“Vision 2030” бу – Саудия Арабистонининг йирик иқтисодий ислоҳотлар дастури ҳисобланади. У мамлакатни анъанавий иқтисодий тизимдан ривожланган, барқарор, кучли ва халқаро миқёсда рақобатбардош иқтисодий тизимга эга давлатга айлантириш учун жорий қилинган дастурдир.

Ўтган бир неча ўн йиллар мобайнида Саудия Арабистонининг миллий, маданий ва иқтисодий куч асоси фақатгина нефть экспорти ва энергетика соҳаси бўлиб келди. Углеводород экспорти умумий экспортнинг 85 фоизигача бўлган қисмини ҳамда давлат даромадларининг катта қисмини ташкил қилар эди. Ҳозирги вақтда нефть ЯИМнинг атиги 30-40 фоизини ташкил қилса-да, давлат иқтисодий тармоқларининг катта қисми нефтга боғлиқлиги, мамлакат ҳаётида нефтнинг таъсири ҳамон юқоридир.

2019 йил маълумотларига кўра, мамлакат аҳолиси 33,4 миллион бўлиб, аҳолининг ўртача ёши 25 га тенг[1] ва бу жиҳатдан Саудия “бугунги кун” ҳақида эмас, кўпроқ келажак ҳақида ўйлашга мажбурдир. Шу боис, қироллик оиласи келажакда барқарор иқтисодиётни шакллантириш, узоқ муддатли даромад манбаларини яратиш, замонавий инновацион технологияларни татбиқ қилиш, иқтисодий парадигмаларни ўзгартириш, маҳаллий ишлаб чиқаришни кучайтириш йўлидаги зарур чора-табдирларни бошлаган. 2016 йили шаҳзода Муҳаммад бин Салмон Абдулазиз ал-Сауд жаҳон иқтисодиётида янги тармоқлар ривожланиб, тараққиётнинг анъанавий усуллари ўз кучини йўқотиб бораётганини ҳисобга олиб, Саудия Арабистони учун янги тараққиёт йўналишини белгилади.

“Vision 2030” (Нигоҳ 2030) номи билан маълум бўлган мазкур дастурда 2030 йилгача Саудия Арабистонини мисли кўрилмаган даражада ривожлантириш, уни Яқин Шарқнинг мустаҳкам ва мутлоқ биринчи молиявий марказига айлантириш, араб-мусулмон дунёсида етакчилик мақомини мустаҳкамлаш ва шу орқали жаҳонда етакчи иқтисодий куч марказларидан бири мақомига эришиш бўйича аниқ вазифалар белгиланган. “Vision 2030”нинг асосий мақсадлари қуйидагилардан иборат:

Саудия Арабистонини жаҳоннинг ривожланган 19- давлатидан иқтисодий жиҳатдан тараққий этган 15-мамлакати даражасига олиб чиқиш;

Мамлакатда хусусий сектор улушини ЯИМнинг 40 фоизидан 65 фоизигача ўстириш;

Нефтга боғлиқ бўлмаган экспорт улушини 16 фоиздан 50 фоизгача кўтариш;

Давлатнинг нефтга боғлиқ бўлмаган даромадларини 163 миллиард Саудия риалидан 1 триллион Саудия риалигача ошириш;

Макка ва Мадинага келувчи зиёратчилар сонининг йиллик 8 миллионлик кўрсаткичини 30 миллионгача ошириш;

2030 йилга келиб, ҳарбий техник ҳаражатларнинг 50 фоизидан ортиғини маҳаллийлаштириш;

Нефть ва газ соҳасидаги миллийлаштиришни 40 фоиздан 75 фоизгача кўтариш;

Давлат инвестиция жамғармаси активларини 600 миллиарддан 7 триллион Саудия риалигача ошириш.

Саудия қироллик оиласи, хусусан, валиаҳд шаҳзода Муҳаммад бин Салмон ўз малакатининг 2030 йилга келиб, жаҳондаги етакчи куч марказларидан бирига айланишида уч асосий устуворлик мавжуд деб ҳисоблайди, улар: араб-мусулмон дунёсининг маркази сифатидаги етакчилик мақоми, инвестицион салоҳияти ҳамда стратегик қулай ўрнидан фойдаланиб, халқаро савдонинг бошқарувчиларидан бири бўлиш ва шу орқали Африка, Осиё ҳамда Европани бирлаштирувчи куч сифатида ўз-ўзини намоён қилиш.

Мазкур дастурда ички иқтисодий ва ижтимоий ислоҳотлар билан бирга минтақавий ҳамда халқаро миқёсдаги ташқи сиёсатга ҳам алоҳида урғу берилган. Сўнгги йилларда мамлакат ташқи сиёсат борасида фаоллик кўрсатиб, ўзининг анъанавий ҳамкор давлатлари географиясини кенгайтиришга ҳаракат қилмоқда.

Шунга кўра, Саудия Арабистони мусулмон дунёсидаги етакчилик мақомини мустаҳкамлаш, ривожланаётган мусулмон давлатларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, шу билан бирга, истиқболли бозорларни излаб топиш мақсадида Марказий Осиё минтақасига эътибор қаратмоқда. У минтақадаги истиқболли мамлакатлар сифатида Ўзбекистон ва Қозоғистонни эътироф этади.

Сўнгги уч йилда Саудия минтақага йўналтирган сармояларининг энг катта қисмини Ўзбекистон иқтисодиётидаги турли тармоқлар, хусусан, энергетика соҳасига йўналтирди. Шунга кўра, айтиш мумкинки, янгиланаётган Саудия Арабистонининг иқтисодий келажаги учун пойдевор вазифасини ўтаётган “Vision 2030” янгиланаётган Ўзбекистоннинг ҳам иқтисодий жиҳатдан ривожланишига таъсир кўрсатиши мумкин. Қуйида буни бир неча рақамлар таҳлили билан кўрсатиб беришга ҳаракат қиламиз.

Саудия Арабистони ва Ўзбекистон муносабатларидаги илиқлик янги ҳодисами?

Араб-ўзбек муносабатларидаги ҳозирги илиқлик янги ҳодиса эмас. Зеро, Саудия Арабистони ва Ўзбекистон ўртасидаги муносабатлар ўтган асрнинг 90-йилларида ҳам мавжуд эди. Ҳозирги ҳолат кўпроқ 90-йилларда араб олами билан кўзда тутилган ўзаро манфаатли ва прагматик муносабатларни янги шароитларда қуришни давом эттириш ва жараённинг тезлашишидир.

2017 йилгача бўлган босқичда томонлар бир-бирининг имкониятлари ва салоҳиятини чуқур ўрганган. Энг аввало, сиёсий режимлардаги тафовутлар ва Араб ҳудудларидан радикал ғоялар кириб келиши билан боғлиқ таҳдид ушбу муносабатлар тўлақонли ривожланишига тўсиқ бўлди.

2016 йилдан Ўзбекистонда бошланган очиқ ва конструктив ташқи сиёсат шароитида Араб давлатларига нисбатан қарашлар ўзгарди. Ўзбекистоннинг араб давлатларидаги ташқи сиёсати минтақа атрофида барқарорлик ҳамда хавфсизлик белбоғини барпо этиш масалаларини ўз ичига олган 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида кўзда тутилган асосий вазифалардан келиб чиқади.

Араб давлатларидаги етакчи нашрлардан бири – “Riyadhpost” нашри “сўнгги йилларда Форс кўрфази Араб давлатлари Марказий Осиё минтақасига ўз эътиборини қаратмоқда” деб ёзади. Нашр хулосасига кўра, кўрфаз Араб давлатларининг бу ҳамкорлиги иқтисодий манфаатларни кўзлаган бўлиб, минтақа давлатлари иқтисодиёти ривожланишига кўмаклашиш ҳамда истиқболли йўналишларда ҳамкорлик қилишдан иборатдир.

Европанинг Марказий Осиёга оид тадқиқотларни эълон қилиб борувчи “Novastan” нашри ҳам Форс кўрфази араб давлатларининг минтақадаги фаоллашувини янги бир ҳодиса сифатида баҳоламайди. Унда ёзилишича, “улар (Саудия Арабистони ва БАА) бу фаоллик орқали ўзларини янги минтақавий куч сифатида намоён этишларини яна бир бор тасдиқламоқда. Гарчи, асосий мотивлардан бири иқтисодий манфаатдорлик бўлса-да, барибир геосиёсий масала муҳим аҳамиятга эга” – деб ёзади.

Таъкидлаганимиздек, 2017 йилда халқаро ва ички вазият ўзгариши шароитида мамлакат Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Араб давлатларига, хусусан, Форс кўрфази Араб давлатларига нисбатан муносабат ҳам ўзгарди. Буни Саудия Арабистони ва БАА каби давлатларнинг республика иқтисодиётига сармоялар киритиш борасидаги фаоллигида кўриш мумкин.

Саудия Арабистонининг Ўзбекистон иқтисодиётидаги турли тармоқларга сармоялар киритиши 2018-2021 йилларда жадал тус олди ва у ўзаро муносабатларнинг бутун тарихи давомидаги кўрсаткичлардан ҳам ошиб кетди. Шунингдек, “Vision 2030” дастури доирасида Саудия Арабистони Ўзбекистонга янгича нигоҳ билан қараётгани ҳамкорлик алоқаларига фаоллик тусини бермоқда. Ҳамкорликни ривожлантириш йўлида ўндан ортиқ истиқболли режалар тайёрланаётгани ҳисобга олинса, Саудия – Ўзбекистон муносабатлари сифат жиҳатидан янги босқичга чиқди, деб айтиш мумкин.

Саудия Арабистони Ўзбекистон энергетика бозорида фаоллашмоқда

2021 йилнинг 25 январь куни Ўзбекистонга ташрифи асносида Саудия Арабистони Подшоҳлиги инвестициялар вазири Ҳолид ал-Фалиҳ энергетика соҳасидаги шартномаларни назарда тутиб, “бу шартномалар икки томонлама сармоявий ҳамкорликнинг янги босқичини бошлаб беради”, деб таъкидлаган эди.

Дарҳақиқат, сўнгги йилларда Саудия Арабистонининг асосий сармоялари мамлакат энергетика тармоқларига йўналтирилмоқда. Энг кўп сармоялар биринчи ўринда энергетика соҳасига, ундан сўнг эса қишлоқ хўжалиги, соғлиқни сақлаш, фан ва таълим соҳаларига йўналтирилганини кўришимиз мумкин.

2020 йилдан эътиборан, Саудия Арабистонидаги етакчи компаниялардан бири “ACWA Power” Ўзбекистон энергетика бозорига энг кўп сармоя киритаётган хорижий инвесторлардан бири бўлиб турибди. Яқин Шарқ минтақасида йирик компания ҳисобланадиган “ACWA Power” электр станцияларини, шунингдек, сувни чучуклаштиришга мўлжалланган саноат иншоотларини қуриш, лойиҳалаш, молиялаштириш ва улардан фойдаланишга ихтисослашган. Компания халқаро майдондаги фаолиятини Яқин Шарқ, Африка, Марказий ва Жануби-Шарқий Осиёдаги 12 мамлакатда амалга оширади. Сўнгги йилларда у Марказий Осиё, хусусан, Ўзбекистонда катта лойиҳаларни амалга оширишга киришган.

2019 йилнинг 20 сентябрида Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган Энергетика Инвестицион форуми доирасида Энергетика вазирлиги ва “ACWA Power” компанияси ўртасида қуввати 500 МВтдан 1000 МВтгача бўлган шамол электр станциясини қуриш бўйича келишувга эришилди. 2020 йилнинг 5 мартида эса “ACWA Power” компанияси раҳбарияти билан Сирдарё вилоятида қиймати 1,2 млрд долларга тенг иссиқлик электр станциясини қуриш тўғрисидаги келишув имзоланди.

Бундай келишувлар “ACWA Power” компаниясининг кенг кўламли инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ҳисобига Ўзбекистон сармоявий бозорида иштирокни кенгайтириш ниятида эканини билдирмоқда. Сирдарё ИЭС қурилишига старт берилгач, Навоий ва Бухоро вилоятларида мос равишда умумий қуввати 1000 МВтлик “Баш” ва “Жонкелди” шамол электр станциялари қурилиши бўйича имзоланган инвестиция шартномалари бунинг тасдиғидир. 2024 йилда ишга туширилиши мўлжалланган мазкур электр станциялари йилига 3,6 млрд кВт*с миқдорида арзон электр энергияси ишлаб чиқаришни таъминлайди. Лойиҳаларнинг умумий қиймати 1,3 млрд долларни ташкил этади.

“ACWA Power” президенти Paddy Padmanathan “Стратегик даражада ушбу лойиҳа Саудия Арабистонининг бутун жаҳон бўйлаб ҳукуматлар билан арзон энергия ва сув таъминотига бўлган талаби ортиб боришини таъминлашга содиқлигининг яна бир мисолидир. Саудия Ўзбекистоннинг муқобил электр энергиясидан фойдаланишга ўтиш ҳаракатларини қўллаб-қувватлашдан ғурурланади” дея таъкидлайди.

Компания бошқаруви раиси Муҳаммад Абунайян эса “Сирдарё ИЭС қурилишига старт берилиши, ЭСК ва Ўзбекистоннинг паст даражали углеводород чиқиндили ресурслардан фойдаланишга ўтишида муҳим омил саналадиган Бухоро ва Навоий вилоятларидаги “Баш” ҳамда “Жонкелди” шамол электр станциялари бўйича Инвестиция келишувлари имзоланиши бизнинг энергетика тармоғини ислоҳ қилиш ва мамлакат ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан ривожлантирилишини рағбатлантириш жараёнидан илгарилаб кетишга бўлган интилишимизни ифодалайди. Бу, шунингдек, иқтисодиётни диверсификациялаш, Саудия Арабистони Қироллиги ташқарисида хорижий инвестициялар ҳажмини янада ошириш ҳисобига бизнинг “Vision–2030” лойиҳасига риоя қилаётганимизни тасдиқлайди”, деди.

2021 йилнинг 25 январида Саудия Арабистони инвестициялар вазири Ҳолид ал-Фалиҳ Ўзбекистон республикасига ташрифи жараёнида Президент Шавкат Мирзиёев билан ўзаро ҳамкорлик алоқаларининг жорий ҳолати ва истиқболларини муҳокама қилди.

Музокараларда муқобил энергия манбалари асосида ишловчи электр станцияларини қуриш бўйича янги лойиҳаларни ишлаб чиқиш, қолаверса, Ўзбекистон миллий электр энергияси тизимини давлат-хусусий сектор ҳамкорлиги асосида модернизация қилиш орқали энергетика соҳасидаги Ўзбекистон-Саудия Арабистони алоқаларини янада кенгайтиришга келишиб олинди. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва “Dr. Sulaiman Al-Habib Medical Group” компанияси ўртасида ҳамда Ўзбекистон Республикаси Капитал бозорини ривожлантириш агентлиги билан “DirectFN Ltd.” компанияси ўртасида ҳамкорлик Меморандумлари имзоланди.

2021 йилнинг 23 январида Бухоро шаҳрида бўлиб ўтган Ўзбекистон-Саудия Арабистони бизнес-форуми ва Ўзбекистон-Саудия Арабистони ишбилармонлар кенгашининг биринчи йиғилишида ҳам ҳамкорлик алоқаларини кучайтириш бўйича ўнлаб келишувларга эришилди.

Жумладан, Саудия Арабистони Савдо-саноат палаталари Кенгаши ва Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ўртасида Қўшма тадбиркорлик кенгашини ташкил этиш бўйича ҳамкорлик қилиш тўғрисидаги Битим, “Uzbekistan airways” АЖ ва “Flynas” компанияси ўртасида туризмни ривожлантириш тўғрисидаги ўзаро англашув Меморандуми ҳамда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ва подшоҳ Файсал номидаги Ислом тадқиқотлари маркази ўртасида ўзаро англашув Меморандуми имзоланди.

Бу лойиҳалар Ўзбекистон Ҳукуматининг 2030 йилга бориб, шамол электр станциялари ишлаб чиқарган электр энергияси миқдорини 3 ГВт га етказишга қаратилган мамлакат энергия балансини диверсификациялаш дастурига киради.

Лойиҳаларнинг амалга оширилиши углерод чиқиндиларини ҳам йилига 1,6 млн тоннага камайтириши ва шу билан Ўзбекистон Ҳукумати томонидан 2031 йилгача энергия қувватларининг 40%ни қайта тикланувчи энергия манбаларига ўтказиш бўйича мақсадларга эришишга кўмаклашиши кутилмоқда.

Кузатувларимиз шуни кўрсатмоқдаки, Саудия Арабистони ҳақиқатан ҳам, сўнги йилларда Ўзбекистон ишбилармонлик муҳитидаги иштирокини кенгайтиришга уринмоқда. Аммо бу кўп ҳолатларда айрим соҳаларнигина қамраб оляпти. Яъни юқорида таҳлил қилинганидек, ҳамкорлик энергетика соҳаси билангина чекланиб қоляпти.

Истиқболли йўналишлар

Саудия Арабистонининг улкан сармоявий салоҳияти “Visiоn 2030” дастурида назарда тутилган янги ва истиқболли сармоявий бозорларни топишда муҳим аҳамиятга эга. Шунингдек, ҳамкорлик географиясини кенгайтириш ҳамда ривожланаётган мусулмон давлатларни қўллаб- қувватлаш тамойилларига содиқликни ҳисобга олган ҳолда Саудия билан нафақат энергетика соҳасидаги ҳамкорликни кучайтиришга, балки унинг улкан салоҳиятидан бошқа бир қатор тармоқларни ривожлантиришда ҳам фойдаланиш самарали натижаларга олиб келади.

Хусусан, соғлиқни сақлаш, металлургия, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, ахборот-коммуникация соҳаси, транспорт ва логистика, фонд бозорини ривожлантириш, туризм каби қатор йўналишларда қўшма лойиҳаларни биргаликда ишлаб чиқиш республикада мазкур соҳалар ривожига ижобий таъсир кўрсатади.

Саудия Арабистони Ўзбекистонда қишлоқ аҳолиси ва ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламни ишлаб чиқариш жараёнига жалб этиш ҳамда хорижга қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини кейинчалик етказиб беришни ташкил этиш асосида Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги, паррандачилик ва чорвачилик соҳасида Ўзбекистон-Саудия Арабистони қўшма корхоналарини ташкил этишга катта қизиқиши мавжуд ва у бу борада аниқ дастурлар ишлаб чиқилишини кутмоқда.

Мақола муаллифи: Шавкат Икромов – Яқин Шарқ давлатлари бўйича тадқиқотчи, Тошкент давлат шарқшунослик университетининг ўқитувчиси

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован.