Бош вазир Абдулла Арипов раислигида коронавирусга қарши кураш комиссиясининг кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди.

Комиссия мажлисида Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг бир гуруҳ депутатлари ҳам иштирок этишди.

Жойларда карантин қоидаларига  айниқса, фуқароларнинг ниқобда бўлиш ва ижтимоий масофа сақлаш каби талабларга риоя  этишмаётганлиги касаллик тарқалиши хавфини оширмоқда.

Шу боис, жорий йил 18 апрелидан карантин қоидалари кучайтирилмоқда.

Хусусан:

жамоат жойларида ниқоб тақиш, ижтимоий масофани сақлаш, шахсий гигиена қоидаларига қатъий риоя этиш, қўлларни антисептиклар билан зарарсизлантириш тадбирлари назорати кучайтирилади ва  қоидабузарларга нисбатан қатъий жавобгарлик чоралари кўрилади;

боғча ва мактабларда касалланиш ҳолати аниқланган тақдирда, уларнинг фаолияти тўхтатилади ҳамда 2 ҳафтага карантинга олиниб, онлайн дарсга ўтилади;

барча ташкилот, корхона, муассасаларда, йирик савдо мажмуалари, супермаркетлар, кўнгилочар муассасалар кириш қисмида ниқобда бўлиш, тана ҳароратини ўлчаш, қўлларни антисептик воситалар билан зарарсизлантириш амалиётига риоя этилиши қатъий назоратга олинади;

жамоат транспортлари сиғимининг 50 фоизи миқдорида йўловчилар ташийди ва ушбу мақсадда йўналишли транспорт воситалар сонини оширилиб, охирги бекатда дезинфекция-тозалаш ишлари амалга оширилади;

тўй ва бошқа маросимларда 100 кишидан ортиқ бўлмаслик белгиланади;

ифторлик маросимларини оила аъзолари даврасида ўтказиш тавсия қилинади;

масжидларда жамоат намозлари  хусусан Рамазон ойи муносабати билан таровеҳ намозлари масжиднинг очиқ ҳаводаги майдонларида тиббий ниқобда, оралиқ масофани сақлаган ҳолда ташкил этилади;

ресторан, кафе, ва бошқа умумий овқатланиш муассасаларида ўринлар 50 фоизгача чекланади, лекин 100 кишидан ошмаслиги керак;

жорий йилнинг 1 майидан бошлаб концерт-томоша дастурларини ёпиқ маданият саройларида ўтказиш вақтинча тўхтатилади;

мажлислар ўтказиш кескин камайтирилиб, мажлис вақти 45 дақиқадан ошмаслиги назорат қилинади;

анжуманлар ва бошқа тадбирларни имкониятга кўра онлайн режимда, масофавий ўтказиш тавсия қилинади;

Шунингдек, комиссия аъзолари  коронавируснинг болалар ва кексалар ўртасида тарқалиш хавфи юқорилиги сабабли таровеҳ намозларида мактаб ёшидаги ҳамда 65 ёшдан юқори ёшдаги шахсларнинг иштирокини камайтиришни тавсия этишди.

Шунингдек, махсус комиссия томонидан қуйидагилар белгиланди:

Ички ишлар вазирлиги, Миллий гвардия, Санитария-эпидемиология хизмати, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги маҳалла идоралари билан биргаликда уй шароитида даволанаётган беморларнинг хонадонларида карантин қоидаларига риоя қилиниши устидан қатъий назорат ўрнатади;

Соғлиқни сақлаш вазирлиги “Дори-дармон” АЖ маҳаллий ҳокимликлар билан биргаликда:

– касаллик аниқланган ҳолларда бемор билан  мулоқотда бўлганлар билан ишлаш тизимини, бирламчи тиббий бўғин муассасалари томонидан карантинга олинган фуқаролар ва уларнинг оила аъзоларининг кунлик тиббий назоратини кучайтиради;

– уй шароитида даволанаётган беморлар ва карантинга олинган шахсларга тиббий маслаҳат беришга қаратилган фаолият кўрсатувчи Call-center фаолиятини қайта йўлга қўяди;

– дори воситалари ва зарур тиббий буюмларнинг 3 ойлик захирасини яратади, шу жумладан, СOVID боксларни етарли миқдорда ҳудудларга еказиб беради;

– поликлиника ва оилавий шифокорлик пунктлари қошида мобил бригадаларни қайта ташкил этади ва уларни махсус автотранспорт воситалари билан таъминлайди.

Вазирликлар, идоралар ва маҳаллий ҳокимликлар раҳбарлари давлат органлари ва ташкилотларида йиғилиш ва мажлислар ўтказилишини кескин қисқартиради ҳамда асосий ишга таъсир этмаган ҳолда меҳнат фаолиятини максимал даражада масофадан туриб (онлайн ёки дистанцион тарзда) ташкил этиш  чораларини кўради.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *