Сирдарё вилояти Сардоба туманида истиқомат қилувчи фуқаро Баҳром Беркинов ўзини қийнаб келаётган бир нечта муаммоларга ечим топиш мақсадида Effect.uz ахборот агентлигига мурожаат қилди.

Маълум бўлишича, Баҳром Беркинов 2016 йилдан бери “оққон” хасталиги билан оғриб, шифохонада мунтазам даволаниб келади. Аммо қарийб 5 йилдирки, нафақага чиқолмайди ва давлат томонидан аслида берилиши керак бўлган имкониятлардан “сунъий” равишда тўсиқлар қўйилаётганлиги туфайли фойдаланолмайди. Effect.uz сайтида “CCB ва прокуратура диққатига: Коррупция аломатлари ёхуд оққонга чалинган бемордан пул сўраб, сарсон қилишмоқда…” сарлавҳаси остида видео ва мақола эълон қилинганидан бир неча соатлар ўтиб, тезкорлик билан Сирдарё вилояти ҳокимлигининг расмий муносабати эълон қилинди:

“Сардоба тумани фуқароси Баҳром Асатович Беркиновнинг Сардоба тумани тиббиёт бирлашмаси фуқароларга соғлиғи бўйича ногиронлик бериш тизимидаги коррупцион ҳолатлар бўйича билдирган мурожаати белгиланган тартибда ўрганиб чиқилмоқда.

Ўрганиш ишлари вилоят ҳокимлиги ҳамда вилоят прокуратураси томонидан назоратга олинган. Ўрганиш натижаси бўйича яқин муддатда қўшимча ахборот берилади!” – дейилади расмий муносабатда.

Биз эса ушбу ҳолат адолатли равишда кўриб чиқилиб, тез орада ушбу мурожаат ўз ечимини топишига ишонамиз!

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован.