Испаниянинг Малёрка оролидаги Манакор шаҳри полицияси 22 кишига коронавирус юқтиришда гумонланган 40 ёшли фуқарони қўлга олганини маълум қилди. У 8 кишига бевосита, 14 кишига билвосита коронавирус юқтирган, касалланганлар орасида уч нафар чақалоқ ҳам бор. 23-апрел куни гумонланувчининг иши судга оширилди. Бу ҳақда Испания полициясига таяниб, Медуза хабар берди.

Январь ойининг охирида Манакор шаҳрининг «номдор муассасаси»даги ходимлардан бири «афтидан, коронавирус билан касаллангани ва буни яширгани» оқибатида CОВИД-19 авж олиши ҳақида маълум бўлгач, тергов-суриштирув ишлари бошланган эди, дейилади хабарда.
Коронавирус авж олишидан бир неча кун олдин гумонланувчида касаллик аломатлари пайдо бўлган, лекин у ҳамкасблари вирусни юқтириб олишдан хавотир олаётганига қарамай, уйига кетишни рад этган. Ишдан кейин у коронавирусга ПЗР-тестини топширган ва кейинги куни тест натижаларини кутмай, яна ишига қайтган. Бундан ташқари, у ўша куни машғулот залига ҳам борган.
Компания менежери ва ҳамкасблари унинг уйига кетишини талаб қилган. Ташкилот ходимларининг сўзларига кўра, гумонланувчининг тана ҳарорати 40 даражагача кўтарилиб кетган. Шунга қарамай, у ҳамкасбларининг илтимосини эътиборсиз қолдирган. Кун давомида у иш жойида йўталиб, атайлаб тиббий ниқобини ечиб юрган ва ҳамкасбларининг барчасига коронавирус юқтирмоқчилигини айтган.
Кечқурун унинг коронавирусга топширган тести мусбат натижа берган. Текширув давомида аниқланишича, компаниянинг яна беш нафар ходими коронавирус билан касалланган ва улар ҳам ўз навбатида вирусни атрофидагиларга юқтирган, улар орасида ёш болалар ҳам бор. Гумонланувчи борган машғулот залида эса коронавирус билан уч киши бевосита зарарланган ва натижада уларнинг қариндошлари ҳам коронавирус юқтириб олган. 22 нафар касалланганларнинг ҳеч бири шифохонага ётқизилмаган, деб таъкидлади полиция.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *