Бугун, 9 апрель куни Сурхондарё вилояти Термиз шаҳрига Effect.uz Ахборот агентлигининг мухбирлари Элёр Тожибоев ҳамда Акбар Нуримбетовлар етиб боришди.

Маълум бўлишича, Тожибоев ҳамда Нуримбетов  Сурхондарё вилояти прокуратурасида давом этган тергов жараёнларида ўз кўрсатмаларини берган.

Шундан сўнг, улар тилхат асосида қўйиб юборилиб, тергов жараёнида терговчи томонидан уларга ҳеч қандай тазйиқ ва босимлар ўтказилмаган.

Шунингдек мухбирлар терговда ўзларига  қўйилган айбловларни инкор этишган. Энди икки журналистга нисбатан суд жараёни бўлиб ўтиши кутилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ биринчи бўлиб,  Kun.uz интернет нашрида Effect.uz сайти ходимлари Термиз туман суди раисини пора олишда айблаб, лавҳа эълон қилиши юзасидан келиб тушган шикоятга асосан, сайтнинг икки нафар ходими жиноят ишида айбланувчи сифатида иштирок этишга жалб қилинганлиги ва сиртдан қамоққа олиш жазоси қўлланиши ҳақида хабар берган эди.

Шундан сўнг, Бош прокуратура ушбу иш юзасидан расмий баёнот билан чиқди.

Жорий йилнинг январь ойида “Effect.uz” сайтида ушбу сайтнинг ходимлари жиноят ишлари бўйича Термиз тумани суди раиси хизмат хонасига бостириб кириб, суд мажлисида иштирок этиш ва жараённи тасвирга олишни талаб қилишганлиги ҳақида видеоёзув чиқарилган.

Видеоёзувда қайд этилган ҳолатга ҳуқуқий баҳо бериш мақсадида Судьялар олий кенгаши раиси томонидан Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори номига тақдимнома киритилган.

Мазкур ҳолат юзасидан Сурхондарё вилояти Термиз тумани прокуратураси томонидан ўтказилган терговга қадар текширув натижаларига кўра, Жиноят кодексининг 236 ва 219-моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари Сурхондарё вилоят прокуратураси томонидан олиб борилган.

Олиб борилган тергов ҳаракатлари жараёнида жиноят ишига алоқадор бўлган “Effect.uz” ахборот агентлигининг 2 нафар мухбири ва 1 нафар аёл кўплаб маротаба тергов органига расман чақиртирилган бўлса-да, номаълум сабабларга кўра келишдан бўйин товлашган.

Шунга кўра, тергов давомида 2 нафар шахсга нисбатан ЖКнинг 219 ва 236-моддалари билан сиртдан айб эълон қилиниб, суднинг ажрими билан “қамоққа олиш” эҳтиёт чораси ҳамда 1 нафари (аёл) га ЖКнинг 139 ва 140-моддалари билан сиртдан айб эълон қилиниб, “муносиб хулқ-атворда бўлиш тўғрисида тилхат” тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган ва уларга нисбатан қидирув эълон қилинган.

Ўз навбатида, “Effect.uz” ахборот агентлигининг яна 1 нафар мухбири терговга қадар текширув ҳамда тергов ҳаракатлари жараёнларида чақиртирилган вақтда тергов органига етиб келган ва у билан боғлиқ тергов ҳаракатлари ўтказилган, худди шунингдек, у доимий равишда ўзининг конституциявий бурчини бажариши, чақирилган вақтга тергов органига етиб келишини билдирган.

Бироқ Effect.uz ходимлари нима учун тергов жараёнига бормаганларини етарлича далиллар билан асослаб беришди.

Элёр Тожибоев вилоят прокуратурасида терговчининг қонуний талабини бажариб, тергов жараёнига адвокат билан келишини таъкидлаб, прокуратура биносини тарк этган.

Айни вақтда Элёр Тожибоев коронавирус касаллигига чалинган, шу сабабли тергов жараёнида қатнашиш имкониятига эга эмас. Бироқ суднинг ажримига кўра журналист қидурувга берилган эди.

Шунингдек, прокуратура томонидан юборилган чақирув қоғозлари Элёр Тожибоевнинг шахсан ўзига етиб бормаган. Адвокатлик сўровига эса прокуратура шундай жавоб берган.

Навоийлик мухбир Акбар Нуримбетов эса прокуратуранинг тергови учун жалб қилинган вақтда соғлиғидаги муаммолар туфайли қатнаша олмаган.

Дастлабки чақирув қоғозига маъмурият томонидан унинг бетоблиги сабаб қилиб кўрсатилган.

Effect.uz маъмурияти Ахборот оммавий коммуникация агентлиги (АОКА), Бош прокуратура ва Сурхондарё вилояти прокуратурасидан мазкур ҳолат бўйича келиб чиққан тушунмовчиликлар юзасидан баёнот беришини ва мамлакатда олиб борилаётган Сўз эркинлиги йўлидаги ислоҳотларда иштирок этаётган холис журналистларга нисбатан бу каби ҳатти-ҳаракатлар ноўринлигини эслатиб ўтган эди.

Effect.uz Ахборот агентлигини қўллаб-қувватлаган ОАВ, блогерлар ҳамда обуначиларга ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован.