EFFECT.UZ ахборот агентлигига Жиззах вилояти,  Ғаллаорол тумани “Кўкгумбаз” МФЙ, Дўстлик кўчаси 34 уйда истиқомат қилувчи фуқаро Хайринисо Эргашевадан мурожаат келиб тушди. Ҳолатни ўрганиш мақсадида EFFECT.UZ журналисти Раҳматулло Насриддинов Жиззахга етиб борди.

Маълум бўлишича, онахоннинг 1994 йил  25 апрелда туғилган ўғли Зоиров Рашиджоннинг  2016 йил 4 июлда Ғаллаоролдаги Даврон Юлдошев ширкат хўжалигигa қарашли  балиқ етиштириладиган сув ҳавзаси  ичидан жасади топилган.

EFFECT.UZ
Марҳум Зоиров Рашиджон

Х.Эргашеванинг айтишича, ўша куни ўғли у ерга 8 нафар дўстлари билан бирга борган.

EFFECT.UZ
Хайринисо Эргашева

Хайринисо Эргашева  Бош прокуратура ва тегишли органлардан  норози бўлиб, EFFECT.UZ  орқали шахсан Президент Шавкат Мирзиёевга очиқ мурожаат  йўлламоқда:

“Ҳурматли Президентим Шавкат Мирзиёев. Мен EFFECT.UZ орқали тўғридан – тўғри шахсан ўзингизга мурожаат қилишимга етарлича сабаблар бор. Беш йилдан буён бир ҳақиқатни юзага чиқариш учун сарсон бўлмоқдаман. Сиздан жуда қаттиқ илтимос қиламан, Бош прокурор Ниғматилла Йўлдошевдан норозиман.

EFFECT.UZ
Ниғматилла Йўлдошев

Негаки, у киши мен билан тўрт маротаба учрашиб ҳам ҳеч қандай ёрдам беролмади. Терговчилар, суд тиббий экспертиза хулосаларидан ҳам норозиман. Улар 2016 йил 4 июлда ўғлимнинг бутун танасини очиб кўриб, жиноят изларини яширганлар.

EFFECT.UZ

Тишлари синиғини яшириш учун оғзига, қовурғаларининг синиғини  билинтирмаслик учун бутун танасига пахталар тиқишган. Экспертизачи Ж.Бобобеков ҳақиқатни ёзмаган. Бир томонлама экспертиза қилинган.

Муҳтарам Президент! Ниғматилли Йўлдошев бошқарувидаги ходимлар ҳаммасини кўра – била туриб ҳар сафар бир хил жавобни қайтариб ётибди. Ҳақиқатни очиб беришингизни, токи мен каби оналар бошқа йиғламасликлирини истайман. Ҳеч ким менга ўхшаб фарзанд доғида куймасин.

EFFECT.UZ

Ҳақиқат борми Ўзбекистонда? Ҳақиқат юзага чиқадими ўзи? Қачон бу прокурорлар ҳаққоний халқ учун ишлайди?

Мен қариган чоғимда сарсон бўляпман. Ҳеч ким эшитмаяпти.  Агар мутасаддилар ҳалол ишлаганларида мен беш йилдан бери сарсон бўлиб юрмаган бўлар эдим.  Ниғматилла Йўлдошев ваъда берди аммо ҳалигача ҳеч нима бўлгани йўқ.

Ҳурматли Бош прокурор сиздаям фарзанд, ота – она бордир. Виждонан ишланг.  Шавкат Миромонович прокурорингиз Н.Йўлдошевни назоратга олинг илтимос.  Ҳеч кимим йўқлиги айбимми энди? Наҳотки Аллоҳдан  қўрқмайди булар?

EFFECT.UZ

Боламнинг ўлимини томоша қилиб турган 8 та бола (М.А, М.Ж, Қ.М, Д.И, А.Р ва бошқалар)  “ялло” қилиб юрибди. Улар фарзандимнинг ўлимини кузатиб туришган, болам бечоранинг сувдан чиқишга қийналиб, ҳатто тирноқлари шишиб кетган. Болам ҳашарга бориб М.А.нинг кийимида ишлаганини прокурорлар ўша куннинг ўзидаёқ назоратга олмаган.

Ш.С ва Э.И каби терговчилар бу ҳақда бир оғиз сўрамаган. Манфаат устун бўлган уларга. Ўз ишига масъулият билан ёндашмаган.  Халқ қабулхонасига неча марталаб бордим. Умуман фойдаси бўлмади. Қадрли Шавкат Миромонович, нажот фақат сиздан!” – дея ўз сўзларини якунлади  Хайринисо Эргашева.

Президент Шавкат Мирзиёев 2018 йил 18 мартда Самарқанд вилоятига ташриф буюрган пайтида Пастдарғом туманида видеоселектор йиғилиши ўтказиб, прокуратура тизимини қаттиқ танқид қилиб:

EFFECT.UZ
Шавкат Мирзиёев

“Бирорта одам коррупцияга аралашса, ўша куни қаматтираман. Ким бўлишидан қатъи назар. Мана эшитаяпсизлар, қанча одамни қаматвордим. Нега десангиз, порахўр ҳаммаси. Бош прокурорни нега қамадим? Ҳаммаси ўғри эди. Ҳар бир туман прокурори қанчадан пул берганини булбулдек сайраб ётибди турмада.

Самарқандда ҳам 7 туман прокурори ҳар ойда бериб турган. Ҳар ойда 2 минг доллардан берган, прокурор бўлиш учун 35-40 минг доллардан берган. Тайлоқ тумани прокурори 40 минг берган бўлса, бу пулни қайтариши учун Тайлоқни сотиши керак-ку? Мана қандай вазиятда яшаганмиз. Қонун устувор, жазо муқаррар. Мен неча марта айтаяпман. Худо хайрингларни берсин. Энди ҳалол ишламасак, қўймайман ҳеч кимни.

Қўлимиз калта эди, бир-иккита ташкилотлар бор эди. Ғўддайиб, атрофимизда пойлаб юрарди. Ўзлари энг катта ўғри эди. Бу ҳам ҳақиқат. Энди ишлаш керак. Мана биз шароит қилиб беряпмиз. Аравани тортиш керак”, – деган гапларни айтган эди.

Эслатиб ўтамиз, 2019 йил собиқ Бош прокурор Рашид Қодиров иши бўйича унинг ўзи ва яна 13 шахсга суд ҳукми ўқилди. Суд ҳукми билан, 2000-2015 (10) йилларда Ўзбекистон Республикасининг Бош прокурори лавозимида фаолият кўрсатиб келган Рашид Қодиров пора беришга далолат қилиш, фирибгарлик, солиқлар ёки бошқа мажбурий тўловларни тўлашдан бўйин товлаш, тергов қилишга ва суд ишларини ҳал этишга аралашиш, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш каби ҳокимият, бошқарув ва жамоат бирлашмалари органларининг фаолият тартибига қарши бир қатор оғир ва ўта оғир жиноятларни содир қилганликда айбли деб топилган.

EFFECT.UZ
Рашид Қодиров

Суд ҳукми билан айбли деб топилган жиноятлари учун Рашид Қодировга ЖК 50-моддасининг 6-қисми тартибида 10 йил озодликдан маҳрум қилиш ва энг кам ойлик иш ҳақининг 500 баравари миқдорида жарима жазоси тайинланган. Бундан ташқари, суд оғир ва ўта оғир жиноятлар учун судланган Рашид Қодировни махсус унвон ва давлат мукофотларидан маҳрум қилиш ҳақида тақдимнома киритишга қарор қилган.

Ажабланарлиси, яна бир ҳолат: Давлат хавфсизлик хизматининг собиқ раиси Ихтиёр Абдуллаев ва у тузган жиноий уюшма аъзоларининг қора ниятлари узоққа бормайди. 2019 йил сентябрь ойида бўлиб ўтган судда Ихтиёр Абдуллаев жиноий уюшма ташкил этиб, мансаб ваколатини суиистеъмол қилиб, уюшган гуруҳ ва жиноий уюшма манфаатларини кўзлаб, жуда кўп миқдорда пора олиш, Ўзбекистон Республикаси манфаатларига хилоф равишда битимлар тузиш, товламачилик, ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилиш, божхона тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш ва шу каби бир қатор жиноятларни содир этганликда айбли деб топилиб, жиноятлар мажмуи тариқасида 18 йил муддатга озодликдан маҳрум этиш жазосига ҳукм қилинади.

EFFECT.UZ
Ихтиёр Абдуллаев

Ихтиёр Абдуллаев 2009 йилдан президент маслаҳатчиси, 2015 йил апрелидан 2018 йил 31 январига қадар Ўзбекистон бош прокурори сифатида ишлаган. У 2018 йилнинг 31 январидан 2019 йилнинг февралига қадар ДХХга раҳбарлик қилди. Шу йил январида соғлиги ёмонлашгани туфайли ўз аризасига биноан лавозимдан озод этилди. 2019 йил баҳорида унга нисбатан мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш, порахўрлик билан боғлиқ жиноятларни содир этганлик бўйича унга нисбатан жиноят иши очилди.

2018 йил февралида ДХХ раиси Ихтиёр Абдуллаевга ўринбосар этиб тайинланган Жаҳонгир Эгамов 2018 йил декабрида ишдан олинган, 2019 йил 2 январида қўлга олинган. 2019 йил сентябрида унга нисбатан 16 йилга озодлик маҳрум этиш жазоси тайинланган.

Бундан ташқари, яна бир Бош прокурор Отабек Муродовнинг ҳам фаолияти узоққа чўзилмади. 2020 йилнинг февралида собиқ бош прокурор Отабек Муродовга 5 йил озодликни чеклаш жазоси тайинланди.

ДХХ собиқ раиси Ихтиёр Абдуллаев ва унинг ўринбосари Жаҳонгир Эгамовга нисбатан жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича Ҳарбий судда Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 210-моддаси ва бошқа моддаларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбланган собиқ бош прокурор Отабек Муродовга суд ҳукми эълон қилинди.

EFFECT.UZ
Отабек Муродов

Ҳукмга кўра, судланувчи О.Муродовга нисбатан жазо чорасини белгилашда суд Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва жиноят қонунчилигида белгиланган инсонпарварлик ва адолат тамойилларига асосланди. Хусусан, судланувчининг содир этган жиноятлари учун чин кўнгилдан пушаймон эканлиги ва жиноий қилмишларни фош қилишда фаол ёрдам берганлиги ҳамда жиноят оқибатида етказилган зарар тўла қопланганлиги инобатга олинди.

Натижада, содир этилган жиноятнинг хусусияти ва ижтимоий хавфлилик даражаси, судланувчининг шахси, оилавий аҳволи, яшаш жойидан ижобий тавсифлангани каби жазони енгиллаштирувчи ҳолатлар эътиборга олиниб, О. Муродовга 5 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди.

Ваҳоланки, 2018 йилнинг январидан Ўзбекистон Бош прокурори лавозимида ишлаган Отабек Муродов 2019 йил ёзида лавозимидан озод этилиб, сентябрь ойида қамоққа олинган эди.

Шавкат Мирзиёев cобиқ бош прокурорларга нисбатан жиноят ишлари қўзғатилгани ҳақида гапирар экан, раҳбарлардан “100 минг, 50 минг доллар” миқдорида пуллар олингани ҳақида тўхталган:

“Бу нима деган гап? Мансаб берса, дарров ўзгариб қолади. Вилоят прокурорларидан 100 минг, 50 минг долларлаб олинади. Прокуратура ва солиқ тизимидагиларнинг ҳаммаси порахўр. Мен буни яхши биламан. Мен Муродовга ишонч билдиргандим. Прокуратурада коррупция бўлаверадиган бўлса, мен қандай қилиб инвесторларни жалб қиламан? Инвестор депутат ёки ҳукумат одамидан эмас, тадбиркордан сўрайди давлатдаги ҳолат ҳақида. Тадбиркор нима дейди? Прокурор ҳам, вазир ҳам пул олади дейди-да! Собиқ раҳбарларнинг ҳаммаси, у Абдуллаев бўладими бошқасими, катта муддат билан кетади!”, дeб таъкидлаган эди Шавкат Мирзиёев.

Шунингдек, давлат раҳбари агар шу кетишда бўлса, прокуратура тизими қисқартирилишини ва кўплаб ваколатлар Адлия вазирлигига берилиши ҳақида огоҳлантирган.

2000 йил февралидан Ўзбекистон бош прокурори бўлган Рашид Қодиров 2015 йилнинг апрелида лавозимини тарк этган ва унинг ўрнини Ихтиёр Абдуллаев эгаллаган. Абдуллаев 2017 йил январида Давлат хавфсизлик хизмати раҳбари лавозимини эгаллагач, унинг ўрнида Отабек Муродов иш бошлаган. Муродов 2019 йилнинг 20 июньида лавозимдан озод этилиб, ўрнига ўша вақдаги Сенат раиси Ниғматулла Йўлдошев янги бош прокурор этиб тайинланган эди.

Мухбир: Раҳматулло Насриддинов

Матн муаллифи: Акмалхон Эшонхонов

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *