Бугун 8 апрель куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида тадбиркорликни ривожлантириш ва жорий йилда аҳоли бандлигини таъминлаш дастури ижроси бўйича видеоселектор йиғилиши бўлиб o’tganidan хабарингиз бор.

Президент ушбу йиғилиш кун тартибига кўпдан бери тайёргарлик қилиниб, вилоят, туман, шаҳар ҳокимларининг фаолияти ўрганилгани, натижада бу масалада муаммолар тўпланиб қолганини кескин танқид қилди.

Очиғини айтсак, ҳамма ҳокимлар, айниқса, қуйи поғонадаги раҳбарлар ўтган йил қанча қийналганимизни яхши билади. Агар тадбиркорлар бизни қўллаб-қувватламаганда, уларга енгиллик бериш бўйича қарорлар чиқармаганимизда бу натижалар бўлармиди? Тарихимизда бўлмаган учта “дафтар”нинг натижасини ҳам тадбиркорлар қилиб беради. Мана шуларни раҳбарлар дарров эсидан чиқариб қўйди. Вилоят, туман, шаҳар сектор раҳбарлари, сизлар сиёсатни тушунмаяпсизлар. Бугундан бошлаб жуда қаттиқ назорат бўлади, худди 2020 йилдагига ўхшаб ўзим жиловни маҳкам ушлайман. Бугун биринчи поғона раҳбарларни ишдан олаяпман, агар чорак якуни бўйича натижа бўлмаса вилоят раҳбарларини ҳам ишдан бўшатаман. Оғир даврда яшаяпмиз, бизга кўп нарса боғлиқ. Ҳозирги Ўзбекистонда кўп қарорлар қоғозда қолиб кетаяпти. Мана шуни бажарадиган тизимни яратиб, ўзимизни қийнаб, ҳар куни изланиш, интилиш ва пировард мақсадга ишлаш бўлмаса, натижа бўлмайди,” – деди Шавкат Мирзиёев.

Президент кўп жойларда коррупция, порахўрлик тадбиркорга кишан бўлаётгани, агар улар бўлмаса соҳа яхши ривожланишини таъкидлади.

“Туман ва шаҳар ҳокимлари бир нарсани билиши керак: тадбиркорни қўллаб-қувватламасак, уларга шароит яратмасак, тадбиркорни кўпайтирмасак маҳаллий бюджет бўлмайди-ку, иш ўринлари яратилмайди-ку?! Вилоят ҳокимлари қаттиққўл бўлмаяпти, улар ҳеч кимни ишдан олмаяпти. Вилоят биринчи раҳбарларини яна бир бор огоҳлантираман: сизларга барча ваколат берилган. Уч ойда ўзгариш бўлмаса биринчи раҳбарларни ишдан оламан. Шунинг учун яна бир марта айтаман: тадбиркор, тадбиркор, тадбиркор. Кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватламаслик – бугунги сиёсатга хиёнат”.

Аввал хабар қилинганидек, видеоселекторда соҳада йўл қўйган камчиликлари учун Қашқадарё вилояти ҳокими З. Мирзаевга, вилоят прокурори, ички ишлар бошқармаси бошлиғига, шунингдек, Навоий вилояти ҳокими Қ. Турсунов ва вилоят прокурорига ҳайфсан берилди.

Қашқадарё вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари, солиқ бошқармаси бошлиғи, марказий банк бошқармаси бошлиғи, Навоий вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари, марказий банк бошқармаси бошлиғи ва солиқ бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари лавозимидан озод этилди.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *