Effect.uz ахборот агентлигига “MUROD MEGA BIZNES” хусусий корхонаси раҳбари, Қибрайда  фаолият юритувчи тадбиркор Муроджон Файзиев ўзини қийнаб келаётган муаммолар юзасидан мурожаат қилди. У суд томонидан чиқарилган ажримлардан норози бўлмоқда.

“Давлат дастури бўйича корхонамизга ер ажратилиши керак эди.  Биз ўз  режамиз бўйича маиший хизмат комплекси қуришимиз  ва 30-40 кишини иш билан таъминлашимиз керак эди. Ўз маблағларимиздан 500 миллион, банкдан эса 700  миллион кредит олиб кўзлаган ниятимизга етамиз деб турган эдик. 2018 йил ёз ойларида ҳужжатларни тақдим қилганимиздан сўнг, шахсан Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов имзоси билан Вазирлар Маҳкамасидан  протакол чиқди.

Бироз  ўтгандан кейин туман ҳокимининг қарори ҳам  чиқди.  Корҳонамиз учун бериладиган ерларга аниқлик киритилиб, ҳужжатлар ҳеч қандай камчиликларсиз расман тасдиқланган. Лекин, еримнинг олти сотихини  У.Қ. исмли шахсга  бириктириб берилганлиги ойдинлашиб қолди.

Бу борада судга даво билан чиқдим. Дастлаб, У.Қ судга керакли ҳужжатларни тақдим этолмади аммо орадан икки ой вақт ўтиб, кадастр ҳужжатлари пайдо бўлиб қолди.  Кадастр ҳужжатларини расмийлаштиришда ҳуқуқий жиҳатдан жуда кўп камчиликлар аниқланди.  2018 йилда бошланган суд ҳалигача давом этиб келяпти.

Ҳамма ҳужжатларим жойида бўлса ҳам сарсон қилишмоқда. Президент виртуал қабулхонаси билан ҳам боғландим. Суд қарорларидан норозиман!” – дейди мурожаатчи.

“Биз иқтисодиётимизни янада эркинлаштириш, тадбиркорларга кенг йўл очиб бериш сиёсатини бундан кейин ҳам қатъий давом эттирамиз. Ҳал қилувчи аҳамиятга эга бу соҳани ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, унинг олдида пайдо бўладиган тўсиқларни бутунлай олиб ташлаш масаласи давлат раҳбари сифатида менинг доимий эътиборим ва назоратимда бўлади.

Aмалдорларга тадбиркор эртага ҳаммангни боқади, деб неча маротаба айтганман, тадбиркорни йўлига ғов бўлиш, оёғига кишан бўладиган қонунларни чиқариш керак эмас. Тадбиркор бой бўлса, халқ ҳам, давлат ҳам бой бўлади. Тадбиркор нафақат ўзини ва оиласини, балки халқни ҳам, давлатни ҳам боқади.


Ягона йўлимиз – тадбиркорлар сонини кўпайтириш, одамларни ишбилармон қилиш! Ҳар бир ҳоким бюджетга қўшимча даромадларни таъминлаши учун ўзи изланиши, тадбиркорга шароит яратиб, бизнес вакиллари билан елкама-елка ишлаши керак.

Битта тадбиркор ўз фаолиятини тўхтатса ҳам, бунга “фавқулодда ҳолат” сифатида қаралиши керак. Яна қайтараман, тадбиркорлик фаолиятига тўсқинлик қилиш – президент сиёсатига қарши чиқиш деб баҳоланади, ҳурматли амалдорларимиз буни уқиб олишлари керак!” – бу гаплар шахсан  Президент Шавкат Мирзиёев томонидан айтилган.

Ёш тадбиркорни қийнаётган масалаларга ечим топиладими? Масъуллардан мазкур мурожаатга расмий муносабат кутиб қоламиз!

Журналист: Аъзам Хўжақулов

Оператор: Хайрулла Ўрозбоев

Матн муаллифи: Аброр Поёнов

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *