Болалар ўйида тарбияланганларнинг қандай имтиёзлари мавжуд?

Жавоб:

Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 13 июндаги 171-сон қарори билан Болалар уйлари тўғрисидаги низом тасдиқланган.Унга кўра болалар уйи етим болалар, ота-она қаровисиз қолган болалар ҳамда психофизик ривожланиши бузилган болалар учун давлат таълим-тарбия ва даволаш-соғломлаштириш муассасаси ҳисобланади.

Болалар оилага қайтарилганда, «Меҳрибонлик» уйига, «Мурувват» болалар интернат-уйига ўтказилган, фарзандликка, патронатга, васийлик ва ҳомийликка ҳамда жойлаштиришнинг бошқа муқобил шаклларига ўтказилган ҳолларда Болалар уйи ҳисобидан чиқарилади.

Тарбияланувчиларни Халқ таълими вазирлиги тизимининг «Меҳрибонлик» уйларига ўтказиш улар 3 ёшга тўлганидан кейин мажбурий равишда қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади. Тарбияланувчилар «Меҳрибонлик» уйларига ёки «Мурувват» болалар интернат-уйларига ўтказилганда уларга ички кийим, кийим-бош ва мавсумий пойабзал берилади.

Тарбияланувчиларни тиббий-ижтимоий таъминлаш, тарбиялаш, моддий таъминлаш, ҳаётий кўникмаларга ўқитиш тўлиқ давлат таъминоти асосида амалга оширилади.

Тарбияланувчилар бепул овқатланиш, кийим-кечак, пойабзал ва ашёвий таъминлашнинг бошқа буюмлари ҳамда тасдиқланган нормалар бўйича юмшоқ анжомлар билан таъминланади.

Зарурат бўлганда тарбияланувчилар протез-ортопедия буюмлари ва реабилитациянинг техник воситалари билан бепул таъминланади. Тарбияланувчилар ҳудудий даволаш-профилактика муассасаси томонидан бир йилда 2 марта пухта тиббий текширувдан ўтказилади. Таълим-тарбия фаолияти Болалар уйининг педагоглари ва тарбиячилари томонидан амалга оширилади.

Психофизик ривожланиши бузилган тарбияланувчиларнинг таълим-тарбия жараёни уларнинг ривожланишидаги бузилишларга мувофиқ, таълим ва тарбиянинг индивидуал йўналтирилган дастурлари бўйича ташкил этилади.

Ушбу низом билан болалар уйлари тарбияланувчиларининг озиқ-овқат маҳсулотлари истеъмол қилишининг ўртача суткалик оқилона нормалари, болалар уйлари тарбияланувчиларини кийим-бош, пойабзал ва юмшоқ анжомлар билан таъминлаш нормалари ҳам тасдиқланган.

Болалар уйи фаолиятини молиялаштириш Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан ажратиладиган маблағлар, жисмоний ва юридик шахсларнинг хайрия эҳсонлари ҳамда мақсадли бадаллари, қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобига қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги (ПҚ-4185-сон) қарори ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 21 ноябрдаги 739-сонли “Етим болалар ва ота-онасининг ёки бошқа қонуний вакилларининг қарамоғидан маҳрум бўлган болаларнинг ижтимоий ҳимоясини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан тартибга олинган. Хусусан Вазирлар Маҳкамасининг мазкур қарори биан:

– Умумий ўрта таълим муассасалари, академик лицей, касб-ҳунар мактаблари, коллежлар ва техникумларда таълим олаётган тўлиқ давлат таъминотида бўлган етим болалар ва ота-онасининг ёки бошқа қонуний вакилларининг қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни пул нафақалари ҳамда озиқ-овқат, кийим-бош, пойабзал ва бошқа буюмлар билан таъминлаш тартиби тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ;

– Меҳрибонлик уйи тўғрисидаги низом 2-иловага мувофиқ;

– Болалар шаҳарчаси тўғрисидаги низом 3-иловага мувофиқ;

– Вояга етмаган болаларни фарзандликка ва болаларни оилага тарбияга олиш (патронат) тўғрисидаги низом 4-иловага мувофиқ тасдиқланган.

Меҳрибонлик уйи етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар учун давлат тарбия муассасасидир.

Мактабгача ёшдаги болалар учун Меҳрибонлик уйи (3 ёшдан 7 ёшгача бўлган болалар учун);

Меҳрибонлик уйи (мактабгача ва мактаб ёшидаги ёки фақат мактаб ёшидаги болалар учун);

ихтисослаштирилган коррекцион Меҳрибонлик уйи (жисмоний ёки психик ривожланишида нуқсонлари бўлган болалар учун).

2019 йил 1 мартдан бошлаб оилага тарбияга олинган (патронат) ҳар бир бола учун тўланадиган нафақа миқдори 1,33 баробарга оширилиб, 820 000 сўм (кейинчалик инфляция ҳажмидан кам бўлмаган миқдорда ошириб борилиш шарти билан) ни ташкил қилмоқда.

Бунёд Азизов

Адлия вазирлиги бошқарма бошлиғи

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован.