Куни кеча Озарбайжоннинг Боку ва Агдам шаҳарларида Туркий Кенгаш доирасидаги ахборот ва медиа соҳасида йиғилиш бўлиб ўтди. Йиғилишда Президент Администрацияси ҳузуридаги Ахборот оммавий коммуникация агентлиги (АОКА) директори Асаджон Хўжаев Ўзбекистон номидан иштирок этди.

Асаджон Хўжаев маҳаллий ОАВларга берган интервьюсида Агдам шаҳридаги ҳолатга тўхталди.

“Бу ерда битта масжиддан ташқари деярли ҳамма нарса вайрон қилинган: уйлар, инфратузилма. Жаҳон ҳамжамияти бунга эътибор қаратиши керак” деди Хўжаев.

Агентлик директори Туркий кенгаш давлатлари Озарбайжонда олиб бориладиган қурилиш ишларида фаол иштирок этишини таъкидлади. Шунингдек, у Ўзбекистон ушбу ҳудудларни ва инфратуизлмани тиклашда ўз ёрдамини таклиф қилганини эслатди.

“Айни пайтда биз мутахассислар билан қайта тиклаш лозим бўлган объектлар рўйхатини белгилаб олмоқдамиз ва бизнинг қурувчиларимиз бунда қатнашишга келишади. Билишимча, битта мактабни қуриш тўғрисида келишув мавжуд бўлиб, у Озарбайжон халқига Ўзбекистондан туҳфа сифатида тақдим этилади. Яқин орада ҳамкорлигимиз натижаларини кўрамиз деган умиддаман. Ва энг асосийси Тоғли Қорабоғ ҳудудига тинчлик келди”, дея қўшимча қилди АОКА директори.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Тоғли Қорабоғ заминидаги кўҳна обидалар, маданият ва маърифат масканларини тиклаш ишларига ҳисса қўшишга тайёр эканини билдирган.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован.