Чет элга чиқиш учун сохта ҳужжатлар тайёрлаб бермоқчи бўлган фирибгар ушланди, дея хабар бермоқда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш  Департаменти.

Маълум қилинишича, Андижон вилояти бошқармаси ҳамда ДХХ томонидан ўтказилган тезкор тадбирда, фуқаро И.А. ноқонуний даромад орттириш мақсадида, фуқаро А.нинг ишончига кириб, ўзи ва икки нафар танишига Россия Федерациясига кириш учун асос сифатида уларнинг гўёки соғлигида муаммолари мавжудлиги ва ушбу касалликларни фақат ушбу давлатда мавжуд тиббий имкониятлар орқали даволаш лозимлиги ҳақидаги таклифномаларни тайёрлаш ва авиачипталарни олиб бериш эвазига ҳар биридан 1 300 АҚШ долларидан жами 3 900 АҚШ долларини фирибгарлик йўли билан олган вақтда ашёвий далиллар билан ушланган.

Мазкур ҳолат юзасидан фуқаро И.А.га нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

“Ҳурматли фуқаролар! Чет элга иш, ўқиш, даволаниш ёки бошқа мақсадларда чиқишдан аввал тегишли ташкилотларнинг расмий ахборот каналлари орқали эълон қилинган хабарлар асосида ҳаракат қилишингиз ҳамда авиачипталарни сотишдаги фирибгарлар тузоғидан эҳтиёт бўлишингизни сўраб қоламиз”, дейилади хабарда.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *