Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши кураш департаментининг Сурхондарё вилоят бошқармаси томонидан вилоят перинатал марказининг бош ҳисобчиси Т.А. ва унинг шериклари 741 миллион сўмдан ортиқ бюджет маблағларини талон-торож қилгани аниқланди. Бу ҳақда Сурхондарё вилояти прокуратураси матбуот хизмати хабар бермоқда.
Маълум бўлишича, Т.А. ҳамтовоқлари билан келишган ҳолда, 2019—2020 йиллар ва 2021 йилнинг 3 ойида марказда ишламайдиган 15 нафар фуқароларнинг номига уларнинг хабардорлигисиз банк пластик карталарини очиб, ушбу даврларда уларга ҳисобланган жами 741,4 миллион сўмдан ошиқ иш ҳақларини пластик карталарга тушириб, пулларни шахсий манфаатларига сарфлаб юборган.

Шунингдек, марказнинг бош ҳисобчиси жиноий йўл билан топилган 741,4 миллион сўмнинг келиб чиқиш манбаини яшириш мақсадида ушбу пулларнинг 72 миллион сўм миқдоридаги пулни ўз номига Lada XRay автомашинаси учун бошланғич тўлов сифатида ўтказиб, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштирган.
Мазкур ҳолат юзасидан вилоят перинатал марказнинг бош ҳисобчиси Т.А. ва бошқаларга нисбатан Жиноят кодексининг 167 моддаси 3 қисми «а» банди ( кўп миқдорда бюджет маблағларини ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилиш) ва 24 моддаси (жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован.