“Озиқ – овқат маҳсулотлари ичидан қайсиларини арзонлаштириш керак!” – дея  сўровнома ўтказганимизда кўпчилик оддий аҳоли вакиллари биринчи навбатда гўштни арзонлаштириш зарурлигини айтишди.

Ўзбекистон аҳолиси йилига қанча гўшт  истеъмол қилади?

Ўзбекистон  аҳолиси  жон бошига гўшт истеъмоли борасида анча ортда қолмоқда. Aйни вақтда бу кўрсаткич  41 килограммдан ошаётган бўлса, жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти бир йилда ўртача 55 килограммгача гўшт истеъмол қилишни тавсия этмоқда.

Экспертларнинг тахминига кўра, 2025 йилга бориб, Ўзбекистонда аҳоли жон бошига гўшт истеъмоли йилига 54,8 килограммни ташкил қилади.

Лекин, бунга ҳали анча бор. Aгарда гўштнинг нархи ҳозирги каби ошиб бораверса, кейинги йилларда 150 мингга етиши ҳеч гап бўлмай қолади.

Яна бир фактни келтириб ўтишни лозим топдик:  Марказий Осиёда Қозоғистон ва Туркманистон энг кўп гўшт истеъмол қилишини кўриш мумкин.

Бу давлатлар аҳолиси ўртача бир йилда киши бошига 50 килодан 100 килогача гўшт ейди. Бундан келиб чиқадики, Ўзбекистон юқоридаги икки қўшниси  Қозоғистон ва Туркманистондан ҳам камроқ гўшт истеъмол қилади.

Дунё давлатларидаги вазият

Сўнгги вақтларда кўплаб одамларнинг гўшт истеъмолини камайтираётгани ёки ундан буткул воз кечаётгани ҳақида эшитган бўлсангиз керак. Кўпчилик гўшт истеъмолини камайтириш соғлиққа фойда, атроф-муҳитнинг заҳарланишини камайтиради ёки жониворларни азобдан қутқаради, деган фикрда.

Буюк Британияда одамларнинг учдан бир қисми, АҚШда эса учдан икки қисми гўшт ейишни камайтиргани ёки ундан воз кечгани ёки шундай ниятда эканини таъкидламоқда. Охирги 50 йилдан бери халқаро гўшт истеъмоли даражаси кескин ортиб бормоқда.

Бугунги кунда инсоният 1960 йиллардагидан 5 баробар кўп гўшт емоқда – йилига 330 миллион тоннадан ортиқроқ. Бунинг асосий сабаби дунё аҳолисининг икки мартага кўпайганидир. Бугунги кунда Ер юзида 7.6 миллиарддан кўпроқ инсон яшайди.

Аммо аҳоли сони ўсгани гўшт истеъмоли ортишининг асосий сабаби бўла олмайди. Бошқа муҳим омиллардан бири даромадларнинг кўпайишидир. Дунё бўйлаб одамлар янада бойимоқда. Ярим аср ичида ўртача даромад миқдори уч баробарга ортган.

Бироқ барча мамлакатларда ҳам ўхшаш манзара ҳукмрон эмас. Табиийки, бой мамлакатлар кўпроқ гўшт истеъмол қилади. Энг кўп гўштни ким ейди? Бойлик ва гўшт истеъмоли ўртасида яққол боғлиқлик мавжуд.

2013 йилда АҚШ ва Австралия гўшт истеъмоли бўйича биринчиликда эди. Ўша вақтда Янги Зеландия ва Аргентинада йилига киши бошига 100 килограммдан кўп гўшт истеъмол қилинган.

Ғарбий Европада ҳам бу кўрсаткич юқори. Бу ерда киши бошига йиллик гўшт истеъмоли 80 ва 90 килограмм ўртасини ташкил этади.

Ўз навбатида, қашшоқ давлатлар аҳолиси жуда кам гўшт ейди. Масалан, ўртахол эфиопиялик йилига атиги 7 килограмм, руандалик 8 килограмм ва нигериялик 9 килограмм гўшт ейди. Камбағал мамлакатлар аҳолиси учун гўшт фақат бойлар учун бўлган танқис маҳсулот.

Гўшт истеъмоли бўйича аниқланган рақамлар фақатгина одамларнинг қанча гўшт сотиб олишини кўрсатади. Сотиб олинган гўштларнинг қанча қисми ахлатга ташланиши эса маълум эмас. Бироқ нима бўлганда ҳам, бу рақамлар ҳақиқатга энг яқин тахминдир.

“Локомотив” мамлакатлар

Бой давлатлар кўп, қашшоқлари эса кам гўшт ейиши ҳеч кимга сир бўлмаган ҳолат. Сўнгги 50 йилдан бери бу ҳолат ўзгармай келаётир. Лекин дунё бўйича гўшт истеъмоли ортишига бошқа мамлакатлар сабаб бўлмоқда. Хитой ва Бразилия каби шиддат билан ривожланаётган мамлакатларда сўнгги ўн йилликларда гўштга бўлган талаб ақл бовар қилмас даражада юқорилаган.

Мисол учун, хитойликлар 1960 йилларда йилига 5 килограммдан кам гўшт истеъмол қилган. Бу рақам 1980 йилларда 20 килограмм ва ҳозирги пайтга келиб, 60 килограммга етган. Бразилияда ҳам айни ҳолат кузатилган. Ривожланаётган давлатлар ичида Ҳиндистон эътиборга молик истиснодир.

1990 йиллардан буён ҳиндистонликларнинг ўртача даромади уч баробарга кўпайган бўлсада, бу гўшт истеъмоли даражасига деярли таъсир қилмаган. Яхши маълумки, ҳиндистонликларнинг кам гўшт ейишига асосий сабаб – бу диний қарашлар. Мамлакатда киши бошига йилига атиги 4 килограмм гўшт истеъмол қилинади.

Ғарбликлар гўштдан воз кечмоқдами? Европа ва Шимолий Америкада истиқомат қилувчиларнинг аксарияти шундай ниятда эканини маълум қилган. Бироқ, статистик маълумотларга кўра, гўшт истеъмоли аксинча кўпайиб бормоқда.

2018 йилда АҚШда сўнгги ўн йилликлар ичида энг кўп гўшт истеъмол қилинган. Европада ҳам деярли ўхшаш манзара. Аммо америкаликлар ва европаликлар қорамол гўштидан кўра кўпроқ товуқ гўштини афзал билмоқда. Масалан, ҳозирда АҚШда товуқ гўшти бутун гўшт истеъмолининг ярмини ташкил қилади.

Гўшт ейиш зарарлими?

Айрим ҳолларда гўшт соғлиққа фойда келтириши мумкин. Меъёрдан ошмаган миқдордаги гўшт ва сут маҳсулотлари инсоннинг соғлигини яхшилайди. Айниқса, қашшоқ давлатларда яшаётган ва турли хил таомлар истеъмол қилишга имконли бўлмаган инсонлар кўпроқ гўшт ейиши лозим.

Аммо баъзи давлатлар меъёрий чегарадан анчайин ўтиб кетган. Тадқиқотлар давомида ортиқча гўшт истеъмол қилиш юрак қон-томир касалликлари, юрак хуружи ва саратоннинг маълум турларининг ривожланишига олиб келиши мумкинлиги аниқланган.

Қорамол гўштини товуқ гўштига алмаштириш эса тўғри қадам бўлиши мумкин. Бундай қадам бўрдоқига қорамол боқиш кўламининг камайишига ҳам олиб келади. Товуқларга солиштирганда қорамол етиштириш учун 10 баробарга қадар кўпроқ ер, озиқ-овқат ва сув талаб этилади. Шунингдек, қорамол ўзидан кўп миқдорда иссиқхона газларини ҳам чиқаради.

Келажакда мамлакатлар бўйлаб гўшт истеъмоли онгли даражада ва мувозанатда сақланган ҳолда бўлиши учун катта ўзгаришларни амалга ошириш лозим. Бу ўз-ўзидан гўшт ейишни камайтириш лозимлигини англатади. Натижада, гўшт яна ҳашаматли танқис маҳсулотга айланиши мумкин.

Ўзбекистонда охирги уч йилги  нархлар… 

2018 йил учун уй хўжаликлари буджетини ўрганишнинг дастлабки маълумотларига кўра, республикада гўшт ва гўшт маҳсулотларининг ўртача йиллик истеъмоли 1 млн 423 минг 704 тоннани ташкил этган бўлса, аҳоли жон бошига бу кўрсаткич йилига 43,2 кгни ташкил этган.

Бундан ташқари талаб таркиби бўйича муҳим таъсир кўрсатувчи маҳаллий қайта ишлаш корхоналарининг гўштга бўлган эҳтиёжини ҳам инобатга олиш керак.  Дастлабки маълумотларга кўра, 2018 йилда республикада ишлаб чиқарилган, қайта ишланган ва консерваланган гўштнинг умумий ҳажми – 193 минг 47 тонна, гўшт ва парранда гўшти (колбаса, дудланган маҳсулотлар ва бошқалар) тайёр маҳсулотлари – 31 минг 513 тоннани ташкил этган.

2018 йилнинг биринчи ярмида сўйиш учун тирик вазндаги чорва ҳамда парранда етиштириш ҳажми 1 млн 103 минг 469 тоннани, сўйилгандан кейинги вазни 640 минг 12 тоннани ташкил қилган. 2019 йилнинг 16 июл кунида Ўзбекистон Республикаси бўйича уюшган савдо мажмуалари ҳамда деҳқон бозорларида истеъмол нархлари кузатуви маълумотларига асосан 1 кг мол гўштининг ўртача нархи 40 501 сўмни, 1 кг   қўй гўшти нархи 40 554 сўмни ташкил этган.

Ҳудудлар кесимида бир килограмм мол гўшти нархлари диапазони 34 705 сўмдан (Қорақалпоғистон Республикаси) 46 586 сўмгача (Тошкент ш.), қўй гўштининг бир килограми эса 31 196 сўмдан (Қорақалпоғистон Республикаси) 44 036 сўмгача (Тошкент вилояти) бўлган.

Давлат статистика қўмитаси томонидан ҳудудлардаги марказий деҳқон бозорларида 2019 йил 20 август куни ўтказилган кузатув натижалари бўйича алоҳида турдаги озиқ-овқат маҳсулотларининг минимал-максимал нархлари қуйидаги кўринишга эга бўлди:

Мол гўшти (лахм гўштидан ташқари) 32 минг сўмдан 53 минг сўмгача (кг). Кузатув натижасига кўра, 1 килограмм мол гўштининг (суяксиз гўштидан ташқари) минимал нархи Тошкент шаҳрининг “Қўйлиқ деҳқон бозори”да қайд этилган(32 минг сўм). Мол гўштининг максимал нархлари эса Самарқанд шаҳрининг “Темирйўл деҳқон бозори” ва “Дамариқ деҳқон бозори”, Тошкент шаҳрининг “Фарҳод деҳқон бозори”да кузатилган(53 минг сўм).

Қўй гўшти 33 минг сўмдан 58 минг сўмгача (кг) бўлган. Қўй гўштининг минимал нархи кузатув натижасига кўра Нукус шаҳрининг “Нукус деҳқон бозори”да 33 минг сўмдан рўйхатга олинган. Максимал нарх эса Тошкент шаҳрининг “Эски жўва деҳқон бозори”да 58 минг сўм эканлиги ойдинлашган.

2020 йил январ–сентябрь ойларида Ўзбекистонда 1 млн 840 минг тонна гўшт ишлаб чиқарилган (2019 йилнинг мос даврига нисбатан 2,2 фоизга кўпроқ) ва 34 минг тонна гўшт импорт қилинган.

Давлат статистика қўмитаси томонидан, Ўзбекистон ҳудудларидаги марказий деҳқон бозорларида, 2020 йил 8 сентябр куни ўтказилган кузатув натижалари бўйича, алоҳида турдаги озиқ-овқат маҳсулотларининг минимал-максимал нархлари қуйидагича:

Мол гўшти (суяксиз гўштидан ташқари) 42 000 сўмдан 68 000 сўмгача (кг)

Мол гўштининг максимал нархи эса, Чирчиқ шаҳрининг “Чирчиқ шаҳар деҳқон бозори” да кузатилган (68 000 сўм).

Қўй гўшти 45 000 сўмдан 85 000 сўмгача (кг)

Қўй гўштининг минимал нархи кузатув натижасига кўра, Тошкент шаҳрининг “Фарҳод деҳқон бозори” ва “Қўйлиқ деҳқон бозори”да (45 000 сўм) рўйхатга олинган.

Максимал нархи эса, Тошкент шаҳрининг “Олой деҳқон бозори”да (85 000 сўм) кузатилган.

2021 январь-февраль ҳолатига кўра, мол гўшти 57 минг 940, қўй гўшти 58 минг 200 сўмни ташкил қилмоқда.

Ечим борми? Нима учун нархлар қиммат?

Табиийки, гўшт арзон бўлиши учун озуқа – ем маҳсулотлари ҳам арзонлашиши керак бўлади. Aввало, шуни айтиш керакки, 2005—2016 йиллар оралиғида озуқа экин майдонлари 40 фоизга қисқарди. 1990 йилда экин майдонларининг деярли 25 фоизига озуқа экилган бўлса, ҳозир бу кўрсаткич 10 фоизга ҳам етмайди.

Ўзбекистонда гўшт ва сутнинг 95 фоизини деҳқон ва шахсий ёрдамчи хўжаликлар етиштиради. Афсуски, уларни қўллаб-қувватлаш учун шу пайтгача аниқ режалар ва давлат дастурлари ишлаб чиқилмади. Қарорлар бор  аммо,  одатдагидек бу борада ҳам ижро оқсаяпти.

2020 йил 1 июль ҳолатига кўра, Ўзбекистонда аҳоли сонига нисбатан қорамол 36,8 фоизни ташкил этади. Бу эса 1000 аҳоли жон бошига 368 бош қорамол тўғри келади, дегани. Aниқроқ қилиб айтганда, Ўзбекистонда саноат йўли билан боқиладиган қорамолларнинг жами 5 фоизини ташкил қилади. Қолган 95 фоизи аҳоли томонидан етиштирилмоқда.

Бундан кўриниб турибдики, гўшт маҳсулотларининг асосий қисми аҳоли хонадонлари орқали бозорга чиқади. Бу эса, ўз навбатида, ем-хашак нархлари, об-ҳавонинг ноқулай келиши каби бир қатор табиий омиллар, чорва кредит фоизларининг қимматлиги туфайли бозорда нархларнинг назоратдан чиқишига сабаб бўлади.

Яна бир гап, гўшт нархининг ўзгариши фермерларга боғлиқ эмас. Чунки, Ўзбекистондаги чорванинг атиги 8 фоизи фермерлар ҳиссасига тўғри келади, холос. Қолган чорва аҳоли қўлида. Улар фермер ерини мавсумда ижарага олиб озуқа етиштириши ҳам бор гап. Емни қўйинг, ҳаттоки, хашакка ҳам харажат қилиб, тайёрланган гўшт таннархи албатта ошади-да.

2018 йил 5 январь куни бўлиб ўтган халқ депутатлари Тошкент вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари йиғилишида Президент Шавкат Мирзиёев гўшт нархига алоҳида тўхталиб:

“Ушбу нархни ушлаб туришнинг ўзи бўлмайди, ҳеч қайси давлатда бунақа бўлмаган. Агар биз ҳозирги инфляция ва девальвация билан ҳисобласак Ўзбекистонда гўштнинг асл нархи 250 минг сўм. Агар биз гўштни 250 минг қилсак одамлар нима қилади? Қайси ойликка яшайди? Ким буни ўйлайди?”, – деган гапларни айтган эди.

Президент Шавкат Мирзиёев 2021 йил 3 мартда “Чорвачилик саноатини давлат томонидан қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонни имзолади.

2021 йил 1 мартдан бошлаб Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармасининг компенсация ва кафиллигидан фойдаланган чорвачилик, паррандачилик, балиқчилик ва қуёнчилик йўналишидаги кредити бўйича тўловларни ўз вақтида қайтараётган тадбиркорлик субъектларига, уларнинг кредит бўйича қарздорлиги тўлиқ қопланмагунча, янги кредитлар бўйича жамғарманинг кафиллигидан яна фойдаланишга рухсат бериладиган бўлди.

2021 йил 1 январдан бошлаб 2024 йил 1 январга қадар наслчилик субъектлари учун уларнинг асосий фаолият тури бўйича фойда солиғи (тижорат банкларида жойлаштирилган маблағлардан олинган фоизлардан ташқари), мол-мулк солиғи, ер солиғи ва сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ ставкаси 50 фоиз миқдорида қўлланилади.

Аброр Эшонхонов

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *