Самарқанд вилояти маъмурий маркази ўзгаради. Бу ҳақда Президент раислигида Самарқанд вилоятида ўтказилаётган фаоллар йиғилишида маълум қилинди.

Президент Шавкат Мирзиёев Самарқанд шаҳрини 1 миллион аҳоли яшайдиган йирик шаҳарга айлантириш учун Самарқанд, Пастдарғом, Тайлоқ ва Оқдарё туманлари ҳудудидан 18 минг гектар ер майдонини қўшиб бериш ва вилоят маъмурий марказини Гулободга кўчириш бўйича Самарқанд фаолларининг таклифларини қўллаб-қувватлашини билдирди.

Йил якунига қадар шаҳар бош режа лойиҳасини ишлаб чиқиш бўйича Очилбой Раматов, Эркин Турдимов ва Ботир Зокировга топшириқ берилди.

Хориждан лойиҳачилар жалб қилинади. Одамларга яшаш учун қулай,  туристларга мақбул шаҳар қилиш шарт. Шаҳар кенгайгандан кейин маҳаллалар кўпаяди, инфратузилма шакллантириш зарур. Бошқарув тизимини яхшилаш учун Самарқанд шаҳрида кейинчалик босқичма босқич 5 та: Сўғдиёна, Сиёб, Боғишамол, Мароқанд ва Қорасув- янги туманлар ташкил этилади.

Шунингдек, Шавкат Мирзиёев 550 минг аҳоли яшайдиган Ургут туманида тадбиркорликни ривожлантиришга асос борлигини қайд этди.

“Ургут” эркин иқтисодий зонасига берилган имтиёзларни барча туман ва шаҳарларга қўллаш ҳамда ҳар бирига камида 50-100 миллион доллар инвестицияларни жалб қилиш ҳисобига, 200 гектар майдонда 1 миллиард долларлик қўшимча саноат лойиҳаларини амалга ошириш лозим. Лойиҳаларни сифатли ишлаб чиқиш учун Лойиҳалар фабрикасининг “Ургут офиси” ташкил қилинади”, деди Мирзиёев.

Президент Ургут туманини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича икки ой муддатда Ҳукумат қарори лойиҳасини тайёрлаш бўйича кўрсатма берди. Бунда  Самарқанд давлат университетининг Ургут филиали ташкил қилинади. Ҳудудда аҳоли кўп экани инобатга олиниб,  тиббиёт факультети ҳам очилади.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *