Шу йилнинг 20 апрель куни «Чегара билмас мухбирлар» нодавлат ташкилоти томонидан 180 мамлакатни ўз ичига олган матбуот эркинлиги тўғрисидаги рейтинг бўйича АОКА расмий баёнот берди.

«Ташкилот томонидан юртимизда ахборот соҳасини ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ишлар тўлақонли ўз аксини топмагани ва муносиб баҳоланмагани афсусланарли.

Мамлакатимизда сўз ва матбуот эркинлиги, очиқлик — давлат сиёсатининг устувор йўналиши этиб белгиланган. Журналист ва блогерлар ҳуқуқлари қонун доирасида ҳимоя қилинаётгани, ахборот хизматлари ва давлат тузилмаларининг матбуотдаги танқидларга конструктив жавоб қайтараётгани натижасида аҳолининг хабардорлик даражаси ошиб бормоқда.

Мураккаб пандемия шароитида Ўзбекистонда ОАВ, ижтимоий тармоқлар ҳамда мессенжерлар имкониятларидан самарали фойдаланиб, медиа маконда тарқалган ва муҳокамаларга сабаб бўлган ҳар бир маълумотга ўз вақтида расмий муносабат, изоҳ, тушунтиришлар бериб борилди. Агентликда барча давлат органлари ва идоралари билан биргаликда брифинг ҳамда матбуот анжуманларини тизимли ўтказиш йўлга қўйилди. Аҳоли ўзини қизиқтирган саволларга мутасаддилар ҳамда мутахассислардан бевосита жавоб олишни бошлади. Худди шундай амалиёт ҳудудларда ҳам жорий этилди, махсус медиа-режалар асосида журналистлар учун тадбирлар мунтазам ўтказиб бориляпти» – дейилган хабарда.

Бундан ташқари, амалдаги қонун ҳужжатларига тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиб, жиноий жавобгарлик либераллаштирилгани, шу жумладан, туҳмат ва ҳақорат учун озодликдан маҳрум қилиш жазоси бекор қилингани ҳақида таъкидланган.

«Бугун Ўзбекистоннинг янги очиқлик ва ошкоралик сиёсатида ахборот соҳасидаги баҳсли масалалар, томонлар ўртасида пайдо бўладиган ҳар қандай низоли вазиятлар мавжуд қонунлар, шунингдек, суд тизими доирасида ҳал қилиниши йўлга қўйилди. Бу борада Агентлик ахборот соҳасидаги ваколатли орган сифатида ишончли ва холис ахборот тарқатаётган журналистлар, блогерлар, ОАВ ходимларининг қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишига ҳар томонлама кўмаклашишга тайёр.

Умид қиламизки, «Чегара билмас мухбирлар» ташкилотининг кейинги рейтингларида Ўзбекистонда ахборот эркинлиги соҳасидаги барча ислоҳотлар ўз аксини топади ва муносиб баҳосини олади» – дея хабарни якунлайди Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги.

Эслатиб ўтамиз, АОКА Effect.uz мухбири Аъзам Хўжақулов ва «Қоракўлчилик» уюшмаси матбуот котиби Дилшод Истамов ўртасидаги телефон мулоқотига изоҳ берган эди. Маълумот учун, расмий муносабатда сўконғич матбуот котибига белгиланган жазо мавжудлиги қайд этилган эди.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *