Бугун, 21 апрель куни Оғир атлетика бўйича Осиё чемпианатининг Тошкент шаҳрида бошланган турнирнинг кечки дастурда 81 кг вазн тоифасида 2001 йилда тўғилган Муҳаммадқодир Тоштемиров ва 2003 йилда тўғилган Хожиакбар Олимов иштирок этишди.

Даст кўтариш машқида Олимов барча уринишлари омадли чиқди ва 146 кг натижа қайд этди.

Муҳаммадқодир эса ушбу вазн “гигантлари” хитойлик Ли Дайин ва Лю Ксяо Жунга қаршилик кўрсатишга қайсидир маънода муваффақ бўлди. Сабаби айнан Тоштемиров Хитой термаси вакилларига энг яқин кела олди ҳамда бронза медалини қўлга киритди.

Ғолиблик учун курашда Ли ва Лю нафақат рақибларидан сезиларли даражада “қочиб кетишди” балки кетма-кет жаҳон ва Осиё рекордини ҳам янгилашга муваффақ бўлишди. Аввалига тажрибали Лю Ксяо Жун 174 кг кўтариб, рекорд ўрнатган бўлса, орадан 2 дақиқа ўтар-ўтмас, Ли Дайин ҳамюртининг натижасини 1 кгга яхшилади.

Силтаб кўтариш машқида эса барчаси ўзгариб кетди. Муҳаммадқодир режага асосан ҳар уч имкониятидан унумли фойдаланди ва 185, 190 ва 193 кг тошни ўзига бўйсундира олди.

Ундан сўнг супачага туркманистонлик атлет чиқди ва 195 кг тошни кўтарди, лекин техник хато туфайли ҳакамлар уринишни инобатга олишмади. Мураббийлар вазиятни такроран кўришни сўраши, эътирозларига қарамай ҳакамларнинг фикри ўзгармади.

Даст кўтаришда рекорд ўрнатган Ли Дайин айнан охирги уринишда елкасидан жароҳат олди чоғи, силтаб кўтаришда биринчи уринишдаёқ хатога йўл қўйди. Жароҳат кутилганидан жиддийроқ бўлиб чиқди ва Ли кейинги уринишларида ҳам штангани кўтара олмади. Оқибатда олтин учун курашган Ли Дайин умуман медалсиз қолди ҳамда бронза олади деб турганимиз, Муҳаммадқодир Тоштемиров силтаб кўтариш ва икки кураш бўйича кумуш медалга сазовор бўлди.

Эслатиб ўтамиз, Оғир атлетика бўйича Осиё чемпианати 25 апрелгача давом этади.

 

 

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *