ЛГБТ ташкилотини тарғиб қилган, Тошкентдаги уйи олдида дўппослаб кетилган блогер Миразиз Бозоровга нисбатан Ўзбекистон Жиноят кодексининг “туҳмат” ва “ҳақорат” банди бўйича айблов эълон қилинди.

Манбанинг маълум қилишича, 29 апрель куни шифокорлар Бозоровга касалхонадан чиқишига рухсат беришган ва ИИБ ходимлари уни Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармасига олиб кетишган. Бу хабарни “fergananews” унинг адвокати Сергей Майоровга таяниб хабар бермоқда.

Ҳозир Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармасида уни сўроқ қилишяпти, ҳибсга олиш масаласи кўриляпти, – деди Сергей Майоров.

Авдокатнинг айтишича, Бозоров Ўзбекистон Жиноят Кодекси 139-моддасининг 3-банди ва 140-моддаси бўйича “ғаразли мақсадда туҳмат уюштириш” ва “ҳақорат” қилишда айбланмоқда.

Айбловга блогернинг ижтимоий тармоқлардаги чиқишлари асос қилиб олинган. Агарда Бозоров айбдор деб топилса уч йиллик қамоқ жазосига маҳкум этилиши мумкин.

Блогерга жиноий айбловлар учун унинг ўтган йил октябрида TikTok’да айтган “Мактаб-эски қуллар ва омадсизлар, ёш авлодни қул ва омадсиз бўлишга ўргатадиган жой”, деган гапи асос қилиб олинган.

Биздаги маълумотларга кўра, бу иш Тошкент шаҳридаги 110-сонли ўрта мактаб ўқитувчиларининг даъвосига биноан бошланган, улар Бозоровнинг ўтган йил октябрида TikTok’да жойлаштирган видеоларидан бирини кўтаришган, – деб қўшимча қилган адвокат.

Эслатиб ўтамиз, ҳукуматни танқид қилган ва ЛГБТ ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи чиқишлари билан танилган блогер Миразиз Бозоров 28 март куни кечда Тошкентдаги уйи олдида қора ниқобли одамлар томонидан дўппослаб кетилган ва у оғир тан жароҳати билан касалхонага ётқизилган.

ИИВ  баёноти

Миразиз Бозоров бундан аввал ҳам бир неча бор жамиятда юриш туриш қоидаларини қасддан менсимасдан, шахснинг қадр-қимматини камситувчи, миллатимизга хос бўлмаган, хурмача қилиқлари акс этган видеолавҳаларини ижтимоий тармоқлар орқали тарқатиб, ўзининг бузуқ хулқ-атворини оммага намойиш қилиб келган.

Натижада, жорий йилнинг 28 март куни унинг намақбул чақириқларини ўзларига нисбатан хақорат деб ҳисоблаган бир гуруҳ фуқаролар, бу ҳолат юзасидан ўз фикр ва қарашларини билдириш мақсадида Тошкент шаҳридаги Амир Темур хиёбонига тўпланган.

Бунинг оқибатида, мазкур шахслар томонидан оммавий тартибсизлик содир этилиб, жамоат хавфсизлигига путур етказилган. Ўз навбатида ҳуқуқ тартибот органлари томонидан мазкур тартибсизлик кескин бартараф этилиб, ҳуқуқбузарлик келтириб чиқарган шахслар қўлга олинган.

Улар билан тегишли тартибда профилактик суҳбат ўтказилиб, ёлғон чақириқларга ишонмасликлари, тартибсизликларнинг ҳар қандай кўриниши мутлақо йўл қўйиб бўлмайдиган ҳолат эканлиги тушунтирилди, улар ўзларига хулоса қилган.

АОКА баёноти

Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари, сўз  эркинлиги, фикр юритиш ва уни мустақил ифодалаш барқарор ривожланиб, жамиятда кун-сайин фикрлар, қарашлар хилма-хиллиги ўзгариб бормоқда.

Сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ва бошқа муҳим йўналишлардаги турли саволлар, шу жумладан нозик масалалар ҳам жамият иштирокида очиқ-ошкора муҳокама қилинмоқда.

Сўнгги кунларда интернет тармоғидаги ахборот майдонида аҳолисининг қарийб 94 фоизи мусулмон бўлган Ўзбекистонда ЛГБТ ғояларини тарғиб қилаётган Миразиз Базаровнинг ноқонуний чақирувлари оқибатида жамоатчилик, хусусан бошқа блогер ва интернет фойдаланувчилари томонидан кескин эътирозлар, таҳдидлар юзага келмоқда.

Агентлик мазкур ҳолатларни аввалдан тартибга солиш мақсадида Facebook ва Telegram ахборот ресурсларида 200 дан зиёд ўлдириш, зўравонлик ишлатиш таҳдидлари ёзилган постлар ҳамда изоҳлар мавжуд бўлган 54 та веб-сайтлар, веб-саҳифалар маъмурлари, блогерларга ЛГБТ ва бошқа шу каби номақбул оқимлар фаолиятини билиб-билмасдан тарғиб қилиш, ноқонуний кўча юришларига чорлашни тўхтатиш бўйича расмий хабарномалар юборди.

Бундан ташқари, М.Базаровнинг хатти-ҳаракатлари юзасидан ҳуқуқий баҳо берувчи Ахборот ва коммуникациялар соҳасидаги эксперт комиссиясининг алоҳида хулосаси тайёрланди.

Шунингдек, жамият ҳамда интернет фаоллари, айрим блогер ва журналистларнинг ҳолат юзасидан ўз позициялари билдирилган хулосалари шакллантирилмоқда.

Мазкур хулосалар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга қонунчиликка зид ҳолатларни бартараф этиш юзасидан чоралар қўллашда фойдаланиш учун юборилади.

Агентлик барча блогерлар ва ижтимоий тармоқлар фаолларидан жамият орасида адоват қўзғатувчи, турли хил нопок ғояларни илгари сурадиган  материал ва постларни тарқатишдан тийилишни сўрайди.

Зеро, интернет тармоғидан фойдаланган ҳолда фуқаролар орасига низо солиш, зўравонликка чақириш, ғазабга келтириш ва тартибсизликларни уюштириш билан шуғулланиб, ғайриқонуний ҳаракатларни содир этганлар белгиланган тартибда жазога тортилади”, дейилади АОКА баёнотида.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *