Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси Комил Алламжанов сўнгги кунларда Тошкент метрополитенида содир бўлаётган муаммолар ҳақида фикр билдирди.

“Дунёда олимлар маймунларнинг миясига чип ўрнатиб, ўйин ўйнашни ўргатишяпти.

 

Бизда эса битта метронинг сифатли ишлашини таъминлай олишмаяпти. Уч кундан бери фақат метро муҳокамада.

Умримда биринчи маротаба метро тўхтаб қолиб, уни шатакка олинганини кўришим. Яна оммага мурожaат қилиб, “тухмат қилмаларинг метро тўқнашди деб, у шунчаки бузилиб қолди, тухматга жазо бор-а”, деб дўқ уришади.

Йиллар давомида қўшнилар миллиардлаб доллар сарф қилиб, университет қурди, биз эса шу пулга футбол стадионию, форумлар саройларини қурдик. Уларда билим юртлари ривожланса, бизда стадион банкрот, саройлар деярли хувиллаб ётди.

Албатта, Президентимизнинг саъй-харакатлари билан бизда ҳам мактаблар, университетлар қуриляпти. Лекин анча вақтни бой бериб, бир авлодни йуқотиб қўйдик. Бу аҳволдан чиқишга йиллар ва кўплаб илмлилар керак.

Чунки, илм ва илмлиларгина бизни бу ботқоқликдан чиқара олади. Бошқа ҳеч қандай йўлни кўрмаяпман”, деган Комил Алламжанов.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкентда 8 апрель куни Сергели ерусти метросида поезд ярим йўлда тўхтаб қолиб, йўловчилар темир йўл бўйлаб пиёда юришга мажбур бўлгани, “Тошкент метрополитени” УК раҳбарияти воқеа жойида вазиятнинг сабабларини аниқлаётгани ҳақида хабар берилган эди.

Тўхтаб қолган метро йўналиши — Олмазор станциясидан Қипчоқ станциясигача бўлган оралиқда вақтинчалик автобус йўналиши ҳаракати йўлга қўйилган. “Тошкент метрополитени” УК матбуот хизмати Сергели йўналишидаги поездлар ҳаракати соат 16:45 да тикланганини маълум қилди.

Бундан ташқари, 9 апрель куни “Беруний” метро бекатида икки поезд тўқнашгани айтилган видео тарқалди. Тошкент метрополитенининг ҳолат бўйича расмий изоҳида таъкидланишича, аслида тўқнашув содир бўлмаган, балки поезд бошқа поезд ёрдамида шатакка олиб “Беруний” бекатига олиб келинган.

Яна бир ҳолат 10 апрель куни содир бўлиб, унда Тошкент метросида поезд очиқ эшик билан ҳаракатланган ва шунинг ортидан 3 киши ишдан олинган.

“Бунақа даҳшатни фақат триллер киноларда кўриш мумкин эди, аммо ўз ишига масъулиятсиз инсонларнинг касрига, минг афсуски, бизда бунақа ҳолатлар кундалик воқеага айланиб қолаётгандек. Ишқилиб охири бахайр бўлсин. Бунга жавоб берадиган бирор зот борми?”, деб ёзади бу ҳақида блогер Хушнудбек Худойбердиев.

Тошкент метрополитени мазкур ҳолатга изоҳ бериб, ёпилмаган эшик воқеаси бўйича суриштирув ишлари бошланганини маълум қилди. Яъни ҳар бир метро поездида локомотив эшик сигнализацияси мавжуд бўлиб, у поездларнинг очиқ эшиклари билан ҳаракатланишига йўл қўймайди. Бироқ эшикнинг ёпилишига сунъий халақит берилганида ёки ёпиш механизмига бирор буюм тушганида автоматик ёпилиш тизими ишламай қолади, чунки бу каби ҳолатларда эшикнинг пневматик магистрали ўчади.

“Вагонда фавқулодда ҳолатлар юзага келган тақдирда йўловчилардан ҳар бир вагонга ўрнатилган ‘йўловчи—машинист’ махсус алоқа мосламаси орқали машинистга хабар беришларини сўраймиз. Шунингдек, эшикларга суянмасликни ва автоматик ёпилиш вақтида уни ушлаб қолиб, ҳаракатга тўсқинлик қилмасликларини сўраб қоламиз. Автоматик эшикларни кўпинча йўловчилар вагонга сиқилиб кириш ёки кимгадир ёрдам беришда ушлаб қолади. Натижада поезд станцияда белгиланганидан узоқроқ қолиб кетиши мумкин”, дейилади хабарда.

“Тошкент метрополитени” раҳбарияти содир бўлган воқеа юзасидан кечирим сўраган ва ушбу ҳолат бўйича хизмат текшируви ўтказилаётгани, жумладан, вагон ва станциядаги видеоёзувлар ўрганилаётганини маълум қилган.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован.