Effect.uz журналистлари янги – “Туманда бир кун” лойиҳасига асос солишганидан хабарингиз бор. Лойиҳамизнинг дастлабки сонида Олтиариқ туманига қилинган сафаримизнинг дастлабки манзили “Ўзбекистон Қаҳрамони” Лола Муродова раҳбарлигидаги “Нурли обод” фермер хўжалиги бўлди. Қаҳрамонимиз бугунга қадар ўтказган синовли ва машаққатли фаолияти ҳақида гапириб берди.

– Ассалому алайкум, Лола опа, авваламбор муқаддас Рамазон ойида сиз билан кўришиб турганимдан жуда хурсандман. Икки ойдан сўнг яна ҳосил йиғим-терим ишлари бошланади. Фермерлик фаолияти сизни қийнаб қўймаяптими. Умуман узоқ йиллик меҳнат фаолиятингиз ҳақида гапириб берсангиз.

 

Ҳар бир ишнинг ўзига яраша машаққати бор. Деҳқончиликнинг бошқа соҳаларга қараганда мураккаб томонлари мавжуд. Инсон ўзининг касбига юракдан қизиқса, меҳр-муҳаббати билан ёндашса, ота-онаси, опа-сингиллари ва ака-укалари каби меҳр берса, олдида турган ҳар қандай машаққатни енгиб ўтади. Биз ҳам сизлар каби ёш бўлганмиз. Ўрта мактабда ўқиб юрган пайтларимизда Республикамиздаги қишлоқ хўжалиги соҳасида хизмат қилаётган механизаторларга ҳавас қилганмиз.  «Саодат», «Муштум», «Гулхан» каби журналларини топиб ўқиганмиз. 

Бизнинг оиламиз механизаторлар оиласи бўлган яъни мен ота касбининг давомчисиман. Биринчи устозим дадам  эди. Отам колхозда механизатор эдилар.

У пайтлар универсал «ЧТЗ» темир ғилдиракли трактор бўларди, резина ғилдиракли тракторлар ҳали йўқ эди. Ана шундай техникаларда туманимиз ерларида ундан ортиб, бошқа ҳудудларда чигит эккан. Сирдарёнинг Мирзачўлида механизаторликка ўқиган. Кейинчалик олий маълумотли кадрлар келганидан сўнг уларга ишни топширган. Қишлоғимизда сувчилик ва фермерлик қилган. Иккинчи жаҳон урушида қатнашиб, шундан сўнг 55 йил қишлоқ хўжалигида меҳнат қилди. Бир кам тўқсон ёшида оламдан ўтди. Бир дақиқа ҳам қариликни тан олмай далада ишлади. «Ота, ёшингиз улуғ, бирорта ғўзанинг поясига илиниб қолманг»,- деб ҳазиллашсам, «Ҳали бақувватман, бирорта чигит чаноғида қолмасидан йиғиштириб олиш керак»,- дерди.

Ўн нафар фарзандни тарбиялаган онам: («7 қиз ва уч ўғил. Ҳозирда 6 қиз ва икки ўғил қолганмиз») «Агар бизнинг фарзандимиз бўлсанг, ишлаган жойингдан бизга лаънат олиб келма, ҳалол ишла», деб насиҳат қиларди. Биз шу ўгитлар билан мактабни битирдик.

Қишлоқ аёлларига қийинчилик бўлмасин деб, механизаторликдан ишни бошлаганман. Сизлар билмайсизлар, у вақтларда мактаб ўқувчилари ҳам далага нафақат пахта теришга балки уни ягона қилиш ишларига жалб қилинарди.

Юзталаб болалар пахтани тоқлашарди. Совхознинг 3-бўлим 6-бригадасига келсак (мактаб директори Ҳафиза Исмоилова ҳам келганди), катта толнинг тагида «28 Х 4» трактори турган экан. Унинг механизатори ҳарбий хизматга жалб қилинган эди. Уни минишга заҳира механизатор ҳам мавжуд эмасди. Партком ва бригада бошлиғи менинг трактор ҳайдай олишимни билишарди. Директоримиздан илтимос қилиб, шу тракторни мен ҳайдашимни сўрашган. Сентябргача тракторни миниб, пахтани пишириб берсин, деб айтишган.

 

Мен эса тракторнинг ҳолатини кўрай, иш берадими ёки йўқ кейин жавоб бераман дедим. Текшириб кўрсам, аккомульятори йўқ экан. Ерни ичида юрадиган техника калит билан юриши керак. Чунки иш пайтида ўчиб қолса, уни даланинг ўртасида итариб ҳаракатга келтиришни бир ўйлаб кўринг. Ёки бошқа трактор уни тортгани кирса, ғўза нобуд бўлади. Сиёсат шундай эди, бу учун қамалиб кетишим мумкин деб туриб олдим. Рация орқали колхоз гаражига қўнғироқ қилишди. Электрик келиб янги аккомульятор қўйиб берди.

Отамга бўлган воқеани айтиб бердим. Отам менга далда берди, агар юракдан ишласам бемалол ўрганиб олишимни тушунтирди. Суюнганимдан эрталабгача ухлолмадим. Отам билан келдик, мени дуо қилиб тракторга ўтқазди. Бугунча ўргатаман, кейин ўзинг эплаб кетасан деб айтдилар.

 

Обиджонов Муҳаммаджон деган йигит менга ёрдам берарди. Органга ҳашак тўлса, тозалаб мен билан бирга ишларди. Шу тариқа ўша пахтани пиширганмиз. Пахта териш машинаси олиб, ҳосилни йиғишда энг юқори натижани кўрсатганмиз.

Биринчи йили 100, иккинчи йили 125, кейинг уч йилда 130 тоннагача пахта тердим. Ўшанда кўпчиликнинг эътиборига тушганман. Комсомол ёшлар бригадаси 56 гектар ер бериб мени бригада бошлиғи этиб тайинлашди. 32 та ёшлар билан 4 йил бригада бўлиб ишладик.

Фарғона каналининг суви Тожикистон ҳудудини ҳам суғоряпти. Шўр сувдан фойдалангандан кўра қайтарма насос билан ўзимизнинг ерларга сувчиқариш кераклигини айтдим. Йиғладим. Насос ўрнатилди. Менга қадар 17 та бригадир ишлаган экан. Мен 18-бригадир эдим. Ҳали ҳеч ким бундай яхши натижа кўрсатмагани учун ўша насосга менинг номимни беришди. Аллоҳ ўшанда юрагимга солган экан, ҳалигача бу орқали кўп фермерлар ундан фойдаланишяпти.

– Демак инсон бир нарсани чин дилдан истаб, меҳнат қилса, албатта, ўз самарасини беради…

Бизни қўллаб-қувватлайдиган танкамиз йўқ эди. Ҳаммасига ўз билимимиз ва машаққатли меҳнатимиз билан эришдик. Сабр-қаноатли бўлиш ҳам керак. Ота-онам доимо, меҳнат билан унсон ўлмаган, болам, деб таъкидлашарди. Меҳнат қилган инсон ҳеч қачон кам бўлмайди.

Ибратли оилаларга ҳавас қилиш керак. Кимдир бой бўлиб кетса ҳасад қилишади. Нима учун, ахир, у кечалари билан ухламай меҳнат қиляпти ва Аллоҳ беряпти унга. Оёқ-қўлимиз бут, кўзимиз кўряпти экан меҳнатдан тўхтамаслигимиз керак. Инсон ҳаётга бир марта келади, келажак авлодга фойдали бўлган иш қилиб кетиш керак. Ёшлар ана шунда эслаб юришади ўз аждодларини.

Ўша пайтларда мени компартия райкомга чақирган, совхознинг  5-бўлимига раҳбар бўлишимни айтишди. Шароит жуда оғир бўлган ҳудудлар эди. Бир ерни обод қилганимдан кейин бундай ҳудудларга келишни истамаганман. Менга у ерларни обод қилишим кераклигини бу орқали аҳолини жалб қилишни мендан бошқаси уддалай олмаслигини тушунтиришди. Ҳозир гапиришга осон. Шамол келса, қумга қўшилиб учиб кетиш ҳеч гап эмасди. Қумли шамол пахталарни нобуд қиларди.

Бригадаларга яхши сувчиларни жалб қилдим, бир оила фарзандларидек ишладик, темир интизом билан ишладик. Ерларни обод қилдик, эски ва оғир техникалар ёрдамида ишлов берардик. Чигитни уч мартагача экардик, шамол пайҳон қилаверарди. Ишчиларимизга Палатка ўрнига 40 кунда шийпон қурдирдик. Оғир меҳнат орқали «Тошкент – 6» нави пишиб етилди.

Мен билан бирга ишлаганларнинг кўпчилиги оламдан ўтди, қани энди улар бугунги замонавий тракторларни кўзлари билан кўришса…

Лола Муродова 2019 йил 31 август куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг фармонига мувофиқ «Ўзбекистон Қаҳрамони» унвони билан тақдирланган.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *