Фарғона, Баткен ва Сўғд вилоятлари ўртасида ҳудудлараро ҳамкорлик янги босқичга чиқади, дея хабар бермоқда Effect.uz мухбири. Кеча, 22 апрель куни Фарғона вилоятига Тожикистоннинг Сўғд вилояти раиси Ражаббой Аҳмадзода ҳамда Қирғизистоннинг Баткен вилояти губернатори Омурбек Суваналиев амалий ташриф билан келишди.

 

Улар уч мамлакат тадбиркорлари иштирокидаги бизнес-форумда иштирок этиш мақсадида шу ерда ҳозир бўлишди.

“Чегараолди ҳудудлар интеграциялашуви – ривожланиш гарови” мавзусидаги халқаро бизнес-форум олдидан Водилдаги вилоят ҳокимлиги “Қабуллар уйи”да Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров, Қирғизистоннинг Баткен вилояти губернатори Омурбек Суваналиев ҳамда Тожикистоннинг Сўғд вилояти раиси Ражаббой Аҳмадзоданинг кенгайтирилган тартибдаги учрашуви бўлиб ўтди.

Тожикистон ва Қирғизистон делегацияси аъзолари Фарғона, Баткен ва Сўғд вилоятлари ишбилармонлари учун ташкил этилаётган халқаро бизнес-форумда қатнашдилар. Форум доирасида саноат ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида ҳамкорлик бўйича музокаралар олиб борилди.

Мазкур форумда уч давлат ишбилармонларининг турли йўналишларда савдо-иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлаш мақсадида муҳим келишувлар ҳам имзоланди.

Тадбирда илк сўз олган вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров, Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистон давлат раҳбарларининг юксак сиёсий иродаси натижасида халқларимиз ўртасида азалий дўстлик ва қардошлик ришталари қайтадан кучайиб бораётганини қайд этиб, ҳудудлараро савдо-иқтисодий ва ижтимоий соҳаларда ҳамкорликни ривожлантириш барча учун қатор таклифларни илгари сурди.

Бешариқ туманида Тожикистон билан чегарадаги “Андархон” назорат-ўтказиш пункти ёнидаги майдонда “Қўқон” эркин иқтисодий зонасига боғлиқ Эркин савдо зонаси ташкил этиш бўйича лойиҳа ишлари давом этаётганини маълум қилган Хайрулло Бозоров, ҳар икки мамлакатдан эркин кириш ва чиқиш имконияти яратиладиган ушбу зона, минтақавий улгуржи ва чакана савдони ривожлантириш учун катта қадам бўлишини ишонч билан тилга олди.

Шунингдек у Фарғонада Баткен ва Сўғд савдо уйларини, чегарадош бу икки вилоятда эса Фарғона савдо уйини ташкил этиш, вилоятлар ўртасида ўзаро Маданият кунларини ташкил этиш, чегарадош ҳудудлараро кооперацияни ташкил этиш орқали янги турдаги тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш учун янада кенгроқ имконият яратиш, олий таълим соҳасида профессор-ўқитувчилар ва талабалар ўзаро алмашинувини йўлга қўйиш каби таклифларни ҳам ўртага ташлади.

Сўғд вилояти раиси Ражаббой Аҳмадзода Тожикистон ҳам аста-секин пахта хом-ашёси экспортидан воз кечиш ҳаракатида эканини билдириб, Фарғона вилояти тадбиркорлари учун пахтани қайта ишлаш ва текстиль соҳасида ҳамкорлик истиқболлари очилаётганини таъкидлади. Аҳмадзода шунингдек, ўтган даврларда Сўғд вилоятидан Фарғона водийсига катта миқдорда кўмир етказиб бериб келинганини эслатиб, ҳозирда ҳам сифатли ва арзон кўмир экспорти қилиш имконияти мавжудлигини таъкидлади.

Қўшни давлатлар ўртасида сиёсий майдондаги келишувлар савдо-иқтисодий соҳаларда ҳамкорликка йўл очганини қайд этган Баткен вилояти губернатори Омурбек Суваналиев, Қирғизистоннинг Евроосиё иқтисодий иттифоқи аъзоси экани Фарғона ва Сўғд вилояти бизнеси учун қўшимча имконият йўлаги эканини айтди. Омурбек Суваналиев Буюк Ипак йўли бўйлаб жойлашган уч чегарадош вилоят, ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш орқали янада яқинлашишига ва жипслашишига, “чегарадош вилоятлар”, чегараолди ҳудудлар” деган иборалар фойдаланишдан ҳам чиқишига умид билдирди.

Шундан сўнг Фарғона шаҳридаги Ислом Каримов номидаги вилоят театр-концерт саройида Фарғона вилояти, Қирғизистоннинг Баткен вилояти ҳамда Тожикистоннинг Сўғд вилояти раҳбарлари ҳамда ишбилармон доиралари вакиллари иштирокида “Чегараолди ҳудудлар интеграциялашуви – ривожланиш гарови” мавзусидаги халқаро бизнес-форум бўлиб ўтди.

Форум аввалида меҳмонлар шу ерда ташкил этилган вилоятда ишлаб чиқарилган маҳсулотлар кўргазмаси билан танишишди.

Кўргазмадан ўрин олган текстиль, озиқ-овқат, қишлоқ хўжалиги, чарм-галантерея, қурилиши маҳсулотлари, тиббиёт жиҳозлари Қирғизистон ва Тожикистон вакилларида катта қизиқиш уйғотди.

Бизнес-форумни кириш сўзи билан очган вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров, биринчи бор уч чегарадош вилоят вакиллари иштирокида ташкил этилаётган бундай йирик иқтисодий анжуман анъанавий тус олишига ҳамда келгусида барча соҳаларда ҳудудлараро ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинадиган нуфузли платформага айланишига ишонч билдирди.

Хайрулла Бозоров, Баткен ва Сўғд вилоятлари билан ўзаро товар айланмасини ошириш мақсадида савдо ярмаркалари ташкил этиш, саноат кооперацияси, қишлоқ хўжалиги, текстиль, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш каби соҳаларда қўшма лойиҳаларни ишлаб чиқиш, ўзаро инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш режалаштирилаётганини маълум қилди.

Сўғд вилояти раиси Ражаббой Аҳмадзода ҳамда Баткен вилояти губернатори Омурбек Суваналиев ўз вилоятлари иқтисодий салоҳияти ҳамда ўзаро ҳамкорлик истиқболлари ҳақида батафсил маълумот бердилар.

Форум доирасида ўтказилган B2B ҳамда G2B учрашувлар натижасида қатор янги ҳамкорлик лойиҳаларининг тамали қўйилди. “Чегараолди ҳудудлар интеграциялашуви – ривожланиш гарови” мавзусидаги халқаро бизнес-форум якунида Хайрулло Бозоров ва Ражаббой Аҳмадзода Фарғона вилояти ва Сўғд вилояти ўртасида савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган “Йўл харитаси”ни имзоладилар.

Фарғона ва Сўғд вилоятлари туман ва шаҳарлари ҳам тўғридан тўғри ҳамкорликни йўлга қўйишга келишиб олишди. Бешариқ тумани ва Конибодом шаҳри, Бувайда тумани ва Гулистон шаҳри, Данғара ва Бобожон Ғофуров туманлари, Ўзбекистон тумани ва Исфара шаҳри, Учкўприк тумани ва Бўстон шаҳри ўртасида ҳамкорлик меморандумлари имзоланди. Шунингдек, Фарғона тумани ҳамда Баткен вилоятининг Қадамжой тумани ўртасида ҳам ҳамкорлик меморандумлари имзоланди.

Фото: Фарғона вилояти ҳокимлиги

Бундан ташқари, меҳмонлар шу куннинг иккинчи ярмида Фарғона вилоятидаги йирик саноат мажмуаларида бўлиб, ишлаб чиқариш жараёнлари билан танишишди. Дастлаб Фарғона шаҳридаги “Fergana Glоbal textile” қўшма корхонасига борилди. Бўялган ип ва трикотаж матолар тайёрлаётган мазкур корхона йилига 14 минг тоннагача калава ип ишлаб чиқариш имкониятига эга. Бу ерда 1500 нафардан ортиқ иш ўринлари яратилган.

Меҳмонлар ишлаб чиқариш жараёнларини кузатдилар. Корхонанинг Қўштепа туманидаги ер майдонида дунёдаги етакчи компаниялардан бири бўлган Исроил давлатининг “Netafim” компанияси мутахассислари билан бирга амалга оширилаётган автоматик тарзда томчилатиб суғориш технологияси, унинг ижобий кўрсаткичлари ҳақида маълумотлар берилди.

Кейинги манзил Қувасой шаҳридаги “Кварц” акциядорлик жамияти бўлди. Меҳмонлар бу ерда халқаро стандартларга мос тарзда ишлаб чиқарилаётган шиша ва ойна маҳсулотлари кўздан кечиришди, лойиҳа қиймати 70 миллион доллар бўлган ва ишга тушиш арафасида бўлган янги лист ойнаси ишлаб чиқариш линиясини ўрганишди.

Қўшни давлатлар делегация аъзолари йилига 500 минг дона 20 турдаги сантехника маҳсулотлари ишлаб чиқариш қувватига эга бўлган Фарғона туманидаги “Экокерама” корхонаси фаолиятини ҳам бориб кўрдилар.

“Маҳсулотларни хорижий давлатларга, жумладан, Тожикистон ва Қирғизистон давлатларига ҳам экспорт қилишни йўлга қўйганмиз. Асосан сифатга эътибор қаратамиз. Европа стандартлари асосида ишлаб чиқаришни йўлга қўйганмиз”, деди корхона раҳбари Салоҳиддин Юнусов.

Фарғона вилояти ҳокимлигининг хабарига кўра, Баткен ва Сўғд вилоятлари раҳбарлари ҳамда ишбилармонлари Фарғонадаги йирик ишлаб чиқариш мажмуалари билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш ва кучайтириш юзасидан келишиб олган.

Бизнес-форумдан олинган бошқа фотосуратлар:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *