Битта дарахт йилига 15 минг литргача сувни тупроқда сақлайди. Дарахтларнинг атроф муҳитга бераётган фойдаси туфайли мегаполислар ҳар йили 150 миллион долларга яқин маблағни тежайди.

Дарахтлар шаҳар ҳавосини 2-8 даражага салқинроқ қилади.  Жаҳон банки маълумотларига кўра Ўзбекистон ҳудудининг фақатгина 7,5 фоизи табиий ўрмонлар билан қопланган. Дунё мамлакатларида эса бу кўрсаткич ўртача олганда 30 фоизни ташкил қилади.

Афсуски, Ўзбекистонда дарахтлар масаласи доимий равишда кўтарилиб келинса ҳам, муҳокамалар мавзуси кўпинча ноқонуний дарахт кесиш ҳақида бўлиб қолавермоқда.

Ортда қолган биргина 2020 йилда Ўзбенкистон бўйлаб 2020 йилда жами  7812 туп дарахт ноқонуний кесилган ва жамиятга 15,3 миллиард сўмлик зарар етказилган.

Бу кетишда мусаффо осмонимиз “тутун” билан қопланади

2021 йил январда  Сергели туманида 14 туп дарахт экскватор билан ноқонуний тарзда қўпориб ташланди. Етказилган зарар 151 млн 194 минг сўмга баҳоланган.

Тошкент шаҳар экология бошқармаси хабарига кўра, Сергели тумани, Спутник 4 мавзеси 40 б уй олдида жами 14 туп хар хил турдаги дарахтлар ҳеч қандай рухсатномасиз илдиз қисмидан қўпориб ташлаган.

Ўрганишлар натижасида кесилган дарахтлар Toshkent Industrial Export Center қурилиш майдонига олиб кирилганлиги ва улардан олтитаси кўчириб ўтқазилганлиги аниқланган.

Ҳолат юзасидан ўсимлик дунёсига жами 151 млн 194 минг сўм зарар етказилгани маълум қилинган ва тўпланган ҳужжатлар хуқуқни муҳофаза қилиш органларига юборилган.

Биз бундай бўлишини истамаймиз…

Яна бир мисол, шу йилнинг январь ойида Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш инспекциясининг хулосасисиз, Қарши шаҳар ҳокимлиги томонидан 10 гектар майдонда кичик саноат зонасини барпо этиш учун 2874 туп дарахт ноқонуний кесиб юборилган.

Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш инспекцияси Давлат экология қўмитаси ва Қашқадарё вилояти ҳудудий бошқармаси инспекторлари белгиланган манзил бўйича мурожаатни ўрганиб чиқдилар.

Ўрганиш натижаларига кўра, вилоят ҳокими қарорига асосан ажратилган 10 гектар ер майдонида Кичик саноат зонаси ташкил этилаётган бўлган. Мазкур ҳудуддаги 2 874 туп ҳар хил турдаги дарахтлар давлат рақами (555 SA 70) экскаватор техника воситаси ёрдамида илдизи билан қўпорилганлиги аниқланди ва ҳолат юзасидан далолатнома тузилди.

Экология қўмитаси матбуот хизмати маълумотларига кўра, Қарши шаҳар Қурилиш бўлимининг 2020 йил 23 ноябрдаги Қарши шаҳар “Буюк Турон” МФЙ, Буюк Турон кўчасида ташкил этилаётган “Кичик саноат зонаси” ҳудудидаги экинзор ва дарахтларни таг қисмидан олиб ташлаш тўғрисидаги мурожаатига жавобан Қарши шаҳар Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш инспекцияси томонидан дарахт ва буталарни кесиш тартиби кўрсатиб ўтилган ҳолда, дарахт ва буталарни кесишга рухсат берилмаган.

Шу билан бирга, ажратилган 10 гектар ер майдонида ташкил этилаётган Кичик саноат зонаси бўйича Давлат экология қўмитасининг экологик ҳулосаси олинмаганлиги аниқланган. Давлат экология қўмитаси матбуот хизматининг маълум қилишича, ушбу ҳудуддаги 12 гектар ердан аҳоли фойдаланиб келган.

Бир суткадан кўпрок вақтда дарахт кесиш бошланган. Муаммо нимадан келиб чиқяпти. Одамлар бўлиб-бўлиб олган, лекин олганлиги тўғрисида ҳеч қандай ҳужжат йўқ. Аҳолинининг агар томорқа ҳудуди бўлганида у мевали дарахтлар ўзининг мулки ҳисобланар эди.

Хоҳласа кесиши мумкин эди унда. Лекин ўша ер кадастр ҳужжатларида белгиланмаганлиги сабабли, бу табиат мулки ҳисобланади ва давлатнинг захира ери саналади. Шу пайтгача ҳам захира ери ҳисобланган, лекин аҳоли ундан фойланиб келаверган.

Бунёд Абдуллаев

Бу ҳам Қарши шаҳар ҳокимияти томонидан қилинган ноқонуний ҳолат. Чунки захира ерини аҳоли фойдаланишга бериш мумкин эмас. Жиноят аломатлари жуда юқори!”, — дея маълум қилди Экология қўмитаси матбуот котиби Бунёд Абдуллаев.

Бундан ташқари, Қашқадарёдаги экология инспекцияси чалғитилгани ва бу аҳолининг томорқа ери деб келишганлиги маълум қилинди.

Бироқ ҳужжатлар текширилганда ернинг фақат 3 гектарида 24 минг дарахт борлиги аниқланган (қолган 7 гектар ердаги дарахтлар сони суриштирилмоқда — таҳр.), улардан 2874 тупи кесиб ташланган. Қолганлари сақлаб қолинди”, — деб қўшимча қилди Бунёд Абдуллаев.

Кейинги ҳолатга тўхталадиган бўлсак, Самарқанд туманида жойлашган Сулфакабутак маҳалласининг Сулфакабутак ва Х.Ғиёсов кўчалари кесишган қисмида, яъни чойхона бурчагида 2021 йил 7 февраль куни 1 туп қимматбаҳо чинор дарахти кесилгани ҳақидаги хабар юзасидан  экологик рейд ўтказилди.

Чинор дарахти кесилган манзилга Ўзбекистон Экологик партияси Самарқанд вилояти партия ташкилоти ходимлари, вилоят экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси ходимлари келиб, ҳақиқатан ҳам 1 туп чинор дарахти тагидан кесилгани ва тўнкаси илдизи билан ковлаб олиб ташланганига гувоҳ бўлди.

Ўрганиш давомида маълум бўлишича, ушбу чинор дарахти кўчани кенгайтириш мақсадида туман автойўл корхонаси бошлиғи С.Алиев ва бошқа масъуллар топшириғига асосан ноқонуний тарзда кесиб ташланган.

Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 18 февралдаги 93-сон қарорига кўра, қимматбаҳо дарахт ва буталар қаторига 78 турдаги ўсимликлар киритилган.

Шу жумладан чинор, тол, эман ва сарв қимматбаҳо дарахтлар ҳисобланади.  Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раиси ўринбосари Исломбек Боқижонов:

Исломбек Боқижонов

“Ўтган  2020 йилда экологик назорат тадбирлари натижасида 3890 та ҳуқуқбузарлик аниқланиб, жами 7812 туп дарахт, шундан 3428 туп қимматбаҳо дарахт ноқонуний кесилгани учун 136 нафар мансабдор шахсга 4,5 млрд сўм жарима солинди ва 15,3 млрд сўмлик етказилган зарар аниқланди.

Мораторий даврида қарийб 5609 та жисмоний ва юридик шахсдан қимматбаҳо дарахтлар ва турли ўрмон фондига кирмайдиган дарахтлар кесилиши бўйича ариза тушган. Бу мурожаатларда 258 минг дарахт тупини кесиш масаласи кўтарилган. Шундан 182 минг туп қимматбаҳо дарахт кесилиши рад этилган.

Ижтимоий тармоқларда бир йил давомида 400 га яқин дарахт кесилиши бўйича танқидий материал чиққан. Бу — дарахт кесилишининг олдини олиш бўйича ишларимизга яхши самара кўрсатяпти” – дея йиллик ҳисоботни эълон қилганди.

Ўзи дарахт кесиш мумкинми?

Обьектив сабабларга кўра, дарахтларни кесишга мутлақо тақиқ қўйиш мумкин эмас.Шу сабабли, қуриган ёки одамлар ва уларнинг мулки хавфсизлигига таҳдид соладиган дарахтлар ва буталарга нисбатан мораторий қўлланилмайди.

Уларни кесиш учун ҳокимликнинг қарори ва Давлат экология қўмитаси идораларининг розилиги талаб этилади. Бугунги кунда кесиш ишларини фақат ободонлаштириш бўлимлари амалга ошириши мумкин.

Бино ва коммуникацияларни қуриш ва реконструкция қилиш учун ҳам дарахтларни кесиш мумкин. Бунинг учун ҳокимликнинг Давлат экология қўмитаси билан келишилган қарори бўлиши керак. Иложи бўлса, дарахтлар ва буталарни қайта тиклаш керак. Йўқотилган қисми эса 1 та дарахтга 10 та кўчат нисбатида қопланади.

Қарор бор. Ижрода…

Ўзбекистон Республикаси Президентнинг 2021 йил 3 февралдаги фармони билан республикада давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахт ва буталарнинг қимматбаҳо навлари кесилишига жорий этилган мораторийнинг амал қилиш муддати 2021 йил 31 декабргача узайтирилди.

Ҳужжат билан ҳар бир кесилган дарахт ва буталар учун компенсация тарзида 10 туп қимматлилиги жиҳатидан кесиладиган дарахт ва буталардан кам бўлмаган, йирик ўлчамли кўчат экиш ҳамда уларни камида икки йил давомида парвариш қилиш мажбурияти киритилган.

Шунингдек, ноқонуний кесилган дарахт ва буталар учун эса уч йил давомида парваришлаш шарти билан 100 туп кўчат экиш мажбурий этиб белгиланган. Дарахт ва буталарнинг кесилишига жорий этилган мораторий талабларига риоя этилиши устидан жамоатчилик назоратини кучайтириш мақсадида дарахт ва буталарнинг ноқонуний кесилишини аниқлаган ёки олдини олган фуқароларни рағбатлантириш тизими жорий этилди.

Бунга қадар президентнинг 2019 йилдаги 30 октябрдаги фармони [ПФ-5863-сон] билан мораторий муддати 2019 йил 1 ноябрдан 2020 йил 31 декабрга қадар амалда бўлиши кўзда тутилганди.

Бу ҳолатлар Президентни ҳам чуқур ўйлантирганлиги кўриниб турибди. Йиғилишларидан бирида:

“Юртни, маҳалла – кўчаларни ободонлаштириш, манзарали дарахтлар экиш ортидан тоза экологиямизни асраб қолишимиз  мумкин. Бошқа йўл йўқ!” – деб алоҳида таъкидлаган эди.

Бундан кўриниб турибдики, дарахтларнинг ноқонуний кесилиши Президент сиёсатига  мутлақо зиддир! Бироқ, мораторий даврида қарийб 5609 та жисмоний ва юридик шахсдан қимматбаҳо дарахтлар ва турли ўрмон фондига кирмайдиган дарахтлар кесилиши бўйича ариза тушганлигидан  битта хулоса чиқариш мумкин: ижро оқсаяпти. Айрим мутасадди ташкилотларнинг масъулиятсизлиги ҳамда муаммони охиригача ўрганишга эринаётганлиги  ортидан  ўзига  заҳарли газларни  ютиб, тоза ҳаво чиқариб берадиган дарахтлар ваҳшийларча қўпорилиб ташланмоқда.

Ноқонуний кесилганлиги аниқланди деб хабарлар чиқадию, кесганлар қандай жазолангани  ҳақида  нима учун тегишли ташкилотлар томонидан  ОАВга маълум қилинмайди?

Саволлар жуда кўп…

Аброр Поёнов

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *