Шу кунларда Сурхондарё вилояти Термиз шаҳрида кураш бўйича Ал-Ҳаким Ат-Термизий хотирасига бағишланган анъанавий ХВ халқаро турнир ўтказилмоқда.

Халқаро турнирни бевосита кузатиб бориш учун Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари, Туризм ва спорт вазири Азиз Абдухакимов ҳамда Халқаро Кураш Ассоциацияси (ХКА) президенти, Осиё Олимпия Кенгашининг Осиё ўйинларини ташкил қилиш департаменти директори Ҳайдар Фармонлар Термиз шаҳрига етиб боришди ва мутасаддилар иштирокида матбуот анжумани ҳам ўтказилди.

Анжуман давомида Сурхондарё вилоятида 75 та курашга ихтисослашган мактаб ташкил этилиши маълум қилинди.

“Аждодларимиздан бизгача етиб келган кураш тарихи 3,5 минг йилга бориб тақалади. Бироқ, ушбу миллий спорт тури истиқлол йилларида жаҳонга юз тутди. Аввалига курашнинг замонавий қоидалари ишлаб чиқилди, у миллий халқ ўйинидан спорт тури даражасига кўтарилди, сўнгра Ўзбекистон кураш федерацияси ташкил этилди.

Қолаверса, кураш спортини халқаро майдонда танитиш йўлида саъй-ҳаракатлар бошлаб юборилди. Шу мақсадда мамлакатимизнинг турли ҳудудларида тарихий шахслар хотирасига бағишлаб Халқаро кураш турнирларини ўтказиш йўлга қўйилди. Бунга Бухорода Баҳовуддин Нақшбанд, Хивада Паҳлавон Маҳмуд, Шаҳрисабзда Амир Темур, Термизда эса Ал-Ҳаким Ат-Термизий хотирасига бағишланган турнирларни мисол келтириш мумкин.

Бу сафарги Халқаро турнир ҳам пандемия бўлишига қарамай давлатимиз раҳбари Шавкат Миромонович Мирзиёев раҳбарликларида ўтказилмоқда. Бу эса мамлакатимизда жисмоний тарбия ва спортни оммалаштириш ва ривожлантириш, аҳолининг саломатлик даражасини мустаҳкамлаш, қолаверса миллий спорт турларини жаҳонга олиб чиқиш ва улар воситасида миллий қадриятларимиз, урф-одатларимиз ва анъаналаримизни кенг тарғиб қилиш борасида салмоқли ишлар амалга оширилаётганлигининг исботидир”, – деди Азиз Абдухакимов.

Матбуот анжуманида Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов ҳам иштирок этди.

“Барчамизга яхши маълум Сурхондарё азал-азалдан курашчилар юрти ҳисобланади. Вилоятда мингга яқин мактаблар мавжуд. Шулардан, 75 тасини курашга ихтисослашган мактабга айлантириш режалаштирилган. Бунинг учун эса энг аввало янгидан ташкил топадиган кураш мактабларини кураш гиламлари билан таъминлашимиз лозим. Бундан ташқари, тажрибали мураббийларни жалб этган ҳолда, моддий-техника базасини ҳам яхшилашимиз керак”, деди Тўра Боболов.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *