Сўнгги йилларда Ўзбекистонда миллий ахборот тизимини шакллантириш, Давлат ва жамият ҳаётининг барча жабҳаларида замонавий ахборот коммуникация технологияларидан фойдаланиш учун бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. Бу соҳанинг юқори суратдаги тараққиёти, шу билан бирга мамлакатимизнинг глобал дунёга тизимли равишда, трансформациялашиб бориши, илк навбатда, мамлакат ёшлари ва уларнинг ижтимоийлашуви билан аҳамият касб этмоқда.

Ҳозирги даврда замонавий билимларни эгалламай туриб, маълум мақсадга эришиб бўлмайди. Бу борада ахборот технологияларини, дастурлаш ҳамда IТ соҳаси (илмий теҳника) бўйича чуқур билимга эга бўлиш, янги лойиҳа ва ишланмалар устида ишлаш уларни юрт фаровонлиги йўлида ва мамлакат ривожланиши учун татбиқ этиш жуда муҳимдир.

Қандай соҳа бўлишидан қатъий назар унинг истиқболи ва ривожланишини замонавий технологияларсиз тасаввур этиш жуда мушкул. Айниқса, ҳудудларда ўз фаолиятини бошлаётган IТ парклар, ихтисослаштирилган мактаблар ҳамда ўқув марказларининг ташкил этилиши, стартап ғояларнинг илгари сурилиши аҳоли турмуш тарзи ва фаровонлигининг яхшиланишига олиб келади ҳамда у ердаги маҳаллий ривожланиш даражасига ижобий таъсир қилади. Шу билан бирга, ёшларнинг илмий ва ижодий салоҳиятини ошириши, уларнинг ўз интеллектуал билимини намоён қилиши, аналитик фикрлаши, иқтидори, ва ижтимоий мослашуви учун зарур шароитлар яратиш бўйича салмоқли ишлар амалга оширилмоқда.

Таъкидлаш керак, дунё мамлакатлари тажрибасида илмий тадқиқотлар, IТ технологиялар, стартап ғоялар, компютер саводхонлигига жуда катта эътибор берилади. Биз ҳам фақатгина илм-фан ютуқлари ва янги технологиялар орқали иқтисодий ўсишга эришишимизни англаб етишимиз даркор. Зеро, Президентимиз айтганидек, “Халқимиз дунёқарашида илғор технологиялар муҳитини яратиш энг муҳим ва долзарб вазифаларимиздан биридир”.

IТ-парклар эса, мана шундай мақсадларни ўзида мужассам этиб, ўқиш ва истиқболли лойиҳалар устида ишлаш, дастурий маҳсулотлар бозорига чиқишга кўмаклашиш, келажакнинг илғор ёшларини кенг жалб қилиш, уларни юксак салоҳиятли қилиб тарбиялаш учун учун замонавий макондир. Бугунги кунда бу ерда минглаб стартаплар устида ишланяпти, миллионлаб дастурчилар тайёрланяпти.

Ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантиришнинг муҳим шартидан бири бу, мана шундай дастурий маҳсулот ва рақамли хизматларни тақдим этиш учун қулай шарт-шароит яратиш, уларни ички ҳамда ташқи бозорга олиб чиқиш, инновацион ишланмаларни рағбатлантиришдир.

Ўзбекистон Ҳиндистоннинг ахборот ва технология компаниялари билан биргаликда дастурий таъминотни ишлаб чиқиш, стартапларни жадаллаштириш бўйича илғор тажрибалари асосида Ўзбекистонда ахборот технологиялари паркини яратишга қизиқиш билдирди. Таъкидлаш мумкинки, IТ-парк Ўзбекистон Республикаси Президентининг ташаббуси билан стартап-экотизим ва стартап-лойиҳаларни такомиллаштириш ва уларни мамлакатимизда амалга ошириш учун яратилган.

IТ-Парк бу – IТ-компаниялар учун истиқболли бошланғич лойиҳаларни, ташқи иқтисодий зонани, шу жумладан илмий ва таълим ташкилотлари билан интеграциялашган ҳолда ишга тушириш ва бозорга чиқаришни таъминлаш учун мўлжалланган объектлар, бино ва иншоотлар мажмуаси. IТ соҳасида фаол ва иқтидорли инсонлар бухгалтерия ҳисоби, юридик, маркетинг ва таълим орқали ўз ғояларини ҳақиқий бизнес лойиҳаларига айлантириш учун қулай имкониятга эга бўладиган жойдир.

2019 йилда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев IТ-паркда бўлиб, янги босқич қурилиши учун илк рамзий тошни қўйди ва Тошкентда мамлакатимиздаги биринчи IТ-парк очилди. Ахборот технологиялари соҳасида ўнлаб лойиҳаларни яратди, шунингдек, ёшларни рағбатлантириш, ушбу соҳага қизиқиши ва аҳолида компютер саводхонлигини ривожлантирди. “Иқтисодиётимизнинг барқарорлиги, барча соҳаларнинг сифатли ва самарали ишлаши, аҳоли ҳаётининг қулайлиги ахборот технологияларига боғлиқ. Шунинг учун ушбу соҳа учун янада кенг имкониятларни, зарур инфратузилмани яратиш, мутахассисларни рағбатлантириш, қобилиятли ёшларни тарбиялаш керак”, – деган эди Шавкат Мирзиёев.

Республика  ҳудудларида “Беш ташаббус” доирасида жами 120 та рақамли технологиялар ўқув марказлари фаолияти йўлга қўйилди. Ушбу марказларда ўтган йил бошидан буён 18 мингдан ортиқ ёшлар ўқитилди.

Ҳозирги кунда IT соҳасида учта техникум фаолияти йўлга қўйилган. Уларда жами 700 га яқин ёшлар таълим олмоқда. Ўқув йили бошланишига қадар қолган ҳудудларда хам 11 та техникумларни ташкил этиш режалаштирилмоқда.

Ҳозирда IT соҳасида йилига ўртача 5 минг нафардан ортиқ олий маълумотли кадрлар етишиб чиқарилади, шундан 3 минг 300 нафари Тошкент ахборот технологиялари университети ҳиссасига тўғри келмоқда. Ўтган йилда Андижон, Фарғона, Сирдарё, Жиззаҳ, Самарқанд ва Қашқадарё вилоятларида IT-парк филиаллари ташкил этилди, IT-парк резидентлари сони 440 дан ошди, улар томонидан мингга яқин янги иш ўринлари ташкил этилди, дастурий маҳсулотлар ва хизматлар ҳажми 1 триллион сўмдан ортди.

2021 йилдан бошлаб халқаро IТ сертификатларини қўлга киритган ёшларга харажатларининг 50 фоизигача бўлган қисмини қоплаб бериш вазифалари белгиланди.

Шундай экан, Тошкент шаҳрида IT-парк резидентлари сонини кўпайтириш ва уларга етарли имкониятлар яратиш доимий диққат марказида турибди. Шу мақсадда хориждан жалб қилинган эксперт билан ҳамкорликда умумий майдони 408 минг кв.м.га тенг ҳудудда инфратузилма объектларини бунёд этиш концепцияси ишлаб чиқилиб, қурилиш ишлари амалга оширилмоқда.

IT-паркда резидентларга молиявий, маркетинг, юридик ва бошқа консалтинг хизматлари кўрсатилади. Резидентлар учун молиявий имтиёзлар берилган. Улар 2028 йилнинг 1 январига қадар барча солиқ ва давлатнинг мақсадли жамғармаларига мажбурий ажратмалардан, шунингдек, бир марталик ижтимоий тўловлардан озод қилинган. Тақдим қилинган имтиёзлар ва преференсиялар туфайли хизматлар ҳажми ва экспорт ҳажми йилдан-йилга ошиб бормоқда. IТ-парк резидентлари дунё бозорларига чиқиб, ўз хизматларини хорижий компанияларга кўрсатиб келишмоқда.

IТ соҳаси бугунги кунда энг юқори талабга эга ва устувор соҳалардан бири ҳисобланади. Стартаплардан тортиб энг йирик компанияларгача яхши IТ мутахассисига эҳтиёж сезади. Шу туфайли ҳам ушбу  мутахассисларига бўлган талаб жуда юқори. Тадбиркорлар, компания ҳамда ташкилотларнинг малакали IТ ходими учун юқори маош тўлашга доимо тайёр. Республикамизда бундай марказлар очилаётгани бежиз эмас. Бу ҳар бир инсон ўқиб ўрганиши, IТ дунёсига қўшилиши учун амалга оширилмоқда.

Шу қатори, IT-парк томонидан мобил робототехника бўйича миллий терма жамоа шакллантириш жараёни бошланди. Бу каби марказларнинг қурилиши ва лойихаларнинг амалга оширилиши замирида келажак авлод учун берилаётган имконият ва ишонч борлигидир.

Ҳамма соҳада бўлгани каби бугунги кунда ахборот технологиялари ва коммуникация соҳасида ҳам илм-фан ютуғлари шиддат билан кириб бормоқда. Бу эса, инновацион лойиҳаларни жорий этиш, дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик парклар фаолиятини ривожлантириш, ижтимоий-иқтисодий ўсишга мос стартап ғояларни қўллаб-қувватлашга ундайди ҳамда глобаллашув жараёнида рақобатбардошликни оширади.

Шуни алоҳида қайд этиш лозимки, техника ва коммуникация асрида инсонларнинг дунёқараши, фикри кун сайин ўзгариб бормоқда. Бугунги кунда уларни ҳайратлантириш, турмуш тарзини буткул ўзгартириб юбора оладиган лойиҳаларни ишлаб чиқиш ҳам қийинлашиб бормоқда. Бунинг асосий сабабларидан бири уларнинг замонавий ахборот коммуникацияларидан фаол фойдаланиши, дунёда рўй бераётган янгиликлар, воқеа-ҳодисалардан тез хабардор бўлишидир.

Шунга кўра, соҳада ёшларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш, уларда ижодкорлик, креативлик қобилиятларини янада ривожлантириш мақсадида янги лойиҳалар ишлаб чиқилмоқда. Ўйлайманки, бу лойиҳалар уларнинг истеъдоди, ихтиролари ҳамда ғояларини ҳаётга татбиқ этишда муҳим рол ўйнайди.

Хулоса ўрнида таъкидлаш жоизки, Ўзбекистонда АКТ соҳаси ривожи ва илғор технологияларни фаоллаштириш, уни изчил юксалтириш бўйича дастурлар ишлаб чиқилиб, аниқ қадамлар қўйилмоқда. Бу эса, келажакда енгилмас соҳа билимдонларини тарбияланишига, уларнинг интеллектуал салоҳиятининг ошишига хизмат қилади.

Моҳинур ҚУДРАТУЛЛАЕВА, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ахборот хизмати масъул ходими

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован.