Қашқадарё вилояти Чироқчи туманида калтакланган ўқитувчи иши бўйича жиноий иш қўзғатилди, жазо муқаррарлиги таъминланади. Бу ҳақда Халқ таълими вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

134-умумий ўрта таълим мактабининг инглиз тили фани ўқитувчисининг калтакланганлиги ҳолати юзасидан Чироқчи туман ИИО ФМБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан 2021 йил 13 апрель куни Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 277-моддаси 2-қисми “б” банди билан жиноят иши қўзғатилди.

Тергов бўлими томонидан аниқланишича, Чироқчи тумани Умакай МФЙ, Умакай қишлоғида яшовчи фуқаролар О.Ж, О.Н ва Х.Б. жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан менсимасдан 2021 йил 6 апрель куни соат 12:30 ларда жамоат жойи ҳисобланган Чироқчи туманида жойлашган 134-сонли умумий ўрта таълим мактаб ҳудудида гуёки укаси, шу мактабдаги 6-“А” синф ўқувчиси О.Мга асоссиз қониқарсиз икки баҳо қўйганлигини баҳона қилиб, ўзининг жисмоний устунлигини кўрсатиб қўйиш мақсадида хеч бир сабабсиз мактаб ўқитувчисининг танасининг юз қисмига бир неча маротаба қасддан уриб, безорилик қилган.

“Ҳозирги кунда жиноят иши юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Шу ўринда бугунги кунда жамиятимизда ўқитувчиларнинг нуфузи ва мақомини ошириш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналиши эканлигини, ўқитувчиларнинг касбий фаолиятига бу каби ноқонуний аралашувлар албатта жазосиз қолмаслигини эслатиб ўтамиз”, дейилади хабарда.

Шунингдек, вилоят ҳокими Зойир Мирзаев онлайн режимда мулоқот қилди. “Nasafnews” мухбири хабарига кўра, бу мулоқотда вилоят ҳокими ўқитувчини калтаклаган “зўравон”лар ишини кескин қоралаган.

“Тарқалган хабарларни ўқидим. Биз бу ҳолатни ҳуқуқ-тарғибот идораларига айтдик. Барибир охирига етади. Жараён менинг ўзимни назоратимда. Сиз қишлоққа зиё тарқатишга боргансиз. Албатта буни қадрига етган одам етади.

 

Қадрига етмаган одам барибир ўзини фарзандига ўзининг авлоди келажагига жабр қилади. Сизга ўхшаб фарзандини тил билишини хоҳлаган одам ундай иш қилмаслиги керак. Бу жудаям ахлоқсизлик, мен жуда ёмон баҳолайман бу ҳолатни”, дейди Зойир Мирзаев.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *