12 апрель куни Сурхондарё вилояти Музработ туман суди биносида айни дамларда ҳибсда сақланаётган блогер – Отабек Сатторийнинг навбатдаги суди бўлиб ўтди. Жараёнларнинг қай даражада шаффоф эканлигини халққа кўрсатиш мақсадида Effect.uz ахборот агентлиги мухбири Сурхондарёда бўлиб турибди.

Суд мажлисида жабрланувчилардан бири, Денов тумани ФҲДЁ бўлими собиқ мудираси Насиба Норбоеванинг кўрсатмалари тингланди. Унинг маълум қилишича, ўтган йили Отабек Сатторий ижтимоий тармоқларда унинг қадр-қимматини ерга урадиган ва обрўсизлантирадиган ҳақоратли сўзлардан иборат видеолавҳа эълон қилган.

Отабек Сатторий бу даъво ёлғон экани ва у ўз видеолавҳасида Насиба Норбоеванинг қадр-қимматини ерга урадиган ва обрўсизлантирадиган ҳақоратли гаплар гапирмаганини билдирди. Томонларга судья, прокурор ва адвокатлар томонидан саволлар берилди.

Насиба Норбоева ўз кўрсатмаларида Отабек Сатторий моддий манфаатдорлик эвазига кимларнингдир буюртмаси билан уни обрўсизлантиришга уринганини даъво қилмоқда.

Фото: EFFECT.UZ

Отабек Сатторий эса унга ҳеч ким буюртма бермаганини, у коррупцияга қарши бўлгани учун ҳам Насиба Норбоеванинг ФҲДЁ мудираси бўлиб ишлаган даврида содир этган коррупцион ишларига қарши бўлганини ва видеолавҳани ҳам шу учун тайёрлаганини маълум қилди. У ўз сўзларини давом эттирар экан, ўкинч билан қуйидагиларни қўшимча қилди:

“Менинг катта  юрагим кичкина бўлиб қолди.  Турмада ўтириб, кундан – кунга сўниб боряпман.  Блогерларнинг асосий иши бу коррупцияга қарши кураш ҳисобланади. 

Президент сиёсатини қўллаб – қувватлаб, юрт ривожи ва равнақига ҳисса қўшишдир. Пора олганинни ўз оғзи билан айтиб турганлар қандай қилиб айтмадим дейди.  Мен ҳеч ким билан тил бириктирганим йўқ. 

Давлат хизматлари агентлиги менга пул бериб юрганмиш. Бир сўм бергани йўқ, берган бўлса қани, келиб ёнимда айтсин. Давлатимизни халқ боқади,  халқ бўлмаса, давлат ҳеч ким эмас. Блогерларга мурожаат қилиш шарт эмас,  улар фақат ўз муносабатини билдиради. 

Бирор нотўғри иш қилиб қўйсак, АОКАдан бирданига телефон бўлади.  Баъзан мажбур ўчирамиз.  Мен блогерман. Конституцияда ёзилгани каби эркин, жамиятдаги фаол фуқаролардан бириман.  Мен ҳеч кимга босим ҳам қилмаганман.  70 кун бўлди қамоқдаман. Тушунмаяпман, кимни ўлдирибман? Қайси давлат сирини сотибманки, мени  турмадаман. 

Ичимга чироқ ёқилса ёришмайди.  Мен умримда йиғламаганман. Аммо мени йиғлатишди.  Қамоқхонада мен ётган тўшакларни ҳеч кимга раво кўрмайман. 

Умуртқамдаги суякларгача санаб ўтирибман. Бу воқеалар уюштирилганлигини ҳаммангиз кўриб турибсизлар –ку, қамоқхона овқатлари яхшимас эди. Келганимдан сўнг, битта ариза ёздим, шароитлар тезда яхшиланди. Ҳамма маҳбуслар дуо қиляпти.  Бизга ичкаридаги муомала яхши!” – дейди Отабек Сатторий.

Унга адвокатлардан бири: “Сиз Денов тумани ФҲДЁ мудирасини аввал танимасдим дедингиз. Унда унинг коррупцион ишлари ҳақида сиз қаердан хабар топдингиз?» дея савол берди. Отабек Сатторий бу саволга: “Мен ўзимга маълумот етказган одамларни сотмайман”, дея жавоб берди. Савол такрор берилгач, у “Мени Худо йўллади”, деб жавоб берди.

Суд мажлисида аниқлик киритилишича, Насиба Норбоеванинг фаолияти юзасидан ўтказилган текширувда унинг коррупцион ҳаракатлари исботланмаган.

Шундан сўнг уй-жой қуриб сотиш билан шуғулланадиган МЧЖ раҳбари Тўлқин Шопўлатовдан кўрсатма олинди. Шопўлатовнинг маълум қилишича, Термиз шаҳар ҳокимининг босими остида у Отабек Сатторийга 235 миллион сўм эвазига аслида 700 миллион сўмдан ошиқ турадиган иккита квартирани нотариус орқали расмийлаштириб берган. Унинг даъво қилишича, Отабек Сатторий пулнинг қолганини тўлаб бериши ёки ўзи тўлаган 235 миллион сўм пулини қайтариб олиб, иккита квартирани қайтариб бериши керак.

Отабек Сатторий унинг даъвосига жавобан, иккита квартирани қонуний йўл билан нотариус орқали расмийлаштириб олганини маълум қилди. Суд мажлисига Термиз шаҳар ҳокими Исроил Худойбердиев ҳам кўрсатма бериш учун чақирилган.

Аммо у судга келмади. Шу сабабли судья ҳокимни кейинги суд мажлисига мажбурий келтириш ҳақида ажрим чиқарди. Суд иши 19 апрелгача танаффус эълон қилди.

Маълумот учун, Отабек Сатторийга нисбатан ЖКнинг 3 моддаси бўйича айбловлар қўйилган бўлса, суд жараёнида унга 8 та айблов қўйилган.

1: 2021 йилнинг 29 январь куни Шеробод тумани “Қўрғон” маҳалласида яшовчи тумандаги “Чинора Гул Барака” раҳбари Л.Тўраевнинг вилоят ИИБга берган аризасига биноан 30 январь куни вилоят ИИБ тезкор ходимлари томонидан Отабек Сатторийга нисбатан тезкор тадбир ўтказилган. Натижада Отабек Сатторий қиймати 5 миллион сўмлик Vivo-Х50 телефон аппаратини аризачидан олаётган вақтида қўлга олинган. 30 январь куни Отабек Сатторийга нисбатан Жиноят кодексининг 165-моддаси 1-қисми билан 220001-2021-1-сонли жиноят иши қўзғатилган;

2: Отабек Сатторий “Термизшаҳаргаз” таъминоти бўлимида “Суюлтирилган газ” хизмати бошлиғи бўлиб ишловчи Тўхтамиш Кўчаровни шаҳарнинг «Гулистон» маҳалласига суюлтирилган газ баллонларни аҳолига тарқатилиш ҳолати видео тасвирларини ижтимоий тармоқларда тарқатмаслик эвазига 1,5 миллион сўм беришини талаб қилган.

Шунингдек, “Ҳудудгазтаъминот” Сурхондарё вилояти филиали директор ўринбосари бўлиб ишловчи Ўткир Турдиевни “Ҳудудгазтаъминот” Сурхондарё вилояти филиалининг шаҳар ва туман бўлимларидаги аҳолига газ баллонлар тарқатилишида ва бошқа салбий ҳолатлар юзасидан тайёрланган видеороликларни ижтимоий тармоқларга тарқатмаслик эвазига 10 минг доллар беришини талаб қилган;

3: “Ҳудудгазтаъминот” Денов тумани бўлими ҳайдовчиси Ашур Худойқуловни туманнинг “Шаҳринав” маҳалласига суюлтирилган газ баллонларни аҳолига тарқатиш видеотасвирларини ижтимоий тармоқларда тарқатмаслик эвазига ундан 200 АҚШ доллари беришни талаб қилган;

4: “Ҳудудгазтаъминот” Бойсун тумани бўлими ҳайдовчиси Зокиржон Хурсановни туманнинг “Чилонзор” маҳалласига суюлтирилган газ баллонларни аҳолига тарқатаётган ҳолат видеоматериалларини ижтимоий тармоқларда тарқатмаслик эвазига ундан 200 АҚШ доллари сўрагани бўйича Отабек Сатторийга нисбатан Жиноят кодексининг 165-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилган;

5: Отабек Сатторий 2020 йилнинг июнь ойида Термиз шаҳар Истиқлол кўчасида кўп қаватли уйлар қурилишини амалга ошираётган “Термиз эко экспресс лойиҳа” раҳбари Тўлқин Шопўлатов ҳамда Термиз шаҳар ҳокими Исроил Худойбердиевдан, шаҳар ҳудудида ва қурилиш соҳасидаги салбий ҳолатларни видео тасвирга олиб, ижтимоий тармоқларга чиқариш билан таҳдид қилган. Онаси Х.Исломованинг номига расмийлаштирилган Термиз шаҳар, “Саломатлик” кўчаси, 1-уйдаги ва синглиси С.Сатторий номига расмийлаштирилган 1 А-уйларнинг бузилиши натижасида тўлаб берилган 234,8 миллион сўм пуллар эвазига шаҳар ҳудудидан янги қурилаётган кўп қаватли уйлардан 2 та (нархи 352 миллион сўм бўлган 2 хонали ва 431 миллион сўм бўлган 3 хонали) хонадонни расмийлаштириб беришни талаб қилган. “Термиз эко экспресс лойиҳа” томонидан Истиқлол кўчаси 6-уйдан 2 ва 3 хонали хонадонларни ўзининг номига расмийлаштиришга эришган;

6: Бу ҳолатда 245,1 миллион сўмни кўрсатилган хонадонлар учун МЧЖ ҳисоб рақамидан товламачилик йўли билан тўлов қилдирган ҳамда шартномада кўрсатилмаган 304 миллион сўм пулларни (жами 549,1 миллион сўм) эса шаҳар ҳокими И.Худойбердиев тўлашига мажбур қилган. Мазкур ҳолат юзасидан Сурхондарё вилоят ИИБ Тергов бошқармаси томонидан Отабек Сатторийга нисбатан қўзғатилган жиноят иши Жиноят кодексининг 165-модда 3-қисми “а” банди билан жиноий иш қўзғатилган;

7: Термиз шаҳрида жойлашган Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий амалий тиббиёт маркази Сурхондарё филиали кадрлар бўлими бошлиғи Мастона Аҳмедова билан аввалдан зиддиятда бўлиб келган, Сабоҳат Равшанова орқали Мастона Аҳмедовага нисбатан шарманда қилувчи сохта ҳамда асоссиз маълумотлар асосида видеоматериал тайёрлаган;

8: Давлат хизматлари агентлиги Денов тумани Фуқаролик ҳолатлари далолатномаларини ёзиш бўлими ходими Насиба Нарбоева билан аввалдан зиддиятда бўлиб вақтинча ишсиз, Саодат Воҳидова орқали Насиба Нарбоеванинг ўз хизмат бурчини бажариш билан боғлиқ вазиятда уни пора олганликда айблаган. Туҳмат ва ҳақоратдан иборат бўлган видеороликлар тайёрлаб, уларни Telegram мессенжери ва Facebook ижтимоий тармоғидаги “Халқ фикри” гуруҳ ва каналларига жойланган ҳолати юзасидан 24 февраль куни Отабек Сатторийга нисбатан Жиноят кодексининг 139-моддаси (туҳмат қилиш) 3-қисми “а” ва “г” бандлари ва 140-моддаси (ҳақорат қилиш)3-қисми “а” банди билан қўшимча айбловлар киритилган.

Мухбир: Даврон Ҳасанов

Оператор: Ойбек Тўраев

Матн муаллифи: Аброр Поёнов

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *