Бугун, 17 апрель куни Алишер Навоий номидаги киносаройда “Ўзбекистон кинематография агентлиги” буюртмасига биноан суратга олинган “Орзулар қанотида” янги мюзикл комедиянинг катта премьераси бўлиб ўтди. Бу ҳақда “Ўзбеккино” матбуот хизмати хабар берган.

Маълум қилинишича, комедияда ёрқин ижролар, кулгили вазиятлар билан позитив кайфият бағишловчи қизиқарли воқеалар, қаҳрамонларнинг ўзгача ижролари, севимли мусиқалар буларнинг барчаси “Орзулар қанотида” кинокартинасида мужассам бўлиб, ҳар бир инсон ҳаётда ўз орзулари қанотида яшайди, ўзи босиб ўтган ҳаёт йўлини фақат рангли орзулар билан тасаввур қилади. Режиссёр Эргаш Мўминов ўзининг “Орзулар қанотида” номли янги мусиқий комедиясини шу мавзуларга бағишлаган.

Фильмнинг барча воқеалари тушда содир бўлади. Бош қаҳрамон профессор Олимов корхонага келиб, ходимларни 10 ёшга ёшартирмоқчилигини айтади. Унинг бу кашфиётига барча рози бўлади. Ходимлар хаёлан 10 йилга орқага қайтишади, профессор уларни зимдан кузатади ва кўплаб хулосалар қилади. Сўнг одамларни ёшартириш ниятидан қайтади. Фильм охирида туш кўраётган Шукур (Фарҳод Абдуллаев) чўчиб, уйғониб кетади ва ҳаммаси тушдаги рўё эканига амин бўлади.

Фильмдаги жозибали куй – қўшиқлар иштирокидаги қизғин воқеалар, шокка тушиб қолган ходим – Шукур аканинг онг ости оламида юз беради. Орадан бироз вақт ўтгач, эски уйлар бузилиб, янги шаҳар бунёд бўлади. Эскича қолоқ фикрлар ўрнини илм-маърифат эгаллайди.

Фильмда таниқли актёрлар Муҳаммадсоли Юсупов, Зуҳра Ашурова, Фарҳод Абдуллаев, Бегзод Ҳамраев, Толиб Мўминов, Феруза Собитова, Севара Солиева, Хуршида Арабшоева, Умид Ҳамдамов роллар ижро этишган. Сценарий муаллифлари Нурилло Аббосхон ва Ринат Галиев, постановкачи оператор Аваз Тиллаев.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован.