EFFECT.UZ ахборот агентлигига Жиззах вилояти Пахтакор тумани Пахтакор шаҳарчасида истиқомат қилиб келаётган эр-хотин шифокорлар Ўрол Қосимов ва Саодат Қосимовалардан мурожаат келиб тушди. Ушбу мурожаатни ўрганиш мақсадида журналист Аъзам Хўжақулов Жиззахга етиб борди.

Аъзам Хўжақулов

Мурожаатчилар қарийб 25 йил давомида тиббиётда тўплаган билимларини  халқ табобати билан уйғунлаштирган ҳолда  даволашни йўлга қўйиш мақсадида  нодавлат  тиббиёт муассасаси яъни, хусусий табобат клиникаси  очмоқчи бўлиб, яхши ниятлар билан  2019 йилнинг 27 март куни  “Zanjabil Shifo” деб номланган  хусусий корхонани давлат рўйхатидан ўтказади.

Мурожаатчилар

“Биз бир неча йиллардан буён халқ табобати билан шуғилланамиз. Чунки, турли гиёҳлар ва дамламалар орқали замонавий усулларда даволаш анчайин самарали ҳисобланади.  Ота – боболаримиз ҳам табиблик билан шуғилланишган.  Ҳозир аёлларда миома, киста каби хасталиклар кўпайиб кетди. Уларни операция орқали даволашмоқда.

Бу эса аёлнинг кейинчалик фарзанд кўриш даражасини сўроқ остида қолдириши мумкин.  Эркаклардаги простатитни даволашда ҳам халқ табобати анча самара беради. Ўзбекистоннинг турли ҳудудларидан келган беморларни айни дамда уйимизда даволашимизга тўғри келмоқда!” – деди  Саодат Қосимова.

Бу чала қурилган клиника битиши учун кредит олиниши керак

“Хусусий табобат клиникаси учун бино, жой, энг асосийси, шифо топишига ишонаётган кўплаб беморлар бор.  Аммо кредит олишда кўплаб тўсиқлар бўлмоқда.

“Клиника жиҳозлари билан қўшиб ҳисоблаганда, банкдан умумий 7 миллиард 150 миллион сўм олишимиз керак.  Жиҳозсиз реконструкция, дорихона ва савдо дўкончаси қуриш учун  2 миллиард 250 миллион сўм  сўраганмиз. 

“Асакабанк”нинг Жиззахдаги филиали

Бироқ, 2019 йил октябрь ойида бошлаган бўлсак ҳалигача  бир хил “кредит маблағлари учун ресурс келса, биринчи бўлиб сизга берамиз” – деган жавобни оламиз.  Жуда кўп бора мурожаат қилдик. Умуман фойаси бўлмаяпти. 

Тўсқинликлар бор, ҳаммасини айтиб ўтиришни лозим топмадим. Вилоят ҳокимлиги ва бошқа ваколатли органлар ҳам ёрдам беролмади.  

Маҳаллий филиал Республика “Асакабанк” раҳбариятининг рўхсати керак деган гапларни айтаяпти. Югуриб-югуриб охири чарчаганимиздан сўнг сизларга умид билан мурожаат қилишга мажбур бўляпмиз.

Бизни ҳеч ким қўллаб – қувватламаяпти. Ёрдамга муҳтожмиз!” – дея қўшимча қилди Ўрол Қосимов.

Журналист Аъзам Хўжақулов ушбу масала юзасидан банк мутасаддилари билан учрашиш мақсадида  Жиззах вилоятидаги “Асакабанк” филиалига ташриф буюрди. Аммо “Асакабанк” бошқарувчисининг ўринбосари банк биносида журналистнинг эркин журналистик фаолият олиб боришига тўсқинлик қилиб “камерангиз синади” қабилидаги сўзлар билан  журналистнинг саволларига жавоб беришни истамади.

“Камерангиз синади!”
“Журналистдан қочиш” фильми деб номланади…

Шундан сўнг, журналист “Халқ депутатлари Жиззах шаҳар кенгаши” биносига бориб мурожаатчилар масаласини ўртага қўйди.

“Халқ депутатлари Жиззах шаҳар кенгаши” биноси

Президент Шавкат Мирзиёев шифокорларни ҳар доим қўллаб – қувватлашини айтиб уларга қарата:

“Халқимиз сизларни дунёдаги энг улуғ касб эгалари, муқаддас қасамёдига содиқ, ўз ишига фидойи инсонлар деб билади ва машаққатли меҳнатингизни юксак қадрлайди!” – деб турган бир пайтда айрим “мутасаддилар” оқ халатли касб эгаларини сарсон қилиш билан оввора.

Ҳолат юзасидан расмий муносабат кутиб қоламиз!

Журналист: Аъзам Хўжақулов

Матн муаллифи: Аброр Поёнов

 

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *