Ўзбекистон Профессионал Футбол Лигаси директори вазифасини бажарувчи Диёр Имомхўжаев яқинда «Навбаҳор» – «Пахтакор» (1:2) учрашувидан сўнг юз берган хунук ишлар ҳақида фикрларини ёзиб қолдирди.

EFFECT.UZ

“Қабиҳ сўзларни эшитаётганимизга икки кун тўлди. Жамоам бунга муносиб эмас. Ҳакамлик учун ким жавобгар ўзи демайман, футбол ташкилоти билан телевидение машинаси фарқига бормаётганларга нимани тушунтириш мумкин?

Хунук иш Навбаҳор — Пахтакор ўйинидагина бўлмади. Ҳеч бир сабабсиз Наманганда Сўғдиёна, Насаф клубларига қарши ўйинларда ҳам стадионга нарсалар отилганди. Тезлик учун жарима ошганида аюҳаннос соладиган кишилар бўлади, аслида тезликни оширмаганлик учун жарима йўқ. Клуб огоҳлантирилганда аюҳаннос солганларга ҳам шу гап. Афсуски, йил бошидан буён бундай хунук ишлар Намангандан бошқа ерда кузатилмади.

Жарима ёки қарорларни биз ўйлаб топаётганимиз йўқ. ОФК ҳам, УЕФА ҳам, ФИФА ҳам шундай ишлайди. Буни билиш учун албатта халқаро майдонда ўйнаш шарт эмас. Биз истардик Навбаҳор халқаро аренада Ўзбекистон номидан иштирок этишини.

Адолатни нафақат сиз, балки биз ҳам талаб қилишни биламиз.

Биз стадион тўлаётганидан албатта хурсандмиз. Шунинг учун ҳеч қачон ўтмаган кубок финалларини Наманганда ўтказяпмиз. Терманинг халқаро ўйинлари Наманганга берилди. Бунинг жавобини ҳам кўряпмиз. Шундан кейин ким расмий ўйинни сизга ишонади? Халқаро ҳакамни шу кўйга солмаслигингизга ким кафолат беради? Агар стадион фақатгина шундай кишилар билан тўлса ва сиз футболни кимгадир миннат қилиб томоша қилсангиз, яхшиси тўхтатинг. Бизга инсонлар керак, ким нима деса оғиб кетадиганлар эмас. Бари- бир тўла стадион пули тўлиқ касса қилинаётгани йўқ. Чунки кассага ишонилса, Ганага қарши ўйинини ҳам 20 минг эмас, 13 минг киши кузатган, сиз ҳақиқатни шундай масалаларда аввал талаб қилинг.

Наманганлик дўстларимиз, наманганлик адекват инсонларимиз билан доим биргамиз, ишонамизки, улар биздан хафа бўлишмайди. Бироқ бугун телевидение ходимлари Наманганда футбол учрашувларини олишдан ҳайиқиб қолишди, уларнинг кўпчилиги Наманганга бормоқчи эмас. Аслида эса Навбаҳор мухлисларининг асл гўзаллигини ҳам ўша телевидение бутун дунёга кўз-кўз қилганди. Футбол ҳакамлари Наманганга бормоқчи эмаслар. Чунки уларнинг ҳам ўз оиласи бор, улар ҳам кимнингдир отаси, фарзанди. Биз ҳам ўз комиссарларимиз ҳаёти, хавфсизлиги учун жавобгармиз. Япониялик рефери бутун бир миллат жамоасининг тоза голини инобатга олмаган кунларда ҳам ҳакамни қувлаган ёки унга тош отган эмасмиз, афсуски бугунгилар орасида мана шундайлари ҳам бор.

Фикримни ҳақорат ила кўп сўрашибди: ҳакам тўғри ва яхши ишлади! Пахтакорнинг Металлургга қарши ўйинида эса нотўғри ишлади, бунинг жавобини беряпти. Агар Норсафаров дипломат бўлганида, 11 метрлик жарима бермасди. Биз эса ундан дипломат бўлишни эмас, профессионал бўлишни талаб қиляпмиз. Гапим кимгадир ёқиши шарт эмас. Ўзи ҳаммасини кўриб турибди. Ҳақоратлар учун чин дилдан хафаман, ҳайф сиздек тарбиясиз кишиларга» -деди Диёр Имомхўжаев.

Аввалроқ, «Навбаҳор» нинг 7 нафар мухлиси жавобгарликка тортилгани ҳақида хабар берилган эди.

Ўйиндаги қизиқ жиҳати шуки, 90 дақиқада «Навбаҳор» дарвозасига пенальти берилиши натижасида мухлисларнинг норозилигига сабаб бўлган эди.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *