Куни кеча ижтимоий тармоқларда Қўқон шаҳридаги саноат бозорида ижара нархи ошиши муносабати билан бир гуруҳ тадбиркор аёлларнинг эътирози акс этган видеолавҳа кенг тарқалди.

Вазиятга аниқлик киритиш мақсадида Фарғона вилояти ҳокимлиги томонидан махсус ишчи гуруҳи тузилиб, мазкур ҳолат бўйича ўрганиш ишлари олиб борилди, дея хабар бермоқда “Халқ сўзи” нашри.

Фарғона вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари Авазбек Ўринбоевнинг маълум қилишича, вилоят молия бош бошқармаси ва вилоят давлат солиқ бошқармасининг қўшма таклифи асосида 2021 йил 1 апрелдан нарх оширилган эди.

Аммо бозорлар ва савдо комплексларида бир марталик йиғимлар, ижара тўлови ва кўрсатиладиган хизматлар қиймати миқдорларининг янги қиймати белгиланиши эътирозларга сабаб бўлди.

Фарғона вилояти ҳокимлиги ишчи гуруҳи хулосасига кўра, молия ва солиқ бошқармаларининг қўшма таклифи асослантирилмаганлиги боис янги ставкалар тадбиркорларга мақбул бўлмади ва ҳақли эътирозларни келтириб чиқарди.

Шу сабабли 2021 йил 1 апрелдан бозорлар ва савдо комплексларида тасдиқланган бир марталик йиғимлар, ижара тўлови ва кўрсатиладиган хизматлар қиймати миқдорларига ўзгартиришлар киритиш, уларни кескин пасайтириш бўйича тегишли қарорлар қабул қилинди. Айни жараёнда Қўқон шаҳар ҳокими Маъруфжон Усмонов ҳам тадбиркорлар билан юзма-юз учрашиб, уларни тўловлар ошмаслигига ишонтирган.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *