6 апрель куни Самарқанд вилоятининг Нуробод туманида истиқомат қилувчи фуқаролар томонидан маҳаллий ҳокимлик биноси ҳудудига қўйлар ҳайдаб келинганди.

Самарқанд вилояти ҳокимлигида Нуробод тумани сектор раҳбарлари иштирокида мазкур ҳолат юзасидан матбуот анжумани ўтказилди.

Фахриддин Зойиров, Нуробод туман ҳокими:

Туман асосан чорвачиликка ихтисослашган. Фермер хўжаликлари ва аҳоли ҳам асосан чорвачилик билан шуғулланади. Улар шу пайтгача туманда мавжуд яйловлардан фойдаланиб келган. Давлат раҳбари томонидан 2020 йил 2 сентябрда “Ўзбекистон Республикасида пиллачилик ва қоракўлчиликни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармон қабул қилингач, тумандаги 348,2 минг гектар яйлов ерлар Пиллачилик ва қоракўлчиликни ривожлантириш қўмитаси балансига берилди.

Ана шу ерлар “Самарқанд қоракўл кластер” (151 минг гектар) ҳамда “SP LUXE” (197, 2 минг гектар) кластер корхоналарига ажратиб берилган.

Бу корхоналар олдига ҳудудда чорвачиликни ривожлантириш, соҳага замонавий инновацияларни жалб қилиш, маҳсулотни қайта ишлаш ва экспорт қилиш, янги иш ўринлари яратиш каби вазифалар қўйилган.

Эндиликда аҳоли, фермер хўжаликлари мазкур кластер корхоналари билан шартнома асосида ишлашлари талаб этилади.

Бу мавжуд яйловлардан фойдаланиш, гўшт, тери, жун маҳсулотлари реализацияси, чорва наслини яхшилаш билан боғлиқ бўлиши мумкин.

Туман ҳокимлиги олдига қўй суруви ҳайдаб келинган “Қиличли” маҳалласи ҳудудида ҳам “Соҳибкор Ҳожиакбар” фермер хўжалиги кластер корхонаси билан шартнома имзолаб, 1440 бош чорвасини боқиш учун 837 гектар яйлов ер майдонини 49 йилга ижарага олган.

Аммо фермер ўзи учун ажратилган ерга кўрсатилганидан кўп миқдорда, яна 1000 бошдан зиёд қўй олиб келиб боққани ва бу чорва моллари аҳоли яйлов сифатида фойдаланиб келаётган ерларга ўтиб кетиши мумкинлиги сабабли фуқаролар бундан норози сифатида ана шу қўй сурувини ҳокимлик биноси олдига ҳайдаб келган.

Шу куннинг ўзида кластер корхонаси таъсисчиси, фермер хўжалиги ва аҳоли билан ушбу масала юзасидан гаплашиб, фермернинг белгиланганидан ортиқча чорваси бу ердан чиқариб юборилди.

Шунингдек, маҳалла ҳудудида яна 2-3 та фермер масъулияти чекланган жамият тарзида корхона ташкил этиб, уларга аҳоли аъзо бўлиши ва кластер билан шартнома асосида иш олиб боришга келишиб олинди”.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *