокуратура матбуот хизмати алоҳида қайд этадики, ҳар қандай жиноят, айниқса, инсон вафотига олиб келган ҳолатлар Бош прокуратура раҳбариятининг назоратига олиниб, ишнинг майда деталигача синчиклаб ўрганилади. Зеро, ўлим билан боғлиқ ҳолатлар шуни тақозо этади.

Шундай экан, инсон вафотига оид ҳолатлар терговчилардан қанчалик масъулият талаб қилса,  шу мавзуда материал тайёрлашда оммавий ахборот воситалари ходимларидан шунчалик эҳтиёткорлик ва хушёрлик талаб қилади. Фақат бир томоннинг фикри билан матбуотда бонг уриш жамоатчиликни чалғитиши баробарида марҳумнинг яқинлари  қайғусини янгилаши мумкин, холос!” – дейилади расмий муносабатда.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *