Адлия вазирлиги ҳузуридаги Интеллектуал мулк агентлиги ишчи гуруҳи томонидан ўтказилган «Контрафактсиз ой» ойлиги давомида республика миқёсида бозорлар, йирик савдо мажмуалари ва кўчма савдо нуқталарида контрафакт маҳсулотлар айланмасига қарши курашиш бўйича профилактика тадбирлари олиб борилди. Бу ҳақда “Халқ сўзи Online” хабар бермоқда.

Таъкидланишича, ҳозирда ишчи гуруҳ томонидан кунига 100 дан ортиқ контрафакт маҳсулотлар аниқланмоқда.

Бугунги кунга келиб, ишчи гуруҳ томонидан аниқланган контрафакт маҳсулотларнинг сони 2 мингдан ошиб кетган.

Ушбу аниқланган контрафакт маҳсулотларнинг ҳар бири агентлик экспертлари томонидан ўрганилиб, босқичма-босқич уларнинг ишлаб чиқарувчиларига нисбатан ҳуқуқбузарлик даражасидан келиб чиққан ҳолда огоҳнома, тақдимнома, маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома каби таъсир чоралар қўлланилмоқда.

Жумладан, ҳозирги кунга қадар 400 дан ортиқ ҳолат бўйича контрафакт маҳсулот ишлаб чиқараётган ноҳалол тадбиркорлик субъектларининг шахси аниқланиб, шулардан 74 та тадбиркорлик субъекти раҳбарларига нисбатан аниқланган қонун бузилишлар, уларга имкон берувчи сабаб ва шарт-шароитларни бартараф этиш ҳақида кўриб чиқилиши мажбурий бўлган тақдимномалар киритилган.

Шунингдек, қонунчиликни бузиш орқали маъмурий жавобгарликка сабаб бўладиган ҳолатлар юзасидан 41 та тадбиркорлик субъекти раҳбарларига нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг тегишли моддалари билан маъмурий жавобгарлик тўғрисида баённомалар расмийлаштирилиб, маъмурий жавобгарлик масаласини кўриб чиқишлик учун судларга юборилган.

Хусусан, ижтимоий тармоқларда тарқалган Sraft Foods Rus (Россия) масъулияти чекланган жамиятига тегишли Alpen Gold жамланма товар белгили маҳсулотининг Aybon Gold номли контрафакт нусхаси Max-Elite МЧЖ томонидан ишлаб чиқариб келинган.

Ҳолат бўйича жамият раҳбарига тегишли тушунтириш ва огоҳлантириш ишлари олиб борилиши натижасида контрафакт маҳсулот ишлаб чиқариш тўхтатилишига эришилган.

Бундан ташқари, мазкур тадбирлар жараёнида 300 дан ортиқ ишлаб чиқарувчиси номаълум бўлган сохта маҳсулотлар ҳам аниқланди.

Жумладан, Германиянинг Adidas AG компаниясига тегишли Adidas товар белгили маҳсулотининг Abibas каби контрафакт нусхалари аниқланган.

Ишлаб чиқарувчисини топиш ва чора кўриш учун “хуфиёна иқтисодиёт” шаклланишининг ҳолатларини аниқлаш бўйича чоралар кўриш, яширин ишлаб чиқариш, контрафакт маҳсулотларни ишлаб чиқариш фаолиятига чек қўйиш бўйича ваколатли давлат органи – Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментига тақдим этилган.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *