Самарқанд вилоятининг Нуробод тумани Ўзбекистондаги чорвачиликка ихтисослашган кам сонли туманлардан бири ҳисобланади. Жорий йилнинг 6 апрель куни соат 16:00 ларда туман ҳокимлиги биноси ёнига қўйлар суруви ҳайдаб келинганлиги акс этган видеотасвирлар ижтимоий тармоқларда тарқалганлиги кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлаётганлигидан хабарингиз бор.

EFFECT.UZ ахборот агентлигига мазкур ҳудуднинг “Булоқбоши” МФЙ  “Сепки” қишлоғида истиқомат қилувчи бир гуруҳ  фуқаролардан  чорва молларини боқиш учун яйловларнинг нотўғри тақсимланиши ва айрим “зўравон”лар ўзбошимчалик билан ерларни эгаллаши ортидан қишлоқ аҳолиси кескин норозилик билдириб мурожаат йўллашди.

Жараёнларни холисона ёритиш мақсадида журналист Аъзам Хўжақулов “Сепки”га етиб борди ва оддий аҳолини мутасадди раҳбарлар (Эргашев Пардабой “Булоқбоши” МФЙ раиси, Комил Султонов Самарқанд вилояти Қоракўлчилик уюшмаси раиси, Мирзаев Эшқувват Самарқанд вилояти Қоракўлчилик уюшмаси вакили) билан учраштирди.

Аъзам Хўжақулов, журналист

Бизга маълум қилишларича, бу ҳудуддаги катта яйловга аслида бошқа жойда яшайдиган  “Қобил ҳожи”(мурожаатчилар шундай аташди) исмли киши  эгалик қилади ҳамда   “Сепки”ликларга тегишли яйловда маҳаллий қишлоқ вакилларининг мол боқишларига тўсқинлик қилиб, уларнинг норозиликларига сабабчи бўлмоқда.

“Бизга молларимизни боқиш жуда қийин бўляпти. Мурожаатларимиз туман миқёсида ҳал бўлмаяпти. Қишлоғимизда 600дан зиёд хонадон бор. Шунча одам ризқини қийиб, қаердандир келиб қолган “Қобил ҳожи” исмли шахсга 178 гектар ерни бериб юбориш қанчалик адолатли?” – дейди ўша ердаги фуқаролардан бири.

Статистик маълумотларга кўра, Қобил ҳожининг мингдан зиёд қўйлари бор. Аммо  маҳаллий аҳоли вакилларининг айтишича, аслида бу рақамлар 3 мингдан ортиқни ташкил этади.

“Яйловларимизга бошқа қишлоқ вакиллари эгалик қилиб, биз мол боқамиз десак, қўпол қилиб айтганда “сур” дейишяпти. Замон зўрники, пули кўпларники бўлиб қолдими? Нима қилайлик энди?” – дея қўшимча қилди яна бир мурожаатчи.

Узоқ тортишувли мунозаралардан сўнг, Самарқанд вилояти Қоракўлчилик уюшмаси раиси Комил Султонов охирги қарорни эълон қилиб, оддий халқ вакилларидан ечим учун 10 кун муҳлат сўради:

Комил Султонов

“Мен ҳам ачиниб кетяпман, аммо биз ҳам давлатимиз белгилаб берган қонунларга риоя қилган ҳолда ишлаймиз.  Эртага тобутимизни шу халқ кўтаради. Насиб қилса, менга ўн кун муҳлат берасизлар масалага ижобий ечим топамиз!” – деди Султонов.

Биз бу мурожаатга ҳали қайтамиз ва охирида қандай якун топганлиги тўғрисида сизларни хабардор қиламиз!

Мухбир: Аъзам Хўжақулов

Матн муаллифи: Аброр Поёнов

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован.